Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:44

Тожикистонда келин ва куёв ишга олинмас бўлди


Тожикистон президенти ҳузуридаги Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши кураш агентлиги раиси Абдуфаттоҳ Саидов ўз идорасига келин ёки куёвини ишга олган мулозим вазифасидан бўшатилишини билдирди.
Тожикистон президенти ҳузуридаги Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши кураш агентлиги раиси Абдуфаттоҳ Саидов ўз идорасига келин ёки куёвини ишга олган мулозим вазифасидан бўшатилишини билдирди.

Тожикистонда давлат мулозимларининг ўзи раҳбарлик қилаётган идорага келини ёки куёвини ишга олиши тақиқланди.


Мамлакат парламенти вакилларининг бу таклифи республика “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги қонунига киритилди.

Тожикистон президенти ҳузуридаги Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши кураш агентлиги раиси Абдуфаттоҳ Саидовнинг билдиришича, қонунга бўйсунмаган давлат мулозими вазифасидан бўшатилади.

Расмийга кўра, давлат идораларида қариндош-уруғларни ишга жойлаш ҳаракатларининг олдини олиш билан республика ўз халқаро мажбуриятларини бажарган бўлади. Шунингдек, Саидовнинг таъкидича, давлат ва шахсий манфаатлар ўртасидаги тўқнашувларга чек қўйилади.

- Келин ва куёв энг яқин кишилар ҳисобланади. Аввалги қонунимизда қудалар назарда тутилган эди. Лекин агар келин ва куёв бўлмаса, қуда қаердан пайдо бўлади, - дейди Тожикистон президенти ҳузуридаги Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши кураш агентлиги раиси Абдуфаттоҳ Саидов.

Мулозимнинг билдиришича, давлат идораларида “коррупциянинг бир шакли саналган” қариндош-уруғчилик ва ошна-оғайнигарчилик ҳолатларининг кўпайиши жамиятда норозилик потенциалини пайдо қилмоқда.

“Шу сабабдан, - дея сўзида давом этади тожик расмийси Саидов, - қонунга бундай ўзгартиш киритилиши ва бу йўналишда давлат фуқаролик институтлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиши давр талабидир”.

Тожик депутатларининг қонун кучини олган бу таклифини кўпчилик тожикистонликлар олқишлаётгани кузатилади.

Бироқ мустақил таҳлилчилар мамлакатда қонуннинг ижроси таъминланишига шубҳа қилмоқдалар.

Давлат идораларига қудалар қаторида келин ва куёвни ишга жалб қилишга ҳуқуқий чек қўйилган айни пайтда, таҳлилчиларга кўра, бу иллат негизи давлат юқори лавозимидаги раҳбарлар ва ҳатто президентгача бориб тақалади.

Мустақил таҳлилчи Ражаб Мирзо президент Имомали Раҳмоннинг қудалари – Энергетика ва саноат вазири Шерали Гул ҳамда Темир йўл давлат унитар корхонаси раиси Омонулло Ҳукуматулло ҳамда президентнинг куёви, Молия вазири муовини Жамолиддин Нуралиев ва унинг қайноғаси, “Ориёнбанк” раиси Ҳасан Асадуллозодага ишора қилар экан, қонуннинг амалда иш беришига шубҳа қилишини айтади.

- Давлат юқори лавозимидаги бу шахслар қариндош-уруғининг нуфузи, таъсири ҳақида оммавий ахборот воситалари, турли расмий тадбирлар ва одамлар орасида гап-сўзлар кўп. Агар давлат мулозимлари ҳақиқатан ҳам бу йўналишда бирор янгилик қилмоқчи бўлсалар, менимча, буни аввал ўзларидан, яъни юқоридан бошлашлари лозимдир, - дейди мустақил таҳлилчи Ражаб Мирзо.

Тожикистон парламенти қуйи палатаси раиси Шукуржон Зуҳуров мулоҳазасича, “халқ ким ҳалол меҳнати билан ёки аксинча ким бошқа йўллар билан яшаётганини яхши билади”. Парламент спикери ўз яқинларини давлат идораларига жойлаётган бирорта мулозимнинг номини тилга олмади, аммо бунинг оқибати яхшиликка олиб бормаслигини қайд этди.

- Биз “халқ билмайди” деб ўйлаган кўпгина нарсаларни аксинча, яхши билади. Халққа ҳамма нарса кундек ойдин. Бирор нарсани ундан яшириб бўлмайди. Ким қандай топаяпти, нималар билан банд, меҳнати ҳалолми ёки аксинча - ҳаммасини яхши билади, - деди парламент қуйи палатаси раиси Шукуржон Зуҳуров.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Форбс журнали коррупция энг ривожланган ўнта мамлакат рўйхатини эълон қилганди. Transparency International ташкилоти маълумотларига асосланиб тузилган “энг ёмон ўнлик” рўйхатга Тожикистон ҳам киритилганди.

Тожикистонда давлатнинг юқори идораларидан пастки қатламларигача томир отган коррупция, мустақил кузатувчилар фикрича, оддий аҳоли тирикчилигига қаттиқ зарба бермоқда.
XS
SM
MD
LG