Линклар

Жаҳон аҳолиси 7 миллиардга етмоқда. Ўзбекистон демографик истиқболлари қандай?


Ўзбекистонда демографик муаммо туғилишларнинг кўплиги эмас, ижтимоий вазият билан боғлиқ, дейди аҳолишунос.

Ўзбекистонда демографик муаммо туғилишларнинг кўплиги эмас, ижтимоий вазият билан боғлиқ, дейди аҳолишунос.

Октябрнинг 31 куни жаҳон аҳолиси 7 миллиардга етади. Ер куррасининг 7 миллиардинчи кишиси туғилиши кутилаётгани билан биргаликда яқин ўн йилликлар ичида дунёнинг кўплаб мамлакатларида демографик мумаммолар ечими мушкуллашиб бориши ҳам башорат қилинмоқда. Баъзи мамлакатлар, масалан Россияда аҳоли нуфузи пасайиб кетиши хавотирларга сабаб бўлаётган бўлса, бошқа мамлакатларда, масалан, Хитой, Ҳиндистон, Шри Ланка кабиларда бунинг акси, аҳоли сонининг ошиб кетаётгани ташвишларни уйғотмоқда. Мутахассисларга кўра, Ўзбекистонда ҳам ўзига яраша демографик қийинчиликлар бор. Лекин кейинги йилларда расмийлар кўраётган ғайриоддий чоралар вазиятни янада мураккаблаштириши мумкин, дея огоҳлантирмоқда улар.


Ер куррасининг 7 миллиардинчи кишиси, БМТ Аҳолишунослик идорасига кўра, 2011 йил 31 октябр куни дунёга келиши керак. Жаҳон аҳолисининг кўпайиб бораётгани баъзи мамлакатларга ривожланиш учун янги имкониятларни очса, бошқа мамлакатлар учун жиддий муаммоларни туғдиради.

Хусусан, Хитой ёки Ҳиндистон каби мамлакатлар, иқтисодлари тез суръатларда ошиб бораётганига қарамасдан, аҳоли нуфузининг иқтисодга нисбатан номутаносиб равишда ошиб бораётгани бу давлатлар юз тутган асосий муаммо ҳисобланади.

Бошқа томондан аҳоли сонининг камайиб кетаётганидан ташвишланаётган мамлакатлар ҳам бор. Масалан, Россия аҳолиси кейиги 20 йил давомида қарийб 8 миллионга камайиб кетган ва БМТ аҳолишунослари бундай давом этса, 2050 йилга келиб Россия ўзининг 140 миллионлик аҳолисидан учдан бир қисмидан ажралиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Ўзбекистонда ҳам ўзига яраша демографик муаммолар бор, дейди мутахассислар. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигида ишлайлиган демограф олим Озодлик билан суҳбатда бу муаммаони “ижтимоий-демографик, деб атаган бўлар эдим”, дейди. Исми сир қолишини истаган мутахссиснинг айтишича, Ўзбекистонда бугун вужудга келган вазият 1970 йилларда Ўзбекистон ССР расмийларининг собиқ иттифоқнинг бошқа республикалари орасида мамлакат аҳоли нуфузини кўтариш ҳаракатлари сабабчидир. 1960 йилда 6 миллионда аранг ошган аҳоли, 1980 йилда 15 миллион, 2000 йилда 25 миллионга етди, дейди мутахассис.

Расмий маълумотларга кўра, бугун Ўзбекистон аҳолиси 28 миллион 200 мингга яқинни ташкил қилади. БМТ 2000 йилда чиқарган ҳисоб-китобга кўра, ўсиш суръати шу даражада сақланиб қоладиган бўлса, 2025 йилга келиб Ўзбекистон аҳолиси 50 миллионга етиши мумкин.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассиси аҳоли ўсиш суръати нисбатан назоратга олинган бўлса-да, муаммо ҳал этилганича йўқ, дейди.

2007 йилда Ўзбекистонда 480 минг нафарга яқин чақалоқ туғилган бўлса, 2008 йилда бу кўрсаткич 500 мингга, 2009 йилда эса 650 мингга чиқиб кетган. 2010 йилда ҳам бу кўрсаткич камида 650-700 минг атрофида бўлади, дейди суҳбатдошимиз.

Мутахассисга кўра, Ўзбекистондаги демографик муаммо ижтимоий вазиятнинг аянчлилиги билан боғлиқдир. Агар аҳолининг ижтимоий таъминоти тизими яхши йўлга қўйилганда эди, “демографик муаммо ҳам бўлмас эди” дейди мутахассис. Унинг фикрича, Ўзбекистоннинг иқтисодий қийинчиликлари, бу мамлакатнинг яқин келажакда ижтимоий давлат бўла олиш истиқболларини йўққа чиқарган. Аҳолишунос олим, миллионлаб ўзбекистонликларнинг мамлакат ташқарисида мардикорлик қилаётгани сабабларидан бири ҳам “ижтимоий омилдан келиб чиққан демографик муаммодир” дейди.

Уч фарзанднинг онаси 45 ёшли Гулнора опа ҳам Ўзбекистондаги қийинчиликлар боис Россияга меҳнат муҳожири бўлиб кетган.

- Энди ҳозирги шароитни биласизку. Бизда ҳозир масалан ўзим ўқитувчиман олий маълумотли. Оилада олти фарзанд бўлсак, ҳаммамиз олий маълумотли ўқитувчи. Ҳаммамиз мактабда ишлардик. Бир йилдан бери мен Россиядаман. Сабаб, мақсад нима? Фарзандларни уйли-жойли қилиш, бизнинг топаëтган ойлигимиз, нима десам рўзғорда етишмовчилик кўп демоқчиманда. Чунки фарзандлар катта бўлгандан кейин ташвиши ҳам катта бўладику. Уларни уйли-жойли қилишимиз керак. Бизнинг топганимиз фақат ейиш-ичишга етаяптида. Тўй қилишга ëки уй қуришга етмайди барибир, дейди 45 Гулнроа опа.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида ишлайдиган демограф олим, миллионлаб ўзбекистонликларнинг Россияда меҳнат қилаётгани узоқ муддатда сиёсий муаммоларни ҳам келтириб чиқариши мумкинлигидан огоҳлантиради.

Бундан ташқари, унинг айтишича, расмийлар аҳоли ўсишини назорат қилишнинг ғайроддий чораларини кўраётгани вазиятни янада мураккаблаштириши мумкин. Мутахассис сўнгги йилларда аёлларга мажбурий тарзда бачадон ичи воситаси қўйилаётгани ва айниқса, уларнинг стерилизация қилинаётгани келажакда оқибатлари бўлишидан огоҳлантиради.

“Масалан, Хитойнинг бир бола сиёсатини биласиз, бу сиёсат 80-90 йиларда туғилишларнинг камайишига олиб келган бўсла-да, бугун Хитой бошқа муаммоларга юз тутмоқда. Бири аҳолининг катта ёшдаги қисми кўпайиб кетмоқда, иккинчси хитойликлар ўғил кўришни афзал кўргани учун, уйланиш ёшига етиб қолган йигитларга қаллиқ топилиши масаласи катта муаммога айланди”, дейди мутахассис.

Ўзбекларнинг ҳам қиздан кўра ўғилни афзал кўриши инобатга олинса, келажакда жиддий вазият юзага келиши мумкин, дедйи мутахассис.

Суҳбатдошимиз, Ўзбекистон демографик тарихидан келиб чиқиб, аёлларни мажбуран бичиш билан туғилишлар суръатини жиловлаб бўлмайди ва бу соат механизмини ишга тушириш билан баробар, дейди. Чунки бугун 28 миллиондан ошган аҳолининг катта қисми 70 – 80 йилларда туғилганлар, яъни репродуктив ёки уйланиш ёшида бўлганлардан иборатдир. “Ўзбек оилаларида икки ёки уч нафар бола кўриш одати сақланиб қолгани инобатга олинса, бу ёғи геометрик прогрессия қонуниятига кўра, ошиб кетаверади”, дейди мутахассис. Бунинг ўрнига аҳоли орасида оилани режалаштириш усулларини тарғиб қилиш керак, дея тавсия қилади у.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG