Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:35

Тимошенкога яна бир жиноий иш очилди


Юлия Тимошенко.
Юлия Тимошенко.

7 йилга қамалган собиқ Бош вазир энди 405 миллион долларнинг йўқолиши учун жавоб беради.

Украина хавфсизлик хизмати мамлакат собиқ Бош вазири Юлия Тимошенкога қарши яна бир жиноий иш қўзғади.

Бу гал Тимошенкога у 90-йилларда “Украина ягона энерготизими” давлат ширкатига президентлик қилган давр билан боғлиқ айб қўйилмоқда.

Украина Хавфсизлик хизмати қошидаги Тергов бошқармаси раҳбари Иван Деревянконинг билдиришича¸ мазкур ширкат Тимошенко раҳбарлиги пайтида Россия Мудофаа вазирлигига 405 миллион доллар қарз бўлиб қолган ва эндиликда Тимошенко ушбу қарзнинг қандай ва қаерга оширилгани бўйича жавоб беради.

- Ҳозирда тергов жараëни бормоқда ва шу боис мен сизларга иш боғлиқ тафсилотлар¸ айниқса бу жиноий ишда келтирилаëтган далил-исботларни келтира олмайман. Аммо тергов жараëнида Тимошенкога қарши расман шундай айб қўйиш учун етарли далил-исбот топилганини айтишим мумкин¸ деди Украина Хавфсизлик хизмати Тегов бошқармаси раҳбари 13 октябр куни журналистларга.

Деревянкога кўра¸ 90-йилларда Тимошенко “Украина ягона энерготизими” ширкатининг нафақат президенти¸ амалда унинг эгаси ҳам бўлган.

Хавфсизлик расмийсининг билдиришича¸ айни 405 миллион долларнинг йўқолиши юзасидан Украинанинг 90-йиллар охиридаги Бош вазири¸ ҳозирда АҚШ қамоғида сақланаëтган Павло Лазаренкога қарши порахўрлик ва давлат мулкини талон-тарож қилиш айби бўйича жиноий иш очилган.

Тимошенкога қарши янги жиноий иш¸ собиқ Бош вазир 2009 йилда Россия билан газ келишувини имзолаш жараëнида ўз ваколатини суистеъмол қилганликда айбдор деб топилиб¸ 7 йиллик қамоққа ҳукм қилинган 12 октябрнинг эртасига очилган.

Тимошенконинг қамалишини кескин танқид қилган Европа Иттифоқи бу ҳукмнинг Украина-ЕИ муносабатларига жиддий путур етказишидан огоҳлантирди.

Тимошенконинг янги жиноятларда айблаëнганига муносабат билдирган ЕИ матбуот котиби Майкл Манн¸ бу жараëнни ўта хавотирли дея баҳолади.

- Бу жуда ташвишли. Биз Тимошенко устидан ҳукм чиқиши билан ўз муносабатимизни очиқ-ойдин баëн қилдик. Шунингдек¸ ЕИ нинг Ташқи сиëсат бўйича олий намояндаси Эштон хоним чоршанба куни Европа Парламентида қилган чиқишида¸ бу маҳкаманинг халқаро талаблар даражасида ўтказилмаганини таъкидлади. Ҳозирги Киев ҳукумати Тимошенко хоним Бош вазир бўлган даврда ишлаганларга қарши ўта чекланган адолатни қарор топтирмоқчидек кўринади. Агар шундай бўлса¸ бу жуда хавотирли жараëн¸ деди ЕИ матбуот котиби Озодлик мухбири билан суҳбатда.

Тимошенконинг қамалиши ва унга қарши янги айблар қўйилишига муносабат билдирган АҚШ Давлат департаменти бу маҳкама Киев жорий ҳукуматининг демократия ва инсон ҳақлари борасидаги ўз мажбуриятларини бажаришига нисбатан жиддий шубҳа туғдирганини билдирди.

Айни пайтда Amnesty International халқаро инсон ҳақлари гуруҳи Тимошенкони сиëсий маҳбус деб топди ва Киев раҳбариятидан уни зудлик билан озод этишга сўради.

Бу танқидларга муносабат билдирган Украина Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Олег Волошин¸ бундай халқаро танқиднинг кутилган экани ва танқидий баëнотлар Украинани Европа Иттифоқида кўришни истмаëтган кучлардан чиқаëтганини таъкидлади.

Украина ҳозирги президенти Виктор Януковичнинг ашаддий рақибларидан бири ва 204 йилги "Зарғалдоқ инқилоби" етакчиларидан бири бўлган Тимошенконинг¸ айнан Янукович мухолифи бўлгани учун жазолангани айтилмоқда.

Тимошенко устидан ўтказилган маҳкама боис халқаро майдонда кескин танқид ëмғири остида қолган Янукович¸ Украина қонунчилигига Тимошенкони озодликка чиқаришга йўл очувчи ўзгартишлар киритилишини маъқуллашини билдирди.
XS
SM
MD
LG