Линклар

АҚШ ва Эрон расмийлари бевосита сўзлашди


АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Виктория Нуланд.

АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Виктория Нуланд.

АҚШ Давлат департаменти Қўшма Штатлар расмийлари Саудия Арабистонининг Вашингтондаги элчиси Одил ал-Жубайрга қарши фош қилинган суиқасд режаси борасидаги иддао хусусида Эрон расмийлари билан “бевосита мулоқот”да бўлганини билдирди.

Вашингтонда ўтказилган матбуот анжуманида Давлат департаменти матбуот котиби Виктория Нуланд Эрон расмийлари билан мулоқот чоршанба куни бўлиб ўтганини маълум қилди. Бироқ у мулоқот тафсилоти ҳақида ҳеч нарса айтмади.

Эрон фитнага алоқадор экани ҳақидаги иддаони рад қилиб, бу фитна Эрон ва қўшни давлатлар ўртасида кескинлик келтириб чиқариш мақсадида ўйлаб топилганини билдирди.

Пайшанба куни воқеага илк бор муносабат билдирган АҚШ Президенти Барак Обама Эронга нисбатан “қаттиқ санкциялар” қўллаш йўлларини излашини айтди.

- Биз ҳамма иттифоқчиларимиз, халқаро жамоатчилик билан мулоқотда бўлдик. Биз уларнинг олдига фактларни қўйдик. Улар таҳлил қилиб чиққанидан сўнг нима бўлгани хусусида бахс бўлмайди деб ўйлаймиз, - деди АҚШ президенти.

Обама Қўшма Штатлар Эронга нисбатан ҳар қандай чора қўллаши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмади.

Сешанба куни АҚШ расмийлари Эроннинг хавфсизлик хизматига алоқадор бўлган икки шахс томонидан Саудия Арабистонининг Вашингтондаги элчисига қарши суиқасд уюштириш режаси фош қилинганини эълон қилган эди.

Фитна уюштирмоқчи бўлган шахслардан бири ўтган ой АҚШда қўлга олинган. Иккинчиси Эронда экани тахмин қилинмоқда.
XS
SM
MD
LG