Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:10

Обама: АҚШ Эронга нисбатан ҳар қандай чора қўллаши мумкин


АҚШ Президенти Барак Обама.
АҚШ Президенти Барак Обама.

АҚШ Давлат департаменти Қўшма Штатлар расмийлари Саудия Арабистонининг Вашингтондаги элчисига қарши уюштирилиши фош қилинган суиқасд режаси борасидаги иддао хусусида Эрон расмийлари билан “бевосита мулоқот”да бўлганини билдирди.


Вашингтонда ўтказилган матбуот анжуманида Давлат департаменти матбуот котиби Виктория Нуланд Эрон расмийлари билан мулоқот чоршанба куни бўлиб ўтганини маълум қилди.

Бироқ Нуланд мулоқот тафсилотлари ҳақида ҳеч нарса айтмади.

Пайшанба куни воқеага илк бор муносабат билдирган АҚШ Президенти Барак Обама Эронга нисбатан “қаттиқ санкциялар” қўллаш йўлларини излашини айтди.

Обама фитна учун Эрон ҳукуматининг “энг юқори даражадаги” расмийлари жавоб бериши кераклигини таъкидлади.

- Биз ҳамма иттифоқчиларимиз, халқаро жамоатчилик билан мулоқотда бўлдик. Биз уларнинг олдига фактларни қўйдик. Улар таҳлил қилиб чиққанидан сўнг нима бўлгани хусусида бахс бўлмайди деб ўйлаймиз, - деди АҚШ президенти.

Обама Қўшма Штатлар Эронга нисбатан ҳар қандай чора қўллаши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмади.

Жанубий Корея Президенти Ли Мён Бак билан учрашувдан кейин Оқ уйда ўтказилган матбуот анжуманида сўзлаган АҚШ раҳбари икки шахс Саудия Арабистони элчисига суиқасд уюштиришга урингани ва бу фитнага Теҳроннинг алоқадорлиги ҳақидаги иддаолар далиллар билан исботланишини таъкидлади.

- Биз (Арбобсиёр) Эрон ҳукуматидаги шахсларга бевосита алоқадор бўлгани, улар томонидан молия билан таъминлангани ва кўрсатма олганини ҳам биламиз. Барча фактлар батафсил ўрганилмоқда. Агар иддаоларни фактлар билан тасдиқлай олмаганимизда айблов эълон қилмаган бўлар эдик,- деди АҚШ раҳбари.

Сешанба куни АҚШ расмийлари Эроннинг хавфсизлик хизматига алоқадор бўлган икки шахс томонидан Саудия Арабистонининг Вашингтондаги элчисига қарши суиқасд уюштириш режаси фош қилинганини эълон қилди.

АҚШ Бош прокурори Эрик Ҳолдер икки шахс, яъни, АҚШ фуқаролигини олган ва Эрон паспортига ҳам эга бўлган 56 яшар Мансур Арбобсиёр ҳамда Эрондаги Исломий инқилоб посбонлари корпусининг Қудс кучлари аъзоси Ғулом Шакурий “қотиллар ёллаб, халқаро қотиллик содир этиш”да айбланаётганини маълум қилди.

АҚШ расмийларига кўра, Арбобсиёр сентябр ойида АҚШда қўлга олинган. Шакурий эса Эронда экани тахмин қилинмоқда.

АҚШ Молия вазирлиги Саудия Арабистонининг АҚШдаги элчисига қарши фош этилган суиқасд режасига алоқадор бўлган Эроннинг махсус кучларини ташиган авиаширкатга нисбатан санкция жорий қилди. Вазирлик маълумотига кўра, Mahan Air авиаширкати Ливаннинг Ҳизбуллоҳ гуруҳи ва Эрондаги Қудс ҳарбий қисмининг аъзоларини Яқин Шарқ минтақаси бўйлаб ташиган.

13 октябр куни АҚШ Молия вазири ўринбосари Дэвид Коен АҚШ Сенати қўмитасида қилган чиқишида Эронни молиявий жиҳатдан яккалаб қўйиш учун АҚШ Молия вазирлиги томонидан Эрон Марказий банкига нисбатан қўшимча санкциялар қўллаш масаласи кўрилаётганини маълум қилди.

Саудия Арабистони ҳам Эронга нисбатан “қатъий чоралар” кўриш муҳокама қилинаётганини билдирди.

Эрон фитнага алоқадор экани ҳақидаги иддаоларни рад қилиб, бу фитна Эрон ва қўшни давлатлар ўртасида кескинлик келтириб чиқариш мақсадида ўйлаб топилганини билдирди.

Айни пайтда Эрондаги расмий ахборот агентиклари хабарига кўра, АҚШнинг иддаоларига “кескин” норозилик билдириш учун Америка манфаатларини ҳимоя қилувчи Швейцария элчиси Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилган.

Эрон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Али Аҳани Саудия Арабистонини АҚШнинг иддаоларига ишониб “қопқонга тушмасликка” чақирган. Аҳани Яқин Шарқ давлатлари “муносабатларидаги ҳар қандай беқарорлик”дан фақат АҚШ ва Исроил манфаат кўришини қўшимча қилган.
XS
SM
MD
LG