Линклар

logo-print
Ўш фожеаларида уйи ва бор мулкини йўқотган ҳамда бундан бир ярим йил олдин Швецияга бориб, сиёсий бошпана сўраган ўшлик 35 ёшли Равшан Тиллабоев Қирғизистонга депортация қилиниши мумкин.

Бу ҳақда Озодликнинг Швециядаги ўз манбаларидан олинган маълумотга кўра, Тиллабоевни душанба куни ўз юртига қайтариш қарори қабул қилинган.

- Менга Ўш фожеаларида сен қатнашмагансан, бунга етарли ҳужжатларинг йўқ, дейишди. Ҳозир мени ҳеч бир ҳужжатсиз Қирғизистонга қайтаришмоқчи. Мен юртимга қайтаришса, аэропортдан омон чиқа олишимга ҳам ишонмайман, - деди Озодлик билан суҳбатда Тиллабоевнинг ўзи.

У ва унинг рафиқаси сўнгги бир йил ичида бир неча бор, бошпана сўраб ариза киритган ва рад жавобини олган. Тиллабоевга кўра, тегишли ҳамма ҳужжатлар тақдим қилинган.

Навбатдаги рад жавоби устидан шикоят аризаси киритгани боис Тиллабоев ўзининг депортация қилиниши қонунга зид, деб билишини айтмоқда.

Озодликнинг ўз манбаларига кўра, шу вақтга қадар 2010 йилнинг июн ойида содир бўлган Ўш қирғини ва ундан сўнг ҳуқуқ-тартибот идораларининг ноқонуний тазйиқларидан қочиб, Швецияга борган ўнлаб қочқин юртига қайтариб юборилган.

Айни кезда Озодлик улардан яна бирига айланиши мумкин бўлган Равшан Тиллабоев вазиятига доир маълумотларни ўрганиш ва Швеция мутасадди идораларидан бу борада изоҳ олишга уринмоқда.
XS
SM
MD
LG