Линклар

Тошкентда бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилди

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистон расмийлари мамлакатда миллионлаб иш ўринлари ташкил қилинаётганини айтаётганига қарамасадан, хорижда мардикорлик қилаётган ўзбеклар сони камаймаётир.

Ўзбекистон расмийлари мамлакатда миллионлаб иш ўринлари ташкил қилинаётганини айтаётганига қарамасадан, хорижда мардикорлик қилаётган ўзбеклар сони камаймаётир.

Интерконтинетал меҳмонхонасида 14 октябр куни 50 дан ортиқ ширкат ва корхоналар тошкентликларга бўш иш ўринлари таклиф қилди.


Ярмарка ташкилотчиларидан бири, Superjob.uz Интернет порталининг ўзини таништирмаган ходимига кўра, ярмаркада 50дан ортиқ компаниялар ва корхоналар иштирок этган. Бундан ташқари Ўзбекистон Меҳнат ва ижтимоий вазирлигининг Тошкент шаҳридаги меҳнат биржалари ҳам бўш иш ўринлари билан қатнашди.

Озодлик радиоси “Тошкент ишга таклиф этади” ярмаркасини ўз тингловчилари ёрдамида кузатди.

Тошкентлик 45 ёшли Адҳам Жўраевнинг айтишича, ярмарка очилишига 200 нафарга яқин одам йиғилди. Бироқ ярмарка очилганидан сўнг, оддий иш ўринлари жуда кам эканлиги аён бўлди, дейди тошкентлик тингловчимиз:

- Энди таклифлар кўп. Асосан шу ерда юрганлар ëшлар. Ишга таклиф қилаëтганларнинг кўпи возрастной ёшни белгилаб қўйишаяпти, 25 дан 40 гача. Умуман олганда жами бўлиб қанча вакансия предлагат қилаëтганлиги тўғрисида аниқлаш имкони бўлмади. Чунки у ерда масалан сваршик требуется дейди, бу ëқда компютершик требуется, биолог требуется дейди.

Энди ойлигини сўрасам, “Зарплата неговорим” деди. Ишга олгандан кейин буларнинг талабларига нима қилса, кейин таклиф қилса керакда фалонча ойлик бўлади деб,- дейди Адҳам Жўраев.

Ярмаркага иш исзлаб келган яна бир тошкентлик, 42 ёшли Абдураҳмон Содиқов ҳам таклиф қилинаётган ишларнинг маоши аниқ айтилмаётгани одамни ўйлантириб қўяди, дейди:

- Ойликлар бу ерда жуда очиқ конкретниймас. Бу ерда биласизми ўзингизнинг ишлаган касбингизга боғлиқ. Бу ерда менежер бўласиз, дизайнер бўласиз, рекламний агент бўласиз. Ўшанақа бўлиб юриб икки-уч ой кимдир ўша бўйича пул топа олади, кимдир икки-уч ой ўша ерда юриб бўшаб кетади эплай олмай. Ойлик олиш учун ишхонангиз берган товарни магазинларга ўтказа билиш керак, уговорит қилиб. Ўшанга қараб ҳақ тўланади,- дейди Абдураҳмон Содиқов.

А. Жўраев эса ярмаркада бирор шахс билан конкрет иш шартномаси тузилмаётгани, ишга таклиф қилинганлар фақат анкета тўлдириш билан чекланаётганини айтади:

- Аниқ бир шартнома тузаётганини кўрмадим. Агар кимгадир қайси бир иш ўрни маъқул тушган бўлса, анкета тўлдириб, ўзини электрон почтасининг манзилини ёзиб қўяяпти. Бўлди тамом. Агар унинг анкетадаги даннийлари иш берувчига тўғрик келса, балки чақириши мумкиндир, бўлмаса йўқ,- дейди иш изловчи.

А. Содиқов “Nestle” компанияси таклиф қилган ишга жойлашишга уринаётганини айтади:

- Мен ҳозир “Nestle” компаниясидан иш сўрадим. У ерда надувной станок бор. Баклашкани надуват қиладиган. Ҳозирча ойликлар тўғрисида айтмади. Лекин тўлдирдим бланкасини. Мен ишлаганман. Пивзаводда шу касб бўйича, тўлдириб бердим. Бутун линияда ишлашни биламан, дедим. “Ўзимиз телефон қиламиз. Кейин чақирамиз. Лекин ëшингиз катта бўлиб қолганку. У ерда ëшлар ишлайдику” дейишди,- дейди суҳбатдошимиз.

Бу ширкатдан ҳам иш ҳақи ҳақида аниқ маълумот ололмагач, А. Содиқов бошқа корхоналар таклиф қилаётган ҳайдовчи ўрнига қизиқиб кўрди. Лекин, дейди у, таклиф этилаётган шартлари ҳаммага ҳам тўғри келмайди:

- 400-500 минг сўм маошга ҳайдовчилик бор экан, фақат ўзини шахсий мошинаси бўлса дебди, бу менга тўғри келмади, чнуки мошинам йўқ,- дейди А. Содиқов.

Ишсиз тошкентлик ярмаркани яна кузатар экан, у ерда студентларнинг кўплиги диққатини тортганини айтади:

- Асосан ëшлар лекин. Студентлардан сўраб қолган эдим. “Бизларбоп ишлар йўқ экан” дейишди. Чунки улар контракт пулини ҳам тўлаши керакда. Ўшаларнинг иш қидириб юрганлари кўп бўлди,- дейди А. Содиқов.

Икки соат давомида ярмаркани кузатган А. Содиқов, “оддий касб эгаси учун иш ўрни тополмадим” деган хулосага келганини айтади:

- Оддий халқ учун бу ердан иш топишнинг имкони йўқ. Фақат дизайнер, инженер программист, инженер-химик, маркетинг сотувчи ва ҳоказо. Ва албатта бу ишларга опит бўлиши керак, ўша направление бўйича. Мардикор бозорда юрадиган одам учун иш йўқ бу ерда,- дейди А. Содиқов.

Тошкентлик иш изловчи А. Жўраев ўзига муносиб иш тополмаган бўлса ҳам, бу ярмарка ёшларда қизиқиш уйғотганидан хурсанд бўлганини айтади:

- Ҳар ҳолда ëшлар қизиқиш уйғотди. Ҳақиқатан боришди. Анча-мунча ëшлар борди. Мени хурсанд қилган томони Европа миллатига мансуб бўладиган бўлса, ўзимизнинг ўзбек болалар ҳам кўринди, руслар ҳам, бошқа миллатлар ҳам кўринди. Ишқилиб мен ўйладимки, демак бу нарсага ҳақиқатан булар қанақадир ишонч билан боришганда. Эҳтимол битта-яримтаси жойини топар. Умуман олганда, билмадим энди буларнинг ойлигини айтмагандан кейин бир нарса дейиш қийин,- дейди Адҳам Жўраев.

Ишсизлик Ўзбекистондаги асосий ижтимоий муаммолардан бири ҳисобланади. Собиқ иттифоқ пайтида ишлаб турган катта корхоналарнинг аксарияти бугун тўхтаб қолгани ёки кам қувват билан ишлаётгани айтилади.

Ҳукумат ҳар йили миллионлаб иш жойлари ташкил қилинаётгани ва мамлакатда ишсизлар ярим фоиздан камроқ эканини айтиб келса-да, бу ўз касби бўйича иш тополмай ёки маошнинг жуда озлиги сабаб бугун миллионлаб ўзбекистонликлар хорижда мардикорлик қилади. Уларнинг асосий қисми МДҲнинг Россия, Қозоғистон ва бошқа давлатларида ишлайдилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG