Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:48

Москва вилоятида яна бир ўзбекистонлик террорчиликда айбланмоқда


Фаррух Ботировнинг паспорти йўқлогани ҳақидаги гувоҳнома.
Фаррух Ботировнинг паспорти йўқлогани ҳақидаги гувоҳнома.

Москва вилоятида Тошкент сўровига кўра экстремизм ва террорчиликда гумон қилинаётган Ўзбекистон фуқароси қўлга олинди. Интерпол ҳибсга олган 32 ёшли Фаррух Ботиров Тошкентда портлашлар уюштириш ва давлат тузумини ағдаришга уринган ноқонуний ташкилотларга алоқадорликда айбланиб, халқаро қидирувга берилган.


12 октябрга ўтар кечаси Москва вилояти Солнечногорск тумани Трусово қишлоғи ёнидаги Антей посёлкасидаги дала ҳовлиларидан бирида Россия ИИБсининг Экстремизмга қарши кураш маркази ва Интерпол ҳамкорликда ўтказган махсус амалиёт натижасида террорчиликка алоқадорликда гумон қилинаётган Ўзбекистон фуқароси ҳибсга олинди.

"Фаррух Ботиров ҳақиқатан яқингача халқаро қидирувда бўлган. Айтишим мумкинки, унинг ҳатти-ҳаракатлари мамлакатимиз миллий хавфсизлигига хавф туғдирган", Lifenews нашри Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жиноий қидирув департаменти раҳбари Леонид Титов сўзларидан иқтибос келтирди.

Интерпол ходимларининг маълум қилишича, Қашқадарё вилоятининг Ғузор тумани Батош қишлоғидан бўлган 32 ёшли Фаррух Ботиров “ноқонуний экстремистик ташкилотга аъзоликда ҳамда Тошкент ва бошқа йирик шаҳарларда портлашлар уюштиришга уринганликда” айбланиб, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан халқаро қидирувга берилган.

Интерпол Миллий марказий бюроси ходими Роман Гордиенко Озодлик билан суҳбатда ҳибсга олинган Ўзбекистон фуқаросини экстрадиция қилиш масаласи кўриб чиқилаётганини маълум қилди.

- Махсус амалиёт давомида Ўзбекистон сўрови асосида биз ҳақиқатан бу мамлакат фуқаросини ҳибсга олдик. У Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 159, 244/1 ва 244/2 моддалари бўйича айбланиб, қидирувга берилган. Яъни у “Конституциявий тузумга тажовуз қилиш”, “Жамоат хавфсизлиги ва тартибига таҳдид қилувчи материалларни тайёрлаш ва тарқатиш", “Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш”, каби қатор жиноятларда айбланмоқда. У экстрадиция қилинадими ёки бошқа чора қўлланиладими, буниси ҳозирча номаълум,- деди терговни олиб бораётган Интерпол ходими Р. Гордиенко.

Интерполдан олинган маълумотларга кўра, Ф. Ботиров Москва шаҳрида узоқ вақтдан бери расман қайдда турган, аммо оператив ходимлар уни анчадан буён ҳибсга ололмасдан келган. У Антей посёлкасидаги дўстининг олдига келганида махсус гуруҳ томонидан қўлга олинган.

Полиция ходимларига кўра Ф. Ботиров уйланган, икки нафар фарзанди бор.

Бу иш билан қизиқаётган Москвадаги “Фуқаровий кўмак” ташкилотининг Марказий-осиёлик қочқинларга кўмак дастури раҳбари Елена Рябинина Ф. Ботиров Ўзбекистон сўрови асосида таъқиб қилинаётган кўплаб ўзбекистонликлардан биридир, дейди.

- Афтидан, бу биз шуғулланишимиз керак бўлган иш. Чунки “ўзбек ишлари”да 159 ва 244 моддалари бўйича айбланаётганлар аслида бегуноҳ эканини юз фоиз ишонч билан айтиш мумкин. Бундай ҳодиса биринчи марта учраётгани йўқ, афсуски охиргиси ҳам эмас, деб ўйлайман. Масалан, Москвадан Тожикистонга яширинча олиб чиқилган ва ҳозирда Душанбе тергов изоляторида сақланаётган Муроджон Абдулҳақов Страсбург судининг Россияга қайтарилиши тўғрисида чиқарган қарорига қарамасдан, Ўзбекистонга бериб юборилиши хавфи остида қолмоқда,- дейди ҳуқуқ фаоли Елена Рябинина.

Рябинина хоним Ф. Ботировнинг ҳибсга олинишида Россия махсус хизматларидан ташқари Ўзбекистон хавфсизлик хизматлари ходимлари ҳам иштирок этганига шубҳа қилмаслигини қўшимча қилди.

Озодлик 11 октябр куни Новосибирскда “нурчилар” ташкилотига аъзоликда айбланиб ҳибсга олинган асли бухоролик Россия фуқароларига нисбатан жинойи қўзғатилгани ҳақида хабар берган эди.
XS
SM
MD
LG