Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:16

Ўзига ўт қўймоқчи бўлган шовотлик фермер ҳибсга олинди


Маҳаллий ҳоким ва прокурорнинг порахўрлиги ҳақида турли идораларга шикоят қилган шовотлик фермер Сафаргул Қурязова Ўзбекистон Жиноят кодексининг 219-моддаcи, яъни ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга фаол қаршилик қилганликда айбланмоқда.


Хоразм вилоятининг Шовот туманидаги “Зубайда Нуржонова” фермер хўжалиги раҳбари Сафаргул Қурязова 13 октябрь куни милиция ходимлари томонидан ҳибсга олинди. Сафаргул Қурязованинг қизи Холиданинг айтишича, ойиси айни пахта терими қизиб турган пайтда туман ҳокимлигига чақиртирилган:

- Ҳокимиятга чақирган-да соат 7га, “ҳоким сиз билан учрашмоқчи” деб. Дадам билан ойим пахта топширишга заводга кетган. Кейин ҳокимиятга боришган. Туман ҳокимлигида машина ичкарига кирмайдию ташқарида туради. Мошинадан тушиб, ичкарига сал юргандан кейин олдидан учта одам чиқиб гражданский формада машинага тиқиб олиб кетган. Дадам билмаган қаерга кетаяпти, нима бўлаяпти. Бораман дегунча кетиб юборган,- дейди Холида Қурязова.

Саккиз йилдан буён фермерлик қилиб келаётган С. Қурязова Шовот туманининг собиқ ҳокими Бозорбой Ёқубовга, туман прокурори ҳамда милиция бошлиғига шоли экиш учун ер ажратиб бермагани учун таъқибга учраб келгани ҳақида Озодликка гапириб берган эди. С. Қурязова устидан очилган жиноят иши уч йилдан буён еттита маҳкамада кўрилди ва бу маҳкама охирига етмади. Тошкентга ҳақиқат излаб келган С. Қурязова Президент девонидан ҳам қониқарли жавоб ололмагач мустақиллик майдонида ўзига ўт қўйишга қарор қилган эди:

- Мен келиб ҳақиқатан ҳам шу гап-сўзларни ëзиб, президент аппаратига кириб, президент номига ëзиб, ўзим курашишга мажбур бўлдим. Девондан чиққач ҳақиқатан шундай иш қилмоқчи эдим. Ўзимни ëқишга, ўлишга тайëр эдимда. Жонимдан тўйиб кетдим. Оилам хўрланиб қолди, қизларим, ўғилларим хўрланиб қолди. Мажбур бўлдим. Мен уч йилдан бери пора берсам ҳам ҳақиқат топа олмадим. Жиноятим бўлмаса ҳам амнистияга рози бўлишга мажбур қилишди.

Ўзим ëмон бўлиб мустақиллик майдонида ўтирган эдим шунақа қиламан деб. Ўзимда гугурт бор эди. Соляркага пахтани булғадимда, оғир аҳволда ўтирганимда президент аппарати томондан бир одам чиқиб “Нимага йиғлаяпсиз ойи? Нима бўлаяпти?” деди. Унга гапира олмадим. Аслида у мени ушлаб бу ëққа олиб келди,- деган эди Сафаргул Қурязова Озодлик билан суҳбатда.

Фермер аёл ишини кузатаётган Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг айтишича, Шовот туманининг собиқ ҳокими устидан ҳозир жиноят иши қўзғатилган бўлса-да, пора олишга алоқадор бўлган туман прокурори айни пайтда катта лавозимга кўтарилиб кетган. С. Қурязованинг очиқда қолиши эса, кўп сирларнинг сув юзига қалқиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин ва шунинг учун ҳам унинг қамалишидан манфаатдор бўлган кучлар бор:

- Албатта, бунинг тагида бошқа сабаблар бор. Мана шу кўп амалдорлар, милиция ходимлари, уларнинг раҳбарлари, прокуратура органлари жуда хавфсираб турибдида. Булардан ҳозир ҳамма нарса чиқиб кетса, буларнинг ҳам иши жавобгарликка тортилишини билади. Масалан бу судя Сафаргулнинг айби йўқлигини жуда яхши ўрганган. У жиноят иши қўлида. Агар бунинг жинояти хавфли бўлганда эди, аллақачон ҳибсга олдирар эди. Лекин бу бориб келиб юрган. Озодликда бўлган. Ўзининг фермерлик ишини қилиб, судга чақирилганда бориб юрган. Лекин суд жараëни чўзилиб кетаверган. Мақсад нуқтанинг қўйиб бўлинмаслигида. Нуқта қўйилса, жиноят очилиб қолади. Фермерларга тазйиқлар, улардан пора ундириш ҳоллари очилиб кетиши мумкин,- дейди Суръат Икромов.

С. Қурязованинг ўзи Озодлик мухбирига ҳоким, прокурор ва милиция бошлиғи учлигининг жиноятлари ҳақида кўп нарсалар билишини айтган эди:

- Кейинчалик ҳоким биздан ер сўради шоли экишга. Прокурор 5 гектар сўради, началник милиция 5 гектар сўради, шундай қилиб ҳоким учаласи 20 гектар ер сўради. 20 гектар ерни лазер шоли экишга берасан деб талаб қилдида. Шоли экадиган бўлсам, пахта режаларини бажара олмаслигимни билдимда, пахта экиб юбордим. Кейин келишмасдан қолдик,- деган эди фермер Озодлик билан 6 октябрдаги суҳбатда.

Озодлик радиоси Сафаргул Қурязованинг ҳозир қаерда эканлигини суриштирди. Шовот туман ички ишлар бўлими навбатчиси айни пайтда Сафаргул Қурязова Урганч шаҳридаги вақтинча сақлаш изоляторида сақланаётганини айтди. Урганч шаҳар ички ишлар бўлими навбатчиси эса уларда бу ҳақда маълумот йўқлигини билдирди.

Озодлик фермернинг тақдирини кузатишда давом этади.
XS
SM
MD
LG