Линклар

logo-print

Тожикистонда ҳам пахтакордан пахта азиз

  • Гулнора Равшан

Tajikistan - Girls works in cotton field, Khujand, 01Oct2009

Tajikistan - Girls works in cotton field, Khujand, 01Oct2009

Маҳаллий ҳокимият расмийси билан пахта режаси устида тортишган тожикистонлик ўз жонига қасд қилди.

- Толибжон “гуп” этиб ерга йиқилди. Пичоқни суғуриб олгандим, қон фонтан бўлиб отилди. Шунчалик қаттиқ дод, дедимки еру-осмон ларзага келди гўё. Ҳамма қочиб кетди, Гулов ҳам, ўт ўчирувчилар ҳам қочиб кетишди. Ҳовлининг ўртасида бир ўзим ва қонга беланган болам қолдик,- дейди ўша мудҳиш кечани эслаб, Шаҳринав туманлик Ҳабиба Тўраева.

Онахоннинг айтишича, воқеа 30 сентябр тунда, унинг “Янги йўл” қишлоғидаги ҳовлисида рўй берган.

Ҳабибахон аянинг уйига кириб борган Шаҳринав туман ҳокимияти вакили Қурбонали Гулов ва “Селбур” қишлоқ раиси Абдусаттор Қорахонов оила бекасининг айтишича, пахтани вақтида топширмагани учун уни ҳақоратлаган. Бу ҳам етмагандай ҳукумат мулозими Гулов, ўт ўчирувчиларни чақиртириб, бу оилага 5000 сомоний ёки тахминан 1037 АҚШ доллар миқдорида жарима солдирган.

65 ёшли Ҳабиба ая ҳукумат мулозимлари оёғи тагига йиқилиб, раҳм қилишларини сўраган, ёлворган. Бунча катта пулни тўлай олмаслигини айтган. Аммо ҳукумат вакиллари қароридан қайтиш ўрнига аёлга қўшиб ўғилларини ҳам ҳақоратлаган.

Онасининг хўрланганига бардош бера олмаган 37 ёшли ўғли Толибжон ўз жонига қасд қилганини айтади аёл.

- Бошимиздан кўп қийинчиликлар ўтди. Отаси қийин пайтда оламдан ўтди, ҳеч нарсамиз йўқ эди, пулимиз, заҳирамиз йўқ эди. Иккита хлеб билан кун кўрганмиз. Ўша пайтда ҳам тушкунликка тушмаган. Шунчаларга бардош берган бола келиб ўзидан ўзи шундай иш қиладими, бир жабр ўтмаса? Шу даражагача бизни хўрлашди, ҳақиқатдан хўрлашди, - дейди Ҳабибахон ая.

Ўша воқеада кўп қон йўқотган Толибжонни Турсунзода туман шифокорлари уч соат давомида жарроҳлик қилиб, ҳаётини сақлаб қолганлар.

Эндиликда оёққа турган Толибжон ва онаси Ҳабибахон ая Шаҳринав туман ҳуқуқ идораларидан ўз ҳақ ҳуқуқларини ҳимоялашни сўрамоқда.

Аснода Шаҳринав туман ҳукумат расмийси Қурбонали Гулов ва “Селбур” қишлоқ раиси Абдусаттор Қорахонов ўзларига нисбатан айбловлар тўқима эканини айтмоқдалар.

- Бу йил бизнинг туманимиз уч минг тонна пахта бериши керак. Шу уч минг тонна планга шу пахта ҳам киради. ( Ҳабибахон аянинг оиласи етиштирган уч тонна пахта назарда тутилаяпти,таҳр,.). Ҳаммасини пахта эккан вақтида рўйхатга олганмиз. Ана шу важдан биз бориб, “пахтани топширинглар” дедик. Сизлаб гапирдик, бирортасини “сен” лаганимиз йўқ. “Олиб бориб топшираман”, деб ваъда беришди. Лекин кечки пайт уйларига борсак, ҳали пахтани юкламаган экан. Мен шахсан у ерда Толибжонни кўрганим йўқ, сўкканим ҳам йўқ, - деди “Селбур” қишлоқ раиси Абдусаттор Қорахонов.

Ҳабибахон аянинг қўшнилари Толибжоннинг ўз жонига қасд қилишига туртки бўлган асосий омил, ҳукумат вакили Гуловнинг ўт ўчирувчиларни чақиртиргани бўлганини айтади.

Бироқ Шаҳринав туман ҳукумат расмийси Қурбонали Гулов эса ўт ўчирувчилар ўша баҳс майдонига тасодифан келиб қолганини айтди.

- Ўт ўчирувчилар ўша қишлоққа ойлик режа асосида келиб қолди. Улар аҳоли орасида тушунтириш ишлари олиб боришади. Шу орада пахтани юклаш учун прицеп ҳам келиб қолди. Мен онахоннинг ўғиллари билан пахтани юклаётганларини кўриб, ҳатто ўт ўчирувчиларни қайтардим. Толибжон ўша кеча кимнингдир тўйида бўлган ва кайфи бор эди. Ана ўша мастлик ҳолатида шу ҳодиса рўй берди, - дейди туман ҳукумат мулозими Гулов.


Айни пайтда Шаҳринав туман прокурори Раҳмонали Имомов мазкур ҳолат юзасидан далиллар ўрганилаётганини маълум қилди. Прокурорнинг айтишича, маҳаллий ҳукумат вакилларининг шахсни ўз жонига қасд қилиш ҳолатига солганига оид далиллар исботланса, улар жиноий жавобгарликка тортилади.
XS
SM
MD
LG