Линклар

logo-print

Қирғиз расмийларига кўра, ҳибсхоналарга видеокамера ўрнатиш қийноқларга қарши курашнинг бир усулидир.

Шу йилнинг 9 август куни Бозорқўрғон туман милиция ходимлари томонидан калтаклангани оқибатида вафот этган Усмонжон Холмирзаевнинг ўлими Бозорқўрғон милиция бўлимида видеокамералар ўрнатилишига туртки бўлди. Бунинг учун октябр ойи бошларида туманда қийноқларга қарши курашга ҳисса қўшиш марафони ҳам ўтказилган:

- Милиция ургани, калтаклагани айтилаётган фуқаро Холмирзаевнинг ўлими бунга туртки бўлди. “Шу ерда марафон ўтказиб, қийноқларни йўқ қилишга ҳаракат қилайлик”, деган фикр пайдо бўлди. Видеокамералар ўрнатишга 10-15 минг доллар керак. Халқаро ташкилотлар ҳам “ёрдам берамиз”, дейишаяпти. Агар улар ҳам ёрдам берса, бу ишларни амалга оширишга катта имконият пайдо бўлади, -деди Жалолобод вилоят прокурори Нурлан Жээналиев

Маълумотларга кўра, видеокамералар милиция бўлимининг маҳбусларни сақлаш хоналари, терговчилар ва оператив ходимларнинг хоналарига ўрнатилади. Видеокамералар туман прокуратураси томонидан назорат қилиниши айтилмоқда.

Йил бошидан бери Жалолобод вилоят прокуратураси томонидан қийноқлар бўйича 12 жиний иш қўзғалган. Улардан 8 таси судда кўрилмоқда, икки иш қисқартирилган ва яна икки жиноий иш тўхтатилган. Мазкур жиноят ишларининг 80 фоизи милиция ходимларига нисбатан очилган.

Жалолобод вилояти куч тизими расмийлари ўрнатилажак видеокамералар милиция томонидан маҳбусларга нисбатан қийноқ қўлланиш ҳолларини йўқ қилишини айтмоқда. Бироқ маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилар куч тизими расмийларининг бундай баёнотларига қўшилмайдилар.

“Қилим шами” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотининг Жалолобод вилоятидаги мувофиқлаштирувчиси Абдиназар Маматисламов маҳбусларга нисбатан қийноқ қўллаш ҳоллари видеокамералар ўчирилганида ёки камералар ўрнатилмаган жойларда давом этиши мумкин деган фикрда:

- Камераларнинг ўрнатилиши билан муаммо бутунлай ҳал бўлади деган фикрдан йироқман. Негаки қийноққа солинганларнинг кўпчилиги бу борада очиқ баёнот беришдан қўрқишади, - деди Абдиназар Маматисламов.

Айтиш жоизки, Холмирзаевнинг ўлимида айбланган 4 та милиция ходимига нисбатан “Қийноқ қўллаш”, “Пора талаб қилиш” каби айбловлар билан жиноят иши очилган. Холмирзаев ўлими юзасидан айбланаётган милиционерлар устидан биринчи маҳкама 2 октябр куни Бишкек яқинидаги Сўқулуқ туман судида бўлиб ўтди.

Холмирзаев ўлимида айбланаётган милиционерларнинг яқинлари Чуй вилояти Сўқулуқ туман судида ўтаётган маҳкамани Жалолобод вилоятига кўчиришни ва судланувчиларни уй қамоғи ёки мамлакатдан чиқмаслик тўғрисидаги тилхат билан озод қилинишини талаб қилиб Жалолобод вилоятида митинг ўтказди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG