Линклар


14 октябр куни ҳуқуқ фаоли Норбой Холжигитов қамоқдан озод қилинди.

Бу ҳақда Холжигитовнинг яқинларига таянган ҳолда жиззахлик ҳуқуқ фаоли Бахтиёр Ҳамроев хабар тарқатди.

Бахтиёр Ҳамроевга кўра, Норбой Холжигитов кеча кечқурун уйига етиб борган.

- Бу хушхабардан хурсандмиз. Ҳозирча унинг озод бўлгани сабаблари маълум эмас.Бизнинг фикримизча, унинг соғлиги ёмонлашгани боис қамоқдан чиқаришган бўлса керак. Унинг озодлиги учун маҳаллий ва халқаро ташкилотлар анча ҳаракат қилишди,- деди Бахтиёр Ҳамроев.

63 ёшли Норбой Холжигитов тўққиз фарзанднинг отаси. Бир пайтлари Самарқанддаги “Бобур” колхозига раислик қилган Норбой Холжигитов ўтган асрнинг 90-йиллари бошида мухолифатдаги “Бирлик” ҳаракати аъзоси бўлган.

1992 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Самарқанд вилояти Иштихон тумани бўлимига раҳбарлик қилган. 2004 йил “Озод деҳқонлар партияси”га аъзо бўлган.

Норбой Холжигитов 2005 йилнинг 4 июнида Ўзбекистон ЖКнинг 4моддаси (139-модда, 158-модда, 159-модда, 216-модда) билан айбланиб, 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган эди. Ҳуқуқ фаоллари унинг сохта айбловлар билан қамалганини таъкидлаб келадилар.
XS
SM
MD
LG