Линклар

Собиқ генерал очлик эълон қилмоқчи

  • Гулнора Равшан

Тожикистон президенти Миллий гвардияси собиқ қўмондони Ғаффор Мирзоев

Тожикистон президенти Миллий гвардияси собиқ қўмондони Ғаффор Мирзоев

Тожикистон президенти Миллий гвардияси собиқ қўмондони, умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган Ғаффор Мирзоев муддатсиз очлик эълон қилишини билдирди.

Бу ҳақда унинг опаси Ойша Мирзоева маълум қилди.

- Акам унинг номидан судга мурожаат қилиб, келгуси бир ой давомида Олий суд, Бош прокуратура ва президент девони вакилларидан иборат махсус комиссия тузиб, ишини қайта кўриб чиқишларини талаб қилишимизни айтди. “Агар ўша комиссия менинг устимдан чиқарилган ҳукм тўғри эканини исботлаб бера олса, мен қонун қулиман ва қўл кўтариб, таслим бўламан. Агар бордию улар менинг бу талабимни бажармасалар, мен ўлгунимча очлик эълон қиламан”, деган, - дейди маҳбус Мирзоев опаси Ойша.

Шунингдек, собиқ генерал Ғаффор Мирзоев ҳукуматдан унга адвокати билан учрашиш имконияти берилишини талаб қилган.

Эслатсак, Тожикистон Бош прокуратураси генерал Ғаффор Мирзоевни мамлакат жиноят кодексининг 34 та моддаси, жумладан, одам савдоси, ноқонуний қурол-аслаҳа сақлаганлик, босқинчилик ва ўғирлик каби 104 та жиноят содир қилганликда айблаб, 2004 йилда ҳибсга олинган эди.

Дастлабки тергов чоғида Ғаффор Мирзоев давлат тўнтариш уюштириш, ўз шахсий вертолётида бир неча марта Тожикистон ва Афғонистон давлат чегараларини бузганлиги ошкор қилингани ҳам айтилган эди.

Икки йил тергов изоляторида сақланган генерал Мирзоев иши Тожикистон Олий судида ёпиқ эшиклар ортида кўрилган.

Яқинлари ва адвокатлари маҳкама жараёнида Ғаффор Мирзоев ўз нисбатан эълон қилинган айбловлар сохта эканини айтган. Шунга қарамай, собиқ қўмондон 2006 йилнинг 11 августида умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.

2004 йили Тожикистонда ўлим жазосига мораторий эълон қилингани боис умрбод қамоқ жазоси бу мамлакатда олий жазо саналади.

Адвокат Бузургмеҳр Ёровга кўра, унинг ҳимоясидаги Ғаффор Мирзоевга эълон қилинган учта айблов, яъни собиқ бирлашган тожик мухолифати қўмондони Ризвон Содиров яқинларидан бирини ва Шаҳринав туман ҳукумат раиси Қаландар Ҳайдаров ҳамда шу туман ички ишлар бўлим бошлиғи Абдулло Мирзоевни ўлдирганлик унинг умрбод қамоқ жазосини олишига туртки бўлган.

Адвокат Ёров Ғаффор Мирзоевга эълон қилинган ҳукм ноқонуний эканини айтади.

- Президент 2004 йилнинг апрел ойида парламентдаги чиқишида ўлим жазосига мороторий эълон қилинишини маълум қилди. Ўша йилнинг июнида Жиноят кодексига ўзгартишлар киритилди. Ғаффор Мирзоев 2004 йилнинг августида ҳибсга олинди. 2005 йилнинг февралида эса умрбод қамоқ жазоси қонун кучини олди. Шуни назарга олган ҳолда, бугунги кунда Ғаффор Мирзоевнинг талаби тўғри. Яъни у: “сизлар менга умрбод қамоқ жазоси беришга ҳаққингиз йўқ эди, зеро ўша пайтда мороторий эълон қилинган эди” демоқчи, - дейди адвокат Бузургмеҳр Ёров.

Ўтган шу вақт ичида Ғаффор Мирзоев иши қайта кўриб чиқилишини сўраб, Тожикистон парламенти, Олий суди, Бош прокуратурасига мурожаат қилган. Аммо, Ойша Мирзоеванинг айтишича, бу идораларнинг бирортасидан ижобий жавоб олмаган.

Ойша Мирзоева, шунингдек, акасининг хавфли жиноятчилар билан бир камерада сақланаётганидан шикоят қилди. Унинг айтишича, собиқ генерал Мирзоев беш йилдан буён собиқ мухолифат аъзоси ва Ҳизбут-Таҳрир ташкилоти аъзоси ҳамда наркотиклар ноқонуний савдоси билан қамалган учта маҳбус билан бир камерада сақланмоқда экан.

Мирзоева хонимнинг айтишича, ҳатто бир гал маҳбус акасининг жонига суиқасд ҳам бўлган.

Аснода Тожикистон Олий суди раис муовини Басби Мирзоева мамлакат қонунчилигига биноан Ғаффор Мирзоев шикоят аризаси билан мурожаат қилишга ҳақли эканини айтади.

- Судя унинг шикоят аризасини делоси билан ўрганиб чиқади. Агар судя делода бирорта камчилик сезса, уни қайта кўриб чиқиш учун коллегия судига юборади. Уч кишидан иборат коллегия ҳайъати делони кўриб чиқиб, хулосаларини эълон қилади, - деди Олий суд масъули Мирзоева.

Шу ўринда айтиш лозимки, собиқ генерал, президент Имомали Раҳмоннинг ўтмишда яқин одамларидан бири бўлган Ғаффор Мирзоевнинг даъвоси мамлакатда олтин авф амалда бажарилаётган бир пайтга тўғри келди.

Аммо Тожикистон мустақиллигининг 20 йиллиги муносабати билан эълон қилинган “Авф тўғрисидаги қонун”га кўра умрбод қамоқ жазоси олган маҳбуслар жазоси енгиллаштирилмайди.

“Бироқ, - дейди Ойша Мирзоева, - нега ватанга хиёнат қилган Маҳмуд Худойбердиев тарафдорлари озодликка чиқиб, Худойбердиевни мамлакатдан ҳайдаб чиқарган президент Миллий гвардияси аскарларининг ҳеч бўлмаганда жазо муҳлати қисқартирилмади?”

Мустақил кузатувчиларга кўра, Ғаффор Мирзоев Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг энг яқин одамларидан бири бўлган ва унинг ҳукумат тепасига келиши ҳамда 1998 йили Сўғд вилоятига ҳужум уюштирган исёнчи тожик полковниги Маҳмуд Худойбердиев ва унинг армиясини мамлакатдан қувиб чиқаришда ҳам анчагина ҳисса қўшган.
XS
SM
MD
LG