Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:25

Ҳиллари Клинтоннинг Ўзбекистонга келиши кутилмоқда


Ҳиллари Клинтон ўтган йилнинг охирида Тошкентда Ислом Каримов билан учрашган эди.
Ҳиллари Клинтон ўтган йилнинг охирида Тошкентда Ислом Каримов билан учрашган эди.

Бу ҳақда хабар қилган УзМетроном нашри Ўзбекистон ҳукуматидаги манбаларига таяниб¸ Клинтон хонимнинг 22-23 кунлари Тошкентда Ўзбекистон раҳбарлари билан учрашишини айтмоқда. Президент Ислом Каримов ўтган 11 октябр куни АҚШнинг Афғонистон ва Покистон бўйича махсус вакили Марк Гроссманни қабул қилган эди. АҚШ Давлат котиби сўнгги бир йил ичида иккинчи марта Ўзбекистонга ташриф буюради ва бу Вашингтон Тошкент билан муносабатларни яхшилаш ҳаракатларини кучайтираётган пайтга тўғри келмоқда.


АҚШ Давлат котибининг Тошкентга сафари ҳақида Ўзбекистон Бош вазир ўринбосари ва Ташқи ишлар вазири Элёр Ғаниев ўтган ой Вашингтонда Ҳиллари Клинтон хоним билан учрашган пайтда келишиб олган кўринади, деб ёзди УзМетроном нашри. Нашрнинг ҳукуматдаги манбага таяниб хабар қилишича, айни масала ўтган ҳафта президент Ислом Каримов куни АҚШнинг Афғонистон ва Покистон бўйича махсус вакили Марк Гроссманни қабул қилганда ҳам кўтарилган.

Марк Гроссман Тошкентга 11 октябр куни Германиянинг Афғонистон ва Покистон бўйича махсус вакили Михаел Штайнер билан келган эди.

АҚШнинг юқори даражадаги мулозимларининг Ўзбекистонга ташрифи Вашингтоннинг Тошкент билан муносабатларни яхшилаш уринишларини кучайтираётган пайтга тўғри келмоқда.

Кейинги ойларда Қўшма Штатларнинг Покистон билан муносабатлари ўта совуқлашиб кетгани ҳамда Афғонистонга транзитнинг асосий йўналиши ҳисобланиб келган бу мамлакатда хавфсизлик вазиятининг ёмонлашиши сабабидан АҚШ етакчилигидаги ҳарбий амалиётлари тақдири мавҳум бўлиб қолмоқда. Шунинг учун кейинги бир-икки йил давомида Вашингтон Шимолий таъминот тармоғига эътиборни кучайтириб келмоқда.

АҚШнинг Ўзбекистон билан муносабатларни яхшилай бошлагани айнан Американинг Шимолий тармоққа бўлган эҳтиёжи ошиши билан шартланган.

28 сентябр куни АҚШ Президенти Барак Обаманинг Тошкент раҳбарини мустақиллик байрами билан табриклаш бахонасида Оқсаройга қўнғироқ қилганини ҳам таҳлилчилар айнан Шимолий тармоққа эътиборнинг кучаяётгани билан боғлаган эди.

Клинтон хонимнинг Тошкентга сафар қилиши ҳозирча расман эълон қилингани йўқ, лекин УзМетроном нашри хабари тасдиқланса¸ бу АҚШ Давлат котибининг кейинги бир йил ичида иккинчи ташрифи бўлади. У 2010 йилнинг декабрида ҳам Тошкенга келган ва Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан учрашган эди.

29 сентябр куни Вашинтонда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Элёр Ғаниев билан учрашган Ҳиллари Клинтон Тошкент расмийлари мамлакатда инсон ҳуқуқлари ва сиёсий эркинликларга оид вазиятни яхшилашда ижобий натижаларга эришаётганини баён қилган эди.

- Ҳукумат расмийлари билан давом этаётган мулоқотимиз муҳим аҳамият касб этади, деб ҳисоблаймиз. Бу мулоқот чоғида, мен ва ҳукуматнинг бошқа вакиллари айтиб келганидек, ҳар доим инсон ҳуқуқлари ва сиёсий эркинликларга оид хавотирларимизни билдирамиз. Лекин шу билан биргаликда биз ўзбеклар (Ўзбекистон ҳукумати) билан бу борада натижаларга эришиш устида ишламоқдамиз ва бунинг баъзи ишоратларини кўрмоқдамиз ва шубҳасиз, барча масалалар бўйича муносабатларимизни чуқурлаштириш истагидамиз,- деган эди тошкентлик ҳамкасби билан учрашувдан сўнг АҚШ Давлат котиби.

Ҳиллари Клинтоннинг бу баёноти халқаро ҳуқуқ ташкилотларининг кескин танқидларига учради. Аммо афтидан Ўзбекистон ҳукумати Клинтон хонимни бу танқидлардан сал асраш ниятида сафар арафасида ҳуқуқ фаолларидан бири Норбой Холжигитовни қамоқда озод қилди.

Бундан ташқари ўтган ой АҚШ Конресси қўмитаси Ўзбекистонга ҳарбий ёрдам кўрстишни тақиқловчи санкцияни бекор қилиш масаласини кўриб чиқишга йўл очиб берувчи қарор қабул қилган эди. Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари бундай сўровнома билан Конгрессга мурожаат қилган президент Барак Обама маъмуриятини танқид қилиб келмоқда.

Каримов-Обама телефон суҳбати ҳамда Ғаниев-Клинтон учрашувидан аввал Халқаро Амнистия, Озодлик уйи, Ҳюман Райтс Уотч, Очиқ жамият институти, Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи каби қатор нуфузли ташкилотлар АҚШ ҳукуматига очиқ мактуб йўллаб, Ўзбекистон билан “нормал муносабатларни” тикламасликка чақирди.

2001 йил 11 сентябр воқеаларидан кейин АҚШ етакчилигида Афғонистон истилоси бошланганида Ўзбекистонда Америка базаси ташкил қилинган эди. 2005 йил 13 май – Андижон қирғинидан кейин АҚШ ва Ғарб Ўзбекистон ҳукуматини кескин танқид қилгач, америкалик ҳарбийлар Ўзбекистондан ҳайдалган эди.
XS
SM
MD
LG