Линклар

Ўринбой Усмонов тўла оқланишни истайди

  • Гулнора Равшан

Би-би-си журналисти Ўринбой Усмонов суд залида, 14 октябр 2011 йил

Би-би-си журналисти Ўринбой Усмонов суд залида, 14 октябр 2011 йил

Би-би-си мухбири Ўринбой Усмонов Тожикистон Олий маҳкамасига кассация тартибидаги ариза билан мурожаат қилади.

Бу ҳақда Усмоновнинг ўзи маълум қилди.

- Халқим, ватаним ва президент олдида ўзимни айбсиз, деб ҳисоблайман. Менга нисбатан чиқарилган ҳукмга ҳеч қачон рози эмасман. Оддийгина воқеага сиёсий тус бериб юборди, мен шундай деб ўйлайман. Ва ўзимнинг айбсиз эканлигимни исботлаш учун қўлимизга айбнома нусхаси топширилиши билан шак-шубҳасиз юқори маҳкамага кассация тартибидаги ариза билан мурожаат этамиз, - деди Би-би-си мухбири Усмонов 17 октябр куни Озодликка берган интервьюсида.

Сўғд вилоят маҳкамаси ўтган жума куни Ўринбой Усмоновни экстремистик гуруҳлар фаолияти ҳақида ҳуқуқ-тартибот ходимларини огоҳ этмаганлик ва уларга ёрдам берганликда айблаб, 3 йиллик қамоқ жазоси белгилади, аммо шу йил 20 сентябрида қабул қилинган “Авф тўғрисидаги қонун”нинг 6 банди асосида жазони бекор қилди.

Аввалроқ прокурор Усмоновга 5 йил қамоқ жазоси бериш, айни пайтда унга амнистия қўллашни сўраганди.

Би-би-си Жаҳон хизматининг Сўғд вилоятидаги мухбири Ўринбой Усмонов шу йилнинг 13 июн куни Тожикистонда фаолияти тақиқланган "Ҳизбут-Таҳрир" диний ташкилотига аъзолик айби билан ҳибсга олинганди.

Дастлабки тергов жараёнларида унга қўйилган айблов, ўз исботини топмагач, Усмонов ушбу ташкилотга алоқадорлик айби билан маҳкамага тортилди.

Ўринбой Усмонов ўзининг айбсиз эканини ва “ушбу ташкилотга алоқадорлик” борасидаги иқрорлик кўрсатмаси эса қийноқлар асосида олинганини айтади.

Би-би-си мухбирининг ҳибсга олиниши ва тергов изоляторида унга нисбатан қийноқлар қўллангани халқаро миқёсда қораланганди.

Ўринбой Усмоновнинг адвокати Файзинисо Воҳидова ўз ҳимоясидаги шахс “журналистика соҳасидаги касбий фаолияти учун жазоланган”ини ва бу эса мутлақо ноқонуний эканини айтади.

- Менимча, маҳкама ҳукмидан ана шундай маънони англаш мумкин. Бу мутлақо қонунга зид ва адолатсиз бир ҳукмдир. Маҳкама жараёнларида ҳимоямдаги Усмоновга нисбатан эълон қилинган айбловларнинг бирортаси ҳам ўз исботини топмади. Шуни назарга олган ҳолда, маҳкама оқлов ҳукми чиқариши лозим эди. Бироқ, афсуски, бугун Тожикистонда умуман оқлов ҳукмлари қабул қилинмайди. Бу эса судларимизнинг мустақил эмаслигини яна бир марта исботлади, - дейди адвокат Воҳидова.

Тожикистон мустақил оммавий ахборот воситалари миллий уюшмаси раиси Нуриддин Қаршибоев мулоҳазасича, Би-би-си мухбири Ўринбой Усмоновнинг тўла оқланиши ортидан ҳуқуқ идора ходимларидан бир нечтаси жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин эди.

- Ўринбой Усмоновга жазо белгиланиши аввалдан ҳам маълум эди. Гарчи унга қўйилган айблар маҳкама жараёнида исботини топмаган эса-да, оқлов ҳукми чиқарилмаслиги аниқ эди. Чунки унинг оқланиши ортидан уни ноҳақ ҳибсга олган ҳуқуқ-тартибот идоралар ходимларининг бир нечтаси қора курсига ўтириши мумкин. Бу эса ҳуқуқ-тартибот идоралари масъулларига ёқмайди, - дейди Нуриддин Қаршибоев.
XS
SM
MD
LG