Линклар

"Пахта-2011" қурбони Баҳодир ҳаëти ҳамон хавф остида


13 ёшли Баҳодир 22 кун комада ётди.

13 ёшли Баҳодир 22 кун комада ётди.

Пахтадан қайтаётганда автоҳалокатга учраб комага тушган чироқчилик Баҳодир Пардаев ҳушига келган, бироқ ҳануз тилга кирмаган.


Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидаги 24-мактабнинг 7-синф ўқувчиси, 13 ёшли Баҳодир Пардаев уч ҳафта давомида ҳушсиз ётиб, ўзига келди.

Бу ҳақда Озодликка хабар қилган Баҳодирнинг отаси Адҳам Пардаевга кўра, ўғли 22 кун деганда комадан чиққан.

- Баҳодирнинг аҳволи яхши. Кундан кунга ўзгараяпти. Яхши, Худога шукур. Докторлар қарашаяпти. Комадан чиқди. Гапиргани йўғу “бир-икки кунда гапиради” деяпти докторлар. Кўзи очиқ. Гапирсак, ҳамма гапни тушунаяпти. Қўлингни сана, десак санайди. Боланинг ўзгариши зўр ҳозир. Гапира олмагани сабаби бола қаттиқ қўрққан¸ дейди докторлар, дейди Адҳам Пардаев.

7-синф ўқувчиси Баҳодир Пардаев 24 сентябр куни пахта теримидан қайтаётиб, автоҳалокатга учраган эди.

24 мактаб директори Гўзал Мустафоева Озодлик билан суҳбатда Баҳодирнинг айнан пахтадан қайтаётган пайти автоҳалокатга учраганини тасдиқлаган эди.

Бу воқеани ўрганаётган қаршилик ҳуқуқ фаоли Гулшан Қораева¸ Баҳодирнинг отасидан фарқли¸ боланинг ҳаëти ҳамон таҳдид остида қолаëтганини айтади:

- Биз шифохонага бориб келгандик. Биласизми¸ у бола кўзини очгани билан комадан чиққани йўқ. У бола ҳали батамом комадан чиққани йўқ. Кўзи очиқ, лекин кўзи кўрмайди. Кўзи кўрадиган бола у ëқ бу ëққа қараши керак. Вақтинчалик кўзи кўрмайди унинг. Бу жуда ҳам машаққатли нарса. Ҳозир унинг ҳаëти қил устида турибди, дейди ҳуқуқ фаоли.

Қашқадарё вилояти Чироқчи туман Ички ишлар бўлимидан олинган маълумотга кўра, Баҳодир Пардаевнинг автоҳалокатга учрагани бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Озодлик билан суҳбатда навбатчи милиция ходими ҳозирда тергов-суруштирув ишлари кетаётгани боис жиноий иш тафсилотларига тўхтала олмаслигини айтди.

Адҳам Пардаевга кўра, ўғли автоҳалокатга учраганидан буён 24 кун ўтган бўлса-да милиция ходимлари бирор марта ҳам Баҳодирнинг оила аъзолари билан автоҳалокат тафсилотлари ҳақида гаплашмаган.

Ҳуқуқ фаоли Гулшан Қораева маҳаллий ҳокимликлар пахта сиёсати қурбони бўлган 13 ёшли Баҳодир Пардаевга очилган жиноий ишни бости-бости қилиши мумкинлигини тахмин қилади.

Қораевага кўра, кейинги пайтда Баҳодирнинг аҳволи билан қизиққан ҳуқуқ фаоллари шифохонага киритилмаяпти.

- Қоровул қўйиб қўйибди палатасининг олдига. Қариндош-уруғларига босим ўтказиб ташлашган. Қариндош-уруғларига ўтказилаëтган босимнинг ортида ҳукуматнинг ўзи турибди. Бекордан бекорга босим ўтказилмаяпти. Бу ишни ëритмаслик, эртага мана шу ишни қайта қўзғамаслик мақсади турган ҳам бўлиши мумкин. Чунки докторлар орқали босим ўтказилаяпти. Бости-бости қилиши аниқ ва тайин. “Сиëсатга бурманглар” деяпти. Хоҳлайдими¸ йўқми¸ бу воқеа пахта сиëсатига бориб тақалаяптида, дейди Гулшан Қораева.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG