Линклар

logo-print

Россия марказий телеканаллари 17 октябр куни намойиш этадиган махсус суҳбатда Россия Бош вазири Владимир Путин ўзининг яна камида икки муддат президентликка қайтиши тайин эканига оид кенг тарқалган ишончни танқид қилди.

Бош вазир билан суҳбат мамлакатда ўтказилажак парламент ва президент сайловларига бағишланди. Бу суҳбат 17 октябр куни маҳаллий вақт билан кечқурун тўлиқ намойиш этилиши арафасида “Россия 24” телеканали ундан айрим парчаларни олиб кўрсатди.

Владимир Путин 2012 йил март ойига белгиланган президент сайловларида ўз номзодини қўйиш қарорини эълон қилганидан бери ҳам Россия¸ ҳам халқаро матбуот¸ унинг сайловларда ютиши ва яна ками икки муддатга президентликка қайтиши ҳақида гапирмоқда. Путин мухолифлари¸ Россиядаги сиëсий жараëнлар Путин ëзган сценарий асосида кетаëтгани¸ сайловларда халққа ҳақиқий танлов имкони берилмаслигини танқид қилмоқда.

Аммо 17 октябр куни намойиш этиладиган суҳбатида Владимир Путин ўз танқидчиларини танқид қилди.

- Камтар қулингиз сайловларда қатнашса¸ ҳеч қанақа сайлов бўлмас эмиш. Улар учун сайлов бўлмаслиги мумкин¸ аммо оддий фуқаро учун ҳамиша сайлов ва танлов имкони бор¸ деди Бош вазир Путин.

Ўзи раҳбарлик қиладиган “Единая Россия” партиясининг мамлакат сиëсий ҳаëтидаги ролига тўхталган Путин:

- "Единая Россия" ҳам мамлакат¸ ҳам Давлат Думасидаги етакчи сиëсий партия бўлиб қолмоғи лозим¸ дея уқтирди Россиянинг собиқ президенти ва жорий Бош вазири.

Айни пайтда Путин¸ мазкур партия бошқаруви таркибида яқин келажакда катта ўзгаришлар бўлишига ишорат қилиб кетди.

“Биринчи канал”¸ “Россия” ва НТВ мухбирлари билан Бош вазирнинг Ново-Огарево резиденциясида ëзиб олинган суҳбатнинг 17 октябр куни жамоатчиликка хамир учидан патир тарзида намойиш этилган парчасидан аëн бўлишича¸ Владимир Путин ўзини олий курсини қўлдан чиқармаслик ниятида турли режалар ўйлаш билан банд сиëсатчи эмас¸ балки Россия халқи ишончини қозонган ватанпарвар арбоб сифатида тақдим этишга уринган.

- Муҳими кабинет ва амал эмас¸ муҳими одамлар ишончидир¸ дейди Владимир Путин 17 октябр куни тонгда намойиш этилган катта суҳбатнинг бир парчасида жумладан.

Россия президенти Дмитрий Медведев ҳукмрон “Единая Россия “партиясининг 24 сенябр кунги қурултойида Бош вазир Владимир Путинни келаси йил март ойида ўтказиладиган президент сайловига номзод деб кўрсатишни таклиф қилди.

- Мен қурултой қатнашчилари партия раиси Владимир Путинни мамлакат президенти лавозимига номзод қилиб кўрсатиш таклифини қўллаб-қувватласа, тўғри бўлади деб ўйлайман, деди ҳукмрон партия қурултойида Дмитрий Медведев.

Россия президентидан кейин сўзлаган Бош вазир Владимир Путин таклифни дарҳол қабул қилиб, делегатларга миннатдорлик билдирди ва бу ўзи учун “улкан шараф” эканини таъкидлади.

- Мени Россия президенти лавозимига номзод қилиб кўрсатиш ҳақидаги таклифга ижобий муносабат билдирганингиз учун сизларга миннатдорлик изҳор қиламан. Бу менинг учун улкан шараф. Сизлар мени қўллаб-қувватлашингизга умид қиламан, дея баёнот берган эди айни тадбирда жорий Бош вазир.

Бундай илтифотдан сўнг Владимир Путин 4 декабр куни Давлат Думасига ўтказиладиган сайловда “Единая Россия” партияси номзодлари рўйхатига Дмитрий Медведев етакчилик қилишини таклиф қилди ва Медведев ҳам бу таклифни дарҳол қабул қилди.

“Единая Россия” партияси қурултойида эълон қилинган бу баëнот 2012 йилда ўтказиладиган президент сайловида Путин ёки Медведевдан қай бири ўз номзодини қўйиши ҳақида бир неча ойдан бери давом этаётган миш-мишларга чек қўйди.

Россия Конституцияси бир фуқаро президент лавозимида икки муддатдан ортиқ ишлашига рухсат бермагани сабабли Владимир Путин 2008 йилда президент лавозимини Дмитрий Медведевга бўшатиб, ўзи Бош вазир лавозимини эгаллаган эди. 2012 йилги сайловлардан сўнг бу жуфтлик ўз лавозимларини алмашишга қарор қилдилар.

Россия сиëсий ҳаëтининг бу ўзандан ривожланиши халқаро майдонда¸ гарчи кутилган бўлса-да¸ салбий қарши олинди; Россия мухолифати эса¸ буни давлатчилик тамойилларига кучли зарба дея баҳолади.

- Бу ватаним ривожи учун энг ëмон сценарийдир. Бу улкан капитал мамлакатни тарк этишини, миграциянинг янги тўлқини бошланишини, давлат бузилишда давом этишини англатади. Оқибатда, бу мамлакатни жуда катта ижтимоий-иқтисодий ларзалар ва давлат бузилиши билан боғлиқ ларзалар кутаётганини англатади.

Моҳиятан Путин сайқалланган Лукашенкога айланмоқда. Унинг Муборак ёки Қаддафийга айланиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас, деди Озодлик билан суҳбатда Россия мухолифати етакчиларидан бири Борис Немцов Путиннинг қайтишига муносабат билдирар экан.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG