Линклар

Бутун дунëда ижтимоий-иқтисодий норозиликлар кўча намойишларига айланаëтган бир пайтда¸ бу жараëн ўзбекларга бегона.


Бир ой олдин Ню Йоркнинг Зуккотти паркида (Манҳэттен) АҚШда иқтисодий ва молиявий бўҳрон, ишсизлик, ҳукумат томонидан очкўз банкларга молиявий ёрдам кўрсатилаётгани ва бошқа ижтимоий муаммоларга қарши “Wall streetни эгаллаб ол” номи остида норозилик ҳаракати бошланган эди.

Кўп ўтмай норозилик тўлқини дунёнинг бошқа давлатларига ёйилди. 15 октябр куни дунёнинг 82 мамлакатидаги 951 та шаҳарда юз минглаб одам иқтисодий-ижтимоий муаммолар ҳал этилиши талаби билан кўчаларга чиқди.

17 октябр куни АҚШнинг Ню Йорк ва бошқа шаҳарларида, шунингдек, Германиянинг Франкфурт, Греция пойтахти Афина, Уганда пойтахти Кампала ва бошқа шаҳарларда норозилик акциялари давом этди.

Бироқ бундай чиқишлар Марказий Осиё республикалари, жумладан, Ўзбекистонда кузатилмади.

Шу муносабат билан Ҳафта саволи рукнининг бугунги сонида “Сиз неча кўчага чиқмайсиз?” деган саволни қўйдик.


Иброҳим¸ Бухоро:

- Менинг кўчага чиқмаслигимнинг сабаби асосан шуларки, биринчидан Ўзбекистонда 2005 йилда кўчага чиққанларнинг ҳоли нима кечганини бутун дунë яхшилаб кўрди. Ювган билан кетмайдиган қонлар тўкилди. Билиб туриб беҳудага қон тўкилишини истамаганим учун кўчага чиқмайман.

Иккинчидан, менинг кўчага чиқмаслигимнинг сабаби¸ мен кўчага чиқиб фақатгина халқни эмас, фақатгина ҳокимиятга эга бўлиш мақсадида халқни эргаштирадиган кимгадир хизмат қилиб қўйишликдан қўрқаман. Балки эртага улар ваъда қилаëтган ялтироқ кун чин бўлиб чиқмас бугунгидан баттар бўлиб қолар. Ана шунинг учун кўчага чиқмайман иложи бўлса.


Темур¸ Жиззах:

- Фуқаро сифатида норозилик қилганда қаерга бориб норозилик қилиш мумкин? Масалан¸ ҳозир кимга борсангиз, унга бор, бунга бор. Оддий мисол. Райсабзга бориб справка олиш учун ишонасизми ишонмайсизми тўртта эшикка кирдим. Масалан¸ ҳозир газ йўқ. Қишлоқдаги ҳамма йиғилиб олиб борамиз, дейди. Биттаси “Қўй нима қиласан? 500-1000 сўм кетади. Ундан кўра ўтир тинчгина” деб, муаммо бору, лекин чиқишга журъат қилмаганман. Ҳаммада муаммо бор. Менда ҳам муаммо бор. Бир ўзим муаммони ҳал қила олмайман. Кўчага чиқишга ўзимда журъат топа олмайман. Нимагалигини билмадим лекин.


Эшмурод¸ Қашқадарë:

- Энди бундай. Демократик давлатларда намойишга чиқадиган одамларнинг ҳуқуқи, уларнинг хавфсизлиги ҳимоя қилинган. Бизда ҳимоя қилинмаган. Ана шунинг учун чиқа олмайман мен.


Шавкат, Тошкент:

- Бизларнинг Ўзбекистонда унақа кўчага чиқиш умуман хавфли. Шартта машинага босиб олиб кетишади. Кейин қаëққа олиб кетганини қариндош-уруғларингиз қидириб топа олмай қолиши мумкин. Мен уже икки-уч марта чиққанман. Менинг бу ëқда қиладиган ишларим бор ҳали. Ўзимнинг мурожаатларим бўйича ишимни охиригача етказишим керак. Мен ҳозир олиб бориб нима қилсам¸ кейин менинг ишимни ким қилади?


Полиграф экстра нашриëти ходими:

- Кейинроқ қўнғироқ қилсангиз саволингизга жавоб бераман. Тўғрисини айтсам¸ ҳозир вақтим йўқ.


Зиëда, Шаффоф ичимлик суви корхонаси ходими:

- Балки бошқа давлатда кўчага чиққаннинг более-менее фойдаси бордир. Лекин бизларнинг давлатда унақа тўғри келмайди. Бизларнинг давлатда кўчага чиқиш билан бунақа муаммони решат қилиб бўлмайди. Мен ҳозир кечирасиз¸ сизнинг опросингизга полностю жавоб бера олмайман. Ҳозир мен ишдаман. Ўзимга яраша нимам бор. Лекин жавобим шу. Кўчага чиқиш билан муаммо ечилмайди. Бунинг бошқача ечимини топиш керак.


Мухлиса, дўкон сотувчиси:

- Нимага? Кўчада мен нима қиламан? Чиқмайман. Менинг ҳеч нарсадан норозилигим йўқку, нимага норозилик билдираман? Тинч ишлаëтган бўлсам, ҳамма нарса жой-жойида бўлса, Худога шукур ўзимнинг топганим ўзимга етиб ортса, тинч бўлсам, нимага норози бўлишим керак? Мен Худога шукур қиламан шунақа тинч ишлаëтганимдан.


Гулбаҳор Тўраева, мустақил тиббий эксперт Андижон:

- Кўчага чиқмаган бўлар эдим. Сабаби¸ ўзимнинг инсонийлик ғуруримга мос кўрмайман у нарсани. Кўчага чиқиш учун бизнинг конституциямизда аввало ëзилган огоҳлантириш керак, у қилиш, бу қилиш керак. Мени шаҳарда ҳаммаси танийди. Мен кўчага чиқаман, пикетга чиқаман деб нима қилиш ғуруримни пастга урган бўламан. Нимага десангиз, буни ҳеч ким тўғри маънода қабул қилмайди оддий фуқародан тортиб мансабдор шахсгача. Қонун доирасида, масалан президентнинг чиқарган қонуни бор фуқаролар мурожаатлари тўғрисида. Ўшанга қараб туриб ариза ëзаман тегишли органларга. Республикага ëзаман. Республикада ҳам бўлмайдиган бўлса, конечно менга босим ўтказилишидан қатъий назар, бошқа бўлишидан қатъий назар интернетга чиқиб қўя қоламан мен. Кўчага чиқмайман.


Латифа, уй бекаси:

- Чиқардим, бошқа проблемалар ҳам тиқилиб ëтибдику мана. Ойлик вақтида бермаса, пластик карточкага ўтказиб қўйган билан одамларни қани пулини ололмайди пластик карточкадаги. На уларни загрузка қилишга бирорта аппарат қўймаган у ер бу ерга, на пулини олишга банкомат қўйилмаган. Одамлар сарсон бўлиб ëтибди. Халққа қўйиб берса, ҳамманинг камида тўртта-бешта проблемаси бор. Бизларникилар бош кўтаришга қўрқади. Кимни кўрсанг¸ ҳамманинг нолишига нон пишаяпти кўчада. Ўзим ҳам шунақа. Инвалидност олиб турган эдим арзимаган пенсияни. Ўша ўлгурни ҳам олиб ташлади. Кўзи кўр одамларни етаклаб Райсобезга борсам, юришибди. Кўзи кўрмайдиганга учинчи группа бериб қўйишибди. Ваҳоланки биринчи группа бериши керак. Қанақа давлат бу? Соғлиғи кўриниб турган нарсаку. Кўр кўзи очилмайдику бундоқ қараганда. Шунинг учун кўчага чиққан бўлардим. Битта у проблема эмас мингтаси тиқилиб ëтибдию. Мана қишда уйларимиз умуман исимайди. Ëзда иссиқ, чивин босиб ëтибди. Подвалларимиз белигача сув. Ҳеч ким қарамйди. Бу ҳам битта проблема бизларга. Биринчи қаторда чиққан бўлардим.

**************************************

Азиз муштарий¸

Сиз нима дейсиз - Сиз нега кўчага чиқмайсиз?

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG