Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:05

Москваликларнинг Шарққа қизиқиши ортмоқда


Москвада очилган “Анжир” санъат галереясида ўтказилаётган маданий тадбирлар москваликларнинг мусулмон Шарқига оид қизиқишини қондиришга қаратилган.


Москва марказида Шарқ, хусусан Ўзбекистон маданияти ва санъати намуналарини намойиш этувчи “Анжир” галереяси нуфузи ошиб бормоқда.

Мутахассислар бунга россияликларнинг сўнгги пайтларда Шарқ, айниқса мусулмон маданиятига қизиқиши ортиб бораётгани сабаб эканини таъкидламоқдалар.

Кўргазма залларида нафақат шарқона кийим-кечак ва сўзана, ўзбек ипаги ва шойиси, атласу чопонлари, сопол идиш ва заргарлик буюмлари, Шарқ ҳунармандчилигию рассомчилик асарлари намойиши¸ балки маданий тадбирлар ҳам уюштирилмоқда, дейди “Анжир” галереясига ҳомийлик қилаётган “Маржони” жамғармаси лойиҳалари раҳбари Юлия Володина.

- Фикримизча, Москвада бундай жойга тенг келадиган бошқа майдон йўқ. Чунки бу шунақа шарқона клуб бўлиб, бу ерда нафақат чиройли буюмларни томоша қилгани, балки мусулмон Шарқига оид йирик мутахассислар билан танишиш ва бу ерга келаётган одамлар билан фикр алмашиш имконияти мавжуд. “Анжир”да биз тарих, маданият, мусиқа, рассомчиликка оид лойиҳаларни амалга оширишга киришдик. Бу лойиҳанинг молиявий таъминоти жамғармамизга бироз оғир тушаётганига қарамасдан, ундан воз кечмаймиз, чунки Москвада, умуман Россияда бизнинг галереяда намойиш этилаётган Марказий Осиё, Кавказ, умуман мусулмон Шарқи маданиятига бўлган қизиқиш ортиб бормоқда, дейди Юлия Володина.

“Маржони” жамғармаси вакили “Анжир” галереясида ўтказилаётган тадбирларнинг аксари ва кўргазмага кириш ҳам бепул эканини алоҳида урғулайди.

“Бундай маданий майдончанинг айнан Москвада пайдо бўлишига Россияда миллий ва маданий жиҳатдан юзага келаётган тушунмовчиликлар ҳам туртки бўлди”, дея давом этади Юлия Володина.

- Бу ерга одамлар йиғилиб бир пиёла ўзбек ёки озарбайжон кўк чойи устида нафасат, гўзаллик ёки маданият ҳақида бемалол гаплаша олишларига имконият беришга уриндик. Биз москваликларга, қолаверса россияликларга собиқ иттифоқдошларимиз ва яқин қўшниларимиз ҳақида, уларнинг исломий дунёқарашлари, гўзал ва бетакрор маданияти борасида маълумот бериб боришга ҳаракат қилаяпмиз, дейди “Маржони” жамғармаси лойиҳалари раҳбари Юлия Володина.

“Анжир” галереясида охирги ҳафта давомида бўлиб ўтган тадбирлардан бири - Туркистон тарихи ва мусиқасига оид маърузалар кўпчиликнинг эътиборини ўзига қаратди.

“XIX аср охири – XX аср бошларида Туркистон: портретга чизгилар”, деб номланган маърузани Миллий университетнинг тарих факултети собиқ талабаси, ҳозирда эса Россия Фанлар Академияси Умумий тарих институти ва МДҲ мамлакатлари таҳлилий-тарихий тадқиқотлар маркази катта илмий ходими, доцент Татяна Котюкова тақдим этди.

Ундан ташқари, “Рус Туркистонининг мусиқий тасвири” маърузаси 1870-1883 йилларда чор Россияси ҳарбийси¸ германиялик Август Эйхгор томонидан асосан Фарғона ва Туркистоннинг бошқа ўлкаларидан йиғилган ажойиб мусиқа асбоблари коллекциясига бағишланган. Бу коллекцияни қайта тиклашга умрининг жуда кўп вақтини ажратган доцент Тамила Жони-зодага кўра, мазкур артифактлар бугунги кунда Глинка номидаги давлат музейида сақланмоқда.

Кўргазмада шунингдек жуда катта адабий, илмий ва маданий мавзуларга оид нашрлар ҳам намойиш этилмоқда. Ислом маданияти ва иқтисоди, Шарқ адабиёти ва санъатидан турли маълумот берувчи асарлар жамғарманинг библиография фондидан жой олган.

“Анжир” галереяси фаолиятини йўлга солган ва бошқараётган Вера Бушуеванинг айтишича¸ йиллар давомида Ўзбекистон ва унга қўшни бўлган мамлакатлардан ажойиб тикувчилик ва тўқимачилик намуналари йиғилиб қолган ва бу гўзалликни бошқаларга ҳам кўрсатиш ғояси галерея туғилишига туртки берган.

- Москвада бугунги кунда шарқона мавзулар жуда кенг ёритилмоқда, унга бўлган қизиқиш ортмоқда. Лекин айнан Марказий Осиё ва мусулмон Кавкази маданиятига тегишли бундай кўргазма ягона, десам хато қилмайман. Яқингача москвалик Шарқ деганда Туркия ёки Мисрда туристлар учун ишлаб чиқарилган сифатсиз буюмлар кўз олдига гавдаланарди. Лекин улар ҳақиқий ўзбек, тожик, озар, қирғиз ёки туркман моддий ва маънавий маданияти ҳақида деярли тасаввурга эга эмас, дейди “Анжир” галереяси раҳбари.

Вера Бушуева сўнгги йилларда Марказий Осиё маданиятига бўлган қизиқишнинг ортиб бораётганини қисман¸ Россияда меҳнат муҳожирларининг кўпайиб қолгани билан изоҳлаш мумкинлигини айтади.
XS
SM
MD
LG