Линклар

АҚШ ва Европада намойишлар давом этмоқда


“Лондон биржасини эгалла” кампанияси иштирокчилари Авлиё Павел черкови олдидаги майдонни яқин орада бўштмаслик билан таҳдид қиляпти.

“Лондон биржасини эгалла” кампанияси иштирокчилари Авлиё Павел черкови олдидаги майдонни яқин орада бўштмаслик билан таҳдид қиляпти.

Лондон, Франкфурт ва Амстердамда душанба куни юзлаб намойишчилар давлат бюджетини қисқартириш ва йирик ширкатлар очкўзлигига қарши норозиликлар ўтказа бошлади. Уччала шаҳар молиявий ҳудудларидаги пикетлар ўтган шанба куни жаҳон бўйлаб 80 мамлакатдаги 900 дан ортиқ шаҳарда норозиликлар ўтказилиши ортидан бошланди.


Буюк Британия пойтахти Лондондаги Қимматбаҳо қоғозлар биржаси ёнида ўзларини капиталистик ғояга қарши дея атаётган бир неча юз киши чодирлар тикиб, пикетларини давом эттиришларини айтмоқда. Хабарларга кўра, намойишчилар чодирлари 70 тага етган.

Тадбир ташкилотчилари намойишни узоқ муддат давом эттириш учун керакли шароитларни яратишга келишиб олгани айтилмоқда.

Овқат тайёрлашни ташкил қиалётганлардан бири Рейтерс агентлигига буларни айтди.

- Ҳаёт учун энг зарур бўлган нарса сув ва овқатдир. Шунинг учун қўлимиздан келганча сув, озиқ-овқат етказиб бериш шароитларини тайёрлаяпмиз. Одамлар иссиқ чой ичиб олсин учун қайноқ сувимиз бор. Бундан ташқари одамлар газ плиталари сотиб олиш учун пул тўплашяпти. Бу ерда каламуш йки шунга ўхшаш нарсалар тарқалмаслиги учун гигиена воситаларини ҳам ўйлашимизга тўғри келади,- дейди яқин орада Лондон марказидаги Авлиё Павел черкови олдидаги майдонни бўшатмаслигини айтаётганлардан бири.

Улар кўтарган шиорларда “Босиқ бўл ва Лондонни эгаллар” ва “Банкларни эмас, одамларни қутқар” каби чақирувлар бор.

“Лондон биржасини эгалла” номли намойишнинг жамоатчилик билан алоқа учун масъул чодирида қўним топган Олли Тэйлор тадбирдан мақсад "ўз муждамизни одамларга етказиш" дейди.

- Биз жамоатчиликка ўзимиз тайёрлаган видео материалларни тақдим қиламиз. Биз уларга бу ерда нима рўй бераётганини тушунтирмоқчимиз. Матбуотда биз ҳақимизда хабарлар бериб бориляпти, лекин фикримизча етарли даражада эмас,- дейди Тэйлор.

Ҳолландия пойтахти Амстердамда ҳам Акциялар биржаси рўпарасидаги майдонда 300 га яқин намойишчилар лагер қурди.

Ташкилотчилардан бири Сет Ливензе Франс пресс билан суҳбатда: “Ҳозирда майдонни яқин орада бўшатиш ниятида бўлмаганлар сони кўпчиликни ташкил қилади. Улар мақсадга эришиш учун кунлар, балки ҳафталар давомида бу ерда қолиш ниятидир”, дея таъкидлади.

Германиянинг молиявий пойтахти Франкфуртда ҳам 200 га яқин одам еврозонадаги молиявий инқирозни бартараф қилишда бош-қош бўлган Европа Марказий банки биноси рўпарасида лагер қурди.

Улардан бири Александр Зак бундай дейди:

- Эртадан бошлаб Европа Марказий банки олдида турамиз. Банкирлар бизнинг орамиздан ўта олиши учун намойишчилар қатори сийрак бўлади, лекин улар бизнинг юзимизга қарашларига тўғри келади. Биз бу ерда улар содир қилаётган молиявий жиноятларга қарши курашгани келганимизни кўришларига тўғри келади. Улар одамлар нима бўлаётганидан хабардор экани ва вазиятни ўзгартириш ниятида бу ерга келганини кўришларига тўғри келади.

Шанба куни Лиссабон, Мадрид ва Рим каби йирик шаҳарларда ўн минглаб одам иштрокидаги намойишлар ўтказилди.

Намойишларнинг аксарияти фавқулодда ходисаларсиз ўтди, лекин Римдаги чиқишларда рўй берган тартибсизликлар шаҳрга 1 миллион АҚШ доллари миқдорида зарар келтирди. Оқибатда 12 киши ҳибсга олинди ва 130 дан ортиқ одам жароҳатланди. Уларнинг кўпчилиги полициячилар экани айтилмоқда.

Грецияда душанба куни балиқчилар бошлаган 48 соатлик иш ташлаш оқибатида йўловчи кемалари ҳам тўхтаб қолди. Натижада мамлакатнинг ўнлаб ороллари портлари ҳам ишдан тўхтади. Чоршанба куни эса Греция парламентида давлат бюджетини қисқартириш масаласи кўриб чиқилади ва айни пайтда мамлакат бўйлаб икки кунлик иш ташлаш бошланади.

Океан ортида, АҚШнинг Чикаго шаҳрида ширкатлар очкўзлигига қарши намойишчилар шаҳар паркида қурган лагерни тарк этишдан бош тортгач 175 киши ҳибсга олинди. Аризонанинг Тусон ва Феникс шаҳарларида ҳам полициянинг тарқалиш ҳақидаги буйруғига бўйсунмаган намойишчиларнинг 100 га яқини қўлга олинди.

Ню Йоркда ҳам “Уолл стритни босиб ол” ҳаракати қатнашчилари Таймс Скверда йирик намойиш ўтказаётган пайтда полиция билан тўқнаш келди ва уларнинг 70 нафари олиб кетилди.

Ҳаракатнинг матбуот билан алоқа учун масъул фаоли Билл Доббснинг айтишича, бир ой аввал бошланган кампанияга 300 минг АҚШ доллари миқдорида ҳайрия пули келиб тушган.

“Уолл стритни босиб ол” ҳаракати фаоллари ҳам “узоқ-муддатли кампания” ўтказиш учун кўрпа-ёстиқлардан тортиб, озиқ-овқат ва гигиена воситаларини сотиб олаётганларини айтмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG