Линклар

Қирғиз газеталарида қора пиар урчиди


Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси раиси Туйғунали Абдраимов маҳаллий журналистларни қора пиардан тийилишга чақирди.

Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси раиси Туйғунали Абдраимов маҳаллий журналистларни қора пиардан тийилишга чақирди.

Президентлик сайлови арафасида Қирғизистондаги айрим нашрлар номзодларни қоралаш ишлари билан шуғулланаяпти.

Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси раиси Туйғунали Абдраимов сайловолди тарғиботи жараёнида қирғиз тилидаги газеталар ўз хўжайинларига ёқмаган номзодларни қоралаш билан шуғулланаётганини айтиб ўтди.

Марказий сайлов комиссияси раиси қирғиз матбуотини қора пиарга йўл бермасликка чақириб, қирғиз газеталарида нашр этилаётган мақолалар мамлакатдаги вазиятни издан чиқаришга хизмат қилиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

- Бугунги кунда қирғиз газеталарини ўқиб, уларнинг хўжайинлари ким экани тўғрисида аниқ тасаввур ҳосил қилиш мумкин бўлиб қолди. Газеталар бир номзодни бошга кўтариб мақтаб, иккинчи номзод устидан эса мағзава ағдаришмоқда. Шунинг учун мен газета журналистларини мақола ёзаётганда ўйланиб иш қилишга, мамлакатдаги вазият барқарорлигини издан чиқаришга ҳисса қўшмасликка чақираман, - деди Туйғунали Абдраимов 17 октябр куни Бишкекда бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Айни пайтда сайловолди тарғиботи жараёнида номзодлар нафақат муайян бир сиёсатчига хизмат қилаётган газеталар, балки оддий сайловчилардан ҳам озор кўрмоқда. Сўнгги икки ҳафта мобайнида президентликка номзодлар Анарбек Қалматов, Адахан Мадумаров, Қубатбек Байболов ва бошқалар кимлиги шу кунгача номаълум қолаётган шахслар томонидан ҳам маънавий, ҳам моддий зарар тортишди. Гап шундаки, республиканинг айрим ҳудудларида мазкур номзодларга тегишли ва ҳар бири ўртача 500 долларга ясатилган реклама баннерларига қора мой суртилиб, ўт қўйиб кетилмоқда. Бундан эса ҳар бир номзод камида 2-3 минг доллар атрофида моддий зиён кўргани айтилмоқда.

- Масалан, 13-14 октябр кунлари Балиқчи шаҳрида Қубатбек Байболовнинг ҳажми 10х2 бўлган реклама баннери йиртиб ташланган. Иссиқкўл вилоятининг бошқа ҳудудларига ўрнатилган баннерларимиз ҳам йиртилган. Бу иш бизнинг рақибларимиз томонидан қилинаётганига шубҳа йўқ, - деди президентликка номзод Қубатбек Байболов сайлов штаби раҳбари Дўсмир Ўзбеков.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги президентликка номзодларга келтирилган моддий зиёнлар борасида 8 та жиноят иши очилганини, бироқ реклама баннерларини йиртиб, ўт қўйиб кетаётган гуруҳ шу кунгача аниқланмаганини билдирмоқда.

Айни пайтда, расмий маълумотларга кўра, 1 октябрдан 17 октябргача президентликка номзодларнинг ҳар бири ўрта ҳисобда тарғибот-ташвиқот ишлари учун 700 минг доллар миқдорида маблағ сарфлашган. Масалан, президентликка номзод Алмазбек Атамбаев мазкур мақсад учун 756 минг доллар, Адахан Мадумаров 470 минг доллар сарфлаган.

Қирғизистонда президентлик сайлови 30 октябрда ўтказилади. Президентлик лавозими учун 19 номзод кураш олиб бормоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG