Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:10

Тўйга чиққан санъаткордан лицензия сўралмоқда


Фарғона водийсида мусиқий фаолият кўрсатаëтган 800 нафар санъаткордан фақат 80 нафари лицензия олган.


Бу фикрни Озодликка билдирган “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси Фарғона вилоят бўлими раҳбари Икромжон Жалиловга кўра¸ айни кунларда Солиқ қўмитаси ҳуқуқ тартибот органлари ходимлари билан биргаликда тўйларда муттасил рейд ўтказмоқда.

Рейд давомида мусиқий фаолияти учун лицензияси бўлмагани аниқланган яккахон ашулачи¸ ўртакаш¸ доиракаш¸ сурнайчи ва қўшнайчилар жаримага тортилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 29 июндаги 285-сонли қарорига кўра гастрол –концерт фаолияти¸ шунингдек тўй¸ юбилей ва бошқа тантаналарда хизмат кўрсатиш фаолияти лицензияланган.

“Ўзбекнаво” вакили Икромжон Жалиловга кўра¸ бу қарор чиққанига 10 йилдан ошган бўлса-да¸ санъаткорларнинг катта кўпчилиги лицензия олишга шошмаяпти.

- Лицензия нархининг йилига 150 долларнинг нари-берисида эканини ҳисобга олсак¸ қўшиқчиларнинг буни тўламасдан юриши ғирт ноинсофликдир.

"Қарор баҳонасида қўшиқчиликни касб қилган олганлар бир тарафда қолиб¸ тўй-пўйда бир-икки қўшиқ айтиб қўйган¸ аския айтган халқдан чиққан ижодкорлар жаримага тортилмаябтими"¸ деган саволимизга Икромжон Жалилов рад жавобини берди.

- Халқ оғзаки ижоди вакиллари¸ қизиқчиларга тегмаяпмиз. Бизни назаримиз қўшиқчиликни йил 12 ой тирикчилик манбаи қилиб олганларга қаратилган.

Исми айтилишини истамаган хоразмлик қўшиқчининг Озодликка билдиришича шу кунларда “Ўзбекнаво” назоратчилари тўйма-тўй кезиб лицензиясиз қўшиқчиларни овламоқда. Оқибатда тўйлар тўпалонга айланган.

“Ўзбекнаво”нинг Хоразмдаги идораси раҳбари Ўктамбек Аҳмедов бу эътирозга жавоб берди.

- Биз белгиланган режа асосида рейдлар ўтказяпмиз. Аммо бирор ҳолатда тўйлар бузилишига¸ тўйларнинг мусиқасиз қолишига сабаб бўлмадик. Танаффус пайтида ëки тўйдан кейин санъаткорни четга тортиб лицензияси бор-йўқлигини сўраяпмиз.

Суҳбат давомида Ўктамбек Аҳмедов ўзининг ҳам санъаткор экани ва бир тўйдан тушадиган пул бир йиллик лицензия учун етиб ортишини таъкидлади.

Ўзбекистонда санъаткорлар фаолиятни лицензиялаш¸ улар устидан назорат ўтказишнинг самарали воситаси сифатида кўрилади.

“Аср” гуруҳи қўшиқчисиз Абдулазиз Карим криминал авторитет деб билинган Салим Абдувалиевни мадҳ қилгани учун лицензиядан маҳрум қилинган.

Айни пайтда лицензиянинг мавжудлиги ҳам санъаткорга дарҳол яшил чироқ ëқмайди.

Шерали Жўраев¸ Юлдуз Усмонова¸ Феруза Жуманиëзова каби хонандалар ва Обид Асомов каби қизиқчилар лицензияси бўла туриб ижодий фаолияти чекланганини айтиб келишади.
XS
SM
MD
LG