Линклар

Хўжандда ҳизбчиликда айбланганлар қамалди

  • Гулнора Равшан

Маълумотларга кўра, Хўжандда судланганлар маҳкама жараёнида ўзига нисбатан қўйилган айбловни тўла тан олган.

Маълумотларга кўра, Хўжандда судланганлар маҳкама жараёнида ўзига нисбатан қўйилган айбловни тўла тан олган.

Ҳизбут-Таҳрирнинг Тожикистон шимолидаги амири ўлароқ кўрилган Абдунаби Абдуқодиров ва яна уч киши узоқ йилларга озодликдан маҳрум этилди.

Ўтган ҳафта Абдунаби Абдуқодиров ва Ҳизбут-Таҳрирнинг яна бир фаоли Яҳёхон Раҳимхўжаев 20 йилданга, уларнинг шериклари Талъат Мавлонов ва Иброҳимбек Маҳмудов эса 22 йилданга қамоқ жазосига ҳукм этилдилар. Бироқ “Авф тўғрисидаги қонун”нинг 13-бандига мувофиқ уларнинг жазо муҳлати икки йилданга қисқартирилди.

- Абдунаби Абдуқодиров, Яҳёхон Раҳимхўжаев, Талъат Мавлонов ва Иброҳимбек Маҳмудов мол-мулк мусодараси билан жазони қаттиқ режимдаги колонияда ўтасин. 5 йилгача давлат идораларидаги раҳбарлик лавозимларида ҳамда диний муассасаларда фаолияти таъқиқлансин, - деди суд ҳукмини ўқиб эшиттирган Сўғд вилоят судяси Шодихон Назаров.

Эслатсак, Абдунаби Абдуқодиров, Яҳёхон Раҳимхўжаев, Талъат Мавлонов ва Иброҳимбек Маҳмудов шу йилнинг июн ойида Хўжандда хавфсизлик ходимлари томонидан ҳибсга олинган эди.

Судя Назаровдаги маълумотларга кўра, Талъат Мавлонов ва Иброҳимбек Маҳмудов ёнларида қурол ва наркотиклар билан қўлга олинган.

Ҳукм ўқиб эшиттирилгандан сўнг залдан олиб чиқиб кетилаётган пайт судланганлар “биз демократик қонунларни тан олмаймиз, биз Ислом қонунларини тан оламиз” дея бир неча марта такрорларди.

Судланганларнинг яқинлари суд ҳукми билан рози эмасликларини айтди.

- Мен рози эмасман, ноҳақ бу иш, жазоси ноҳақ. Бу ҳеч кимни ўлдиргани йўқ, ўғирлик қилгани йўқ. Худонинг йўлида юрган экан ўғлим, ҳали ҳаммамиз шу йўлга борамиз, - деди Ҳизбут-Таҳрирнинг Тожикистон шимолидаги “амир”и экани айтилган Абдунаби Абдуқодировнинг онаси.

Ўз исмини айтмаган яна бир онахон ўғли Талъат Мавлонов фақат исломга даъват учун қамалганини айтади.

- Ўлдирган кўчада юрибди, пулни обориб беради, бизда пул йўқ. Нашаванд, одамкуш ҳамма кўчада. Лекин бизларни обориб тиқиб қўяди. Булар фақат Исломга даъват қилишган, бошқа ҳеч гап йўқ, - деди Таълат Мавлоновнинг онаси.

Ҳар иккала аёл ҳам суд ҳукми устидан бирор ерга ариза билан чиқмасликларини, зеро, бундан бирор натижа чиқишига ишонмасликларини айтди.

Аснода Яҳёхон Раҳимхўжаевнинг оқловчиси Шуҳрат Эҳсонов ўз ҳимоясидаги шахс ҳақ-ҳуқуқларини қонун доирасида ҳимоялашга ҳаракат қилиши ва албатта кассация тартибидаги ариза билан Олий судга мурожаат қилишини билдирди.

- Ҳимоямдаги шахс ҳам ҳукмдан рози эмас. Чунки ҳақиқатан жуда катта муҳлат бериб юборилди. Биз Сўғд вилоят ҳукми юзасидан албатта Олий судга мурожаат қиламиз, - деди адвокат Шуҳрат Эҳсонов.

Ҳизбчиликда айбланган бошқа судланганлар, яъни Абдунаби Абдуқодиров, Талъат Мавлонов ва Иброҳимбек Маҳмудов эса ҳибсга олинган кундан ҳукм ўқилгунча умуман адвокат билан таъминланмаган.

Айтиш лозимки, 2001 йили Тожикистон ҳудудида фаолияти таъқиқланган Ҳизбут-Таҳрир ташкилотига аъзоликда айбланиб, маҳкамага тортилганлардан бирортасига ҳали оқлов ҳукми чиқарилмаган. Мустақил кузатувчиларга кўра, аксинча, Адлия тизими ҳизбчиликда айбланганларга кескинроқ жазо тайинлашга ҳаракат қилади. Шунга қарамай, сўнгги йилларда, кузатувларга кўра, тожик жамиятида Ҳизбут-Таҳрир ташкилотига эргашувчилар сони ортиб бормоқда.
Сўғд вилоят прокуратурасидан олинган маълумотларга кўра, 2010 йили экстремистик ташкилотга аъзоликдан айбланган тўқсон нафар фуқарога нисбатан жиноят иши очилган бўлиб, шундан 42 таси ҳизбчиларга оид экан.

2008 йили Тожикистон Олий суди Ҳизбут-Таҳрир ташкилотини диний-экстремистик ташкилотлар рўйхатига киритган эди. Ўтган бу давр ичида юзлаб тожикистонликлар мазкур ташкилотга аъзолик айби билан қамоққа ташланди. Ўша йилнинг ўзида Тожикистон Маданият вазирлиги мазмунан бу ташкилот ғояларини тарғиб қилади, деган иддао билан ўнлаб диний китобларнинг аҳоли орасида тарқалишини таъқиқлади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG