Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:06

Термизда ҳарбий-спорт оромгоҳи очилди


Аксар ҳолларда тарбияси оғир болаларнинг борар манзили колониялар бўлади.
Аксар ҳолларда тарбияси оғир болаларнинг борар манзили колониялар бўлади.

Ўзбекистон тарбияси оғир болаларни совет педагоги Макаренко услубида тарбиялашни режалаштирмоқда.


Тарбияси оғир болалар учун махсус оромгоҳ

Сурхондарёнинг Термиз туманидаги ҳарбий қисмлардан бирида милиция ҳисобида турувчи вояга етмаган ёшлар учун ҳарбий-спорт оромгоҳи фаолият бошлади.

Оромгоҳ Сурхондарё вилоят ҳокимлиги, вилоят прокуратураси, вилоят Ички ишлар бошқармаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши, “Маҳалла” ва Болалар спортини ривожлантириш жамғармалари вилоят бўлимлари ҳамкорлигида ташкил қилинган.

Сурхондарё вилоят “Маҳалла” жамғармаси ходимига кўра, тарбияси оғир болаларни оромгоҳга жалб қилиш орқали ёшлар ўртасида жиноятчилик, ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш, уларни ватанга садоқат руҳида тарбиялаш режалаштирилган.

- Термиз шаҳрида 7 кун мобайнида тарбияси оғир болаларга ўқув лагери ташкил қилинди. Энди китобий тилда айтадиган бўлсак, ватанпарварлик руҳидаги ҳар хил спорт мусобақалари бўлиб ўтиши кўзда тутилганда. Мақсад¸ шуларни тўғри йўлга бошқаришда имкон даражасида. Ҳар сафар 100 бола. Масалан¸ 14 та туман бўлса, ҳар бир тумандан еттитадан бола. Термиз шаҳрининг ўзидан тўққизта. Жами 100 киши. Тарбияси бузуқ болаларнинг сонини ҳозир аниқ билмайману, лекин шуларнинг ҳаммаси билан профилактика ишларини олиб бориш керакда. Улар ҳам орқасида кимдир борлигини, кимгадир суяниши мумкинлигини билиши керак. Уларни ўз ҳолига ташлаб қўйиб бўлмайдида, дейди “Маҳалла” жамғармаси ходими.

Суҳбатдошга кўра, оромгоҳда ўсмирлар ҳарбий интизом бўйича ўқув семинарлар ва турли хилдаги спорт мусобақаларида иштирок этадилар.

Тадбирларда фаол иштирок этган болаларни ички ишлар бўлимларининг профилактик ҳисобидан чиқариш режалаштирилган.


Ўзбек болаларини Макаренко услубида тарбиялаш

Термиздаги ушбу оромгоҳ Совет педагоги Антон Семёнович Макаренко мактабини ёдга солади.

1920 йилда Макаренко ёш жиноятчилар, қонунбузар болалар учун махсус колония ташкил қилиб, олти йил давомида 400 болани тарбиялаган эди.

Макаренко тарбиясини олган болаларнинг интизомли, меҳнатни севадиган, намунали хулқли инсонлар бўлиб етишгани айтилади.

Узоқ йиллар таълим соҳасида фаолият кўрсатган собиқ ўқитувчи Абдулла Абдураззоқов Ўзбекистонда тарбияси оғир болаларни Макаренко усулида тарбиялаш режасини самарасиз¸ деб ҳисоблайди.

- Макаренко услубига салбий фикрдаман. Тарбияси оғир болаларни ахлоқ тузатиш колонияси, қамоқда тузатамиз¸ дейди. У ерда фақат тажриба алмашишга боради ўғрилар, тарбияси оғир болалар. Тажрибаси ортиб чиққанда ундан баттар бўлса бўладики, 100тадан биттаси тузалган бўлиши мумкин. 99таси тарбияси бузилиб, ахлоқи янаям оғирлашиб чиққанига мисоллар кўп. Бу нарса фақат тескари натижа беради¸ деган фикрдаман. Шу маънода имкон қадар уларни бир жойга йиғиш эмас, уларни бошқалардан ибрат оладиган одамлар орасида таъсирчан йўлларини ўйлаб кўриш керак, дейди Абдулла Абдураззоқов.

"Жиноятчини ҳам тарбияласа бўлади"

Сурхондарёлик ўқитувчи Ёдгор Рашид ўқувчилари орасида милиция ҳисобида турган болалар йўқ. Лекин Ёдгор Рашид тартибсиз ва билим олишни хоҳламайдиган ўқувчилари характеридан келиб чиқиб, тарбияси оғир болаларни тарбиялаш мумкин¸ деб ҳисоблайди.

- Бу ишни бир ҳафтада нима қилиб бўлмайди. Менинг фикримча, милиция рўйхатида турган ўқувчиларни, 10та бордир, 15та бордир, қайси соҳага қизиқса, шу бўйича тарбияласа, бўлади. Бир ҳафта жуда кам, камида икки йил тарбияласа натижа бўлиши мумкин. Масалан¸ адабиëт, тарихга қизиқмагани билан бола техниканинг у томонидан кириб бу томонидан чиқиб кетиши мумкин. Қизиққан соҳасига қизиқтирса, барибир яхши одам бўлади. Масалан¸ ўғрига ўғирлик ëмонлигини тушунтирсада техникага қизиқадими, чорвагами, спортгами, санъат соҳасигами шунга йўналтириб шароит яратиб берса, шу йўлдан кетади у. Буни ўқувчиларим мисолида кўп бора гувоҳи бўлганман, дейди Ёдгор Рашид.

"Тарбияси оғир болалар кўпаймоқда"

Бугунги кунда Ўзбекистонда милиция бўлимларида махсус ҳисобда турган вояга етмаганларнинг аниқ сони маълум эмас.

Тошкентдаги ҳуқуқ тартиботларидан бирида ишловчи манбага кўра, кейинги пайтда тарбияси оғир болалар сонида ўсиш кузатилаяпти.

Бу ҳолатни ўрганган Тошкентдаги “Веритас” ёшлар ташкилоти раҳбари Санжар Саидовга кўра, бунинг сабаблари ижтимоий-иқтисодий муаммолардир.

- Биринчидан, бугунги кунда Ўзбекистондан кўпчилик чет элда меҳнат муҳожири сифатида ишлаëтган бўлса, шунақа оилалар борки ҳатто онаси ҳам, отаси ҳам кетган, уйида фақат фарзандлари қолган. Ëки бўлмаса фарзандларини бобо-бувиларига ташлаб кетиб, ўзлари икки-уч йиллаб Россия, Қозоғистон ва бошқа мамлакатларда ишлаб юрган ота-оналар бор. Бу шароитда бевосита ота-она тарбиясидан узоқда қолган болалар назоратсизлик асосида ëки бўлмаса атроф-муҳитнинг ëмон таъсири натиажсида ëмон йўлларга кириб кетаётган ҳолатлари бор.

Иккинчи масала, бу ҳам ижтимоий-иқтисодий муаммога бориб тақалади. Вояга етмаганларни бугунги кунда меҳнатга жалб қилиш ҳолатлари¸ яъни оиласида етишмовчилик сабабли шу болалар мактабда ўқиш давомида ишлашга мажбур бўлаëтганлиги, айрим ҳолларда ўқишга умуман бормасдан пул топиш мақсадида ишга жалб қилинаëтгани ҳолатлари кўп. Бундай болалар тарбиядан узилиб қолгандан кейин ҳар хил йўлларга кириб кетган ҳолатлари ҳам мавжуд, дейди Санжар Саидов.

“Веритас” раҳбари вояга етмаган болалар орасида жиноятчилик ҳолатларининг кўпаётганига учинчи сабабни ҳам келтирди.

Санжар Саидовга кўра, айрим ота-оналар болаларини молиявий таъминлаш етарли деб ҳисоблаб, уларнинг тарбиясига эътибор қаратмаётгани оқибатида болаларнинг жиноят кўчасига кириш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.
XS
SM
MD
LG