Линклар

logo-print

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси 2012 йилда Лондонда бўлиб ўтадиган Олимпиада ўйинларида иштирок этиш учун 17та лицензияни қўлга киритди.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раиси маслаҳатчиси Роман Ицковнинг Озодликка айтишича, жаҳон биринчилиги учун ўтказилган мусобақаларда яхши натижаларни қўлга киритгани боис ўзбекистонлик спортчилар Лондонда бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларида қатнашади:

- Лицензия олиш учун, масалан, бокс бўйича жаҳон биринчилигида спортчи кучли саккизлик таркибида бўлиши керак. Боксчилар Элшод Расулов ва Жўрабек Латипов Озарбойжонда ўтказилган жаҳон биринчилигида бронза медалини қўлга киритдилар. Бу мусобақада чорак финалгача борган Орзубек Шоимов ва Фазлиддин Ғойибназаровлар ҳам иккита лицензияга эга бўлди, дейди Роман Ицков.

Раис маслаҳатчисига кўра, шунингдек, бадиий гимнастикадан битта, байдарка ва каноэда сузишдан иккита, шосседаги велоспортдан учта, сузишдан иккита, енгил атлетикадан эса бешта лицензия қўлга киритилган.

Роман Ицков, Олимпиада ўйинлари бошлангунга қадар жаҳон биринчиликларида яхши натижалар қўлга киритилишига умид қилмоқда:

- Бизда бир йилдан озроқ вақт қолди. Бу давр мобайнида анча мусобақалар ўтказилади. Биз ноябр ойигача камида йигирмата лицензияни қўлга киритишни режалаган эдик. Бироқ гимнастикачиларимиз бир оз бизни уялтириб қўйди, дейди Роман Ицков.

2008 йилда Хитойда ўтказилган Олимпиада ўйинларида ўзбекистонлик 58 спортчи қатнашган эди. Лондонда ўтказиладиган Олимпиада-2012 ўйинларида эса ҳозирча 17 спортчининг иштирок этиши кутилмоқда.

"Бир йилдан оз вақт қолди, демак бу сафар спортчилар анча кам иштирок этар экан-да", деган саволга :

- Сиз шошмай туринг. Бу ҳали тонг отди дегани эмас. Келгуси йилнинг июл ойигача спортчилар лицензия нормативларини бажарадилар. Яхши ният қилайлик, 58тадан кам бўлмайди, Худо хоҳласа, дейди Роман Ицков.
XS
SM
MD
LG