Линклар

Ҳиллари Клинтон GM Uzbekistan заводини бориб кўради


Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Элёр Ғаниев ва АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Элёр Ғаниев ва АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон келаси якшанба куни Ўзбекистонга сафари давомида GM Uzbekistan қўшма корхонасига қарашли автомоторлар ишлаб чиқарадиган янги заводни бориб кўради. Бу ҳақда General Motors Co. Ширкатига таяниб, The Detroit News газетаси хабар қилди.

“Клинтон GM ширкатининг Тошкентдаги янги автомотор заводига боради”, деди ширкат расмийси Грэг Мартин.

Қарийб 522 миллион АҚШ долларига тенг янги завод қурилиши ҳақида ўтган йил бошида эълон қилинган эди. GM Тошкент вилоятида қурилган ва ноябрда ишга тушиши кутилаётган заводнинг 52 фоиз акцияларига эгадир, қолган 48 фоизи ЎзАвтосаноатга тегишли. Унда йилига 225 минг дона 1, 1,2, 1,4 ва 1,5 литр ҳажмидаги моторлар ишлаб чиқарилиши ва GM Uzbekistan қўшма корхонаси машиналари чиқадиган Асака заводига юборилиги кўзда тутилган.

GM Uzbekistan 2008 йилда тузилган қўшма корхона бўлиб, унинг 75 фоиз улуши ЎзАвтосаноат, 25 фоиз акциялари эса Америка ширкатига қарашлидир.

Қўшма корхонада 6600 киши ишлайди ва йилига Chevrolet маркасидаги 200 минг дона енгил автомобиллар ишлаб чиқарилади.
АҚШ Давлат котибининг 22-23 октябр кунлари Ўзбекистонга сафар қилиши ҳақида ўтган ҳафта охирида маълум бўлди. Айтилишича, ушбу ташриф ҳақида ўтган ойда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Элёр Ғаниевнинг Вашингтонга сафари чоғида келишиб олинган.

Ўзбекистон ҳудудидан ўтадиган Шимолий Таъминот Тармоғи орқали Афғонистонга юклар транзитини ошириш илинжида Вашинтоннинг Тошкент ҳукумати билан алоқаларни яхшилашга уринаётгани инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан танқид қилинмоқда.
XS
SM
MD
LG