Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:26

Тошкент МДҲ билан эркин савдога тайёр эмас


Бу ҳақда МДҲ доирасида Эркин савдо ҳудуди тўғрисида шартнома имзоланмиш йиғинда билдирилди.


Санкт-Петербург шаҳрида 18 октябр куни ўтказилган йиғинда Россия, Украина, Белaрус, Қозоғистон, Арманистон, Қирғизистон, Молдова ва Тожикистон Бош вазирлари иштирок этдилар ва 30 га яқин битим имзоладилар. Бу ҳужжатлар ичида энг муҳимларидан бири Эркин савдо ҳудуди тўғрисида шартномадир. Бироқ мазкур ҳужжатни МДҲга аъзо бўлмиш Ўзбекистон, Туркманистон ва Озарбайжон имзоламади.

- Делегация раҳбарлари илтимосига кўра¸ улар шу йил охиригача мазкур шартномага қўшилиш имкониятини ўрганиб чиқадилар, деди Россия Бош вазири Владимир Путин Санкт-Петербург йиғинидан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистон, Туркманистон ва Озарбайжоннинг нима учун шартномани имзоламаганига изоҳ бераркан.

Шунга қарамай, Путинга кўра, узоқ давом этган, конструктив характерга эга бўлган музокаралар натижасида МДҲ давлатларининг делегация раҳбарлари ҳатто ўзлари учун ҳам кутилмаган натижаларга эришганлар.

Маълумотларга кўра, 2011 йилнинг биринчи ярмида МДҲ давлатлари ўртасидаги товар айирбошлаш 48 фоизга ўсиб, 134 миллиард АҚШ долларини ташкил этган.

- Агар биз Эркин савдо ҳудуди тўғрисида шартномага деярли эга бўлмаган бугунги кунда шундай суръатлар билан ривожланаётган бўлсак, бу ҳудуд ишга тушганда биздаги товар айирбошлаш суръатининг қандай бўлишини тахмин қилиш мумкин, дер экан Путин янги шартнома МДҲ давлатлари бозорларини очиб ташлашини таъкидлади.

Кеча имзоланган шартномада бир қанча товарлар бўйича экспорт ва импорт бож тўловларини бекор қилиниши кўзда тутилган. МДҲ ҳудудида эркин савдо учун монеълик қилаётган бир қанча тўсиқларни олиб ташлаши айтилаётган бу шартнома Ҳамдўстликнинг бундан буёнги такомили учун мустаҳкам тамал бўлиши иддао қилинмоқда.

Аснода кузатувчилар бу шартноманинг имзоланишини Россия Бош вазири Владимир Путиннинг Евроосиё иттифоқини яратиш йўлидаги навбатдаги қадами ўлароқ баҳоламоқдалар. Путиннинг мазкур лойиҳаси Ғарбда собиқ СССРни бошқача шаклда қайта тиклаш уринишлари сифатида кўрилганди.

МДҲ мамлакатлари Бош вазирлари кечаги йиғини якунларига қараганда, Ўзбекистон, Туркманистон ва Озарбайжон ҳозирча бу интеграция механизмининг бир бўлаги бўлиш ёки бўлмаслиги ҳақида ҳозирча қатъий қарорга келганлари йўқ.
XS
SM
MD
LG