Линклар

Бундан бир ой аввалроқ амнистияга тушган саккиз нафар тожикистонлик аёл қамоққа қайтиш мақсадида атайлаб жиноят қилгани айтилмоқда.

Бу борада хабар тарқатган Тожикистоннинг Хатлон вилояти прокуратурасининг маълум қилишича, аёллар ўғрилик, қаллоблик ва безориликда айбланмоқда.

Ҳозирча шахси эълон қилинмаган бу саккиз нафар аёл 24 август куни “Авф тўғрисидаги қонун”га асосан озодликка чиқарилган эди.

Эндиликда ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қайта ҳибсга олинган аёллар, Хатлон вилоят прокуратурасидаги манбанинг билдиришича, дастлабки тергов жараёнида Норак аёллар қамоқхонасига қайтиш мақсадида атайлаб жиноят содир этганларини эътироф қилганлар ва қилмишларидан пушаймон эмас.

Бироқ маҳаллий таҳлилчи Муҳаббат Мирзораҳимова аёллар қамоққа қайтиш мақсадида атайлиб жиноятга қўл урганига ишонмаслигини айтади.

- Қамоқдаги ҳаёт озодликдагидан яхшироқ бўла олмайди. Шуни назарга олган ҳолда, бирор инсон қамоқда қолиш учун қасддан жиноят содир қилмайди. Мен шахсан бунга ишонмайман, - дейди мустақил таҳлилчи Муҳаббат Мирзораҳимова.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ўғирлик ва қаллоблик каби жиноятларга асосан қамоқдан чиққан ва даромад манбаи ёки боқувчиси бўлмаган аёллар қўл уришини айтади.

Бошқа бир гуруҳ таҳлилчилар мулоҳазасича, амнистияга тушган саккиз аёлни қайта жиноятга ундаган омиллар ҳам айнан шу бўлиши мумкин.

Жамиятшунос Бунафша Ғуломованинг кузатишларига кўра, қамоқдан чиққач, жамият ҳаётида ўзини бегона сезган аёллар кўп ҳолларда изоляцияда яшашни афзал биладилар.

- Бу аёллар қамоқдалик чоғида оиласи бузилган, яқинлари юз ўгирган. Қамоқдан қайтгач, иш тополмайди. Давлат ва жамият назаридан четда қолади. Натижада улар ўзини жамият учун кераксиз, деб ўйлайди. Табиийки, ижтимоий, иқтисодий муаммолар ва руҳий азобдан кўра ортга, яъни қамоқ ҳаётига қайтишни афзал билади, - дея мулоҳаза билдиради жамиятшунос Ғуломова.

Айни пайтда Тожикистон Адлия тизими масъуллари республика қамоқхоналарини халқаро меъёрлар талабига мослаштириш борасида талайгина ишлар қилинганини таъкидлаб келади.

- Ҳозир қамоқхоналаримизда шароит аввалги йиллардагидан анча яхши.
Хусусан, Норак шаҳридаги аёллар қамоқхонасида шароит жуда зўр. Уч маҳал овқат, душ кабиналари, тоза тўшаклар бор. Амнистияга тушган баъзи аёллар қамоқхонадан чиқаётиб ҳатто йиғлади, “бизни шу ерда қолдиринг” деб, - деган эди 24 август куни Тожикистон Адлия вазирлигининг қамоқхоналарини назорат қилиш бошқармаси масъули Нуриддин Раҳмонов биз билан ўзаро суҳбатда.

Мустақил кузатувчиларга кўра, айрим аёллар учун озодлик “даҳшатли” туюлади. Негаки, олдинда янгича ҳаёт, оилани таъминлаш масъулияти ва жамият билан алоқа ўрнатиш кабилар собиқ маҳбусаларга қийин кўринади.

Шу йил 20 августида Тожикистонда эълон қилинган “Авф тўғрисидаги қонун”га биноан Норак шаҳридаги ягона аёллар қамоқхонасидан 180 дан зиёд маҳбуса озод этилди. Оммавий ахборот вакиллари билан суҳбатда уларнинг кўпчилиги умрининг энг қимматли лаҳзалари панжара ортида ўтганидан пушаймон эканини айтганди.

Айни пайтда қайта жиноятга қўл урган саккиз аёлни тергаётган прокуратура ходимлари бу аёллар жамиятнинг тузалмас яраси эканини таъкидламоқдалар. Кузатувларга кўра, қамоқ ҳаётига ўрганган камдан-кам аёл ислоҳ бўлади.
XS
SM
MD
LG