Линклар

Тошкент сўровига кўра экстремизм ва террорчиликда гумон қилиниб Москва вилоятида қўлга олинган Ўзбекистон фуқароси Россия оммавий ахборот воситаларида аллақачон жиноятчига чиқариб қўйилди. Интерпол ҳибсга олган 32 ёшли Фаррух Ботировни ўз ҳимоясига олган “Фуқаровий кўмак” ташкилоти ҳуқуқшунослари уни Ўзбекистон махфий хизматлари бошлаган яна бир сиёсий ўйин қурбони сифатида баҳоламоқда.


32 ёшли қашқадарёлик Фаррух Ботиров Тошкентдаги портлашлар (1999 йил ëхуд 2004 йилги портлашлардан қай бири экани расман очиқланмаган - таҳр.) уюштириш ва давлат тузумини ағдаришга уринган ноқонуний ташкилотларга алоқадорликда айбланиб, халқаро қидирувга берилган.

Ботиров 12 октябрга ўтар кечаси Москва вилояти Солнечногорск туманида Россия ИИБсининг Экстремизмга қарши кураш маркази ва Интерпол ҳамкорликда ўтказган махсус амалиёт натижасида ҳибсга олинган эди.

Қашқадарёлик бу мардикор йигит иши билан қизиқиб қолган Москвадаги “Фуқаровий кўмак” ташкилотининг Марказий осиёлик қочқинларга кўмак дастури Ботиров учун махсус адвокат ёллади.

Маҳбус ҳимояси билан куни-кеча Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 159, 244/1 ва 244/2 моддалари бўйича айбланаётган Фаррух Ботировни вақтинчалик сақлаш изоляторида кўриб келган адвокат Надежда Ермолаева шуғулланмоқда.

- Мен Ботиров билан учрашишга муваффақ бўлдим. У Солнечногорск тумани изоляторида сақланмоқда. Бу ерда у жума кунгача бўлади, кейин тергов изоляторига ўтказишади. Биз эндиликда ундан хабар олиб турамиз. Ботировнинг бегуноҳлигини исботлаш учун камида ярим йил вақт кетади, деб ўйлайман. Афсуски¸ у шунча вақт у тергов изоляторида қолишга мажбур. Фаррух икки йилдирки Россияда экан. Жиноий иш эса бир йил олдин қўзғатилган. Ундан олдин қидирувда бўлмаган, жиноий жавобгарликка тортилмаган. Кимдир унга қарши Ўзбекистонда туҳмат қилган бўлиши мумкин¸ у ердаги милициячилар маҳбуслардан қай тарзда керакли жавобларни олиши мумкинлигини мендан яхши билсангиз керак, дейди адвокат Надежда Ермолаева.

Адвокатнинг сўзларига кўра, Россия ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимлари дастлаб Ботировнинг укаси Фаридни ҳибсга олган. “Адашганини англаган полициячилар Фаридни қўйиб юборган ва кейинроқ Фаррухни қўлга олган", дея давом этади Надежда Ермолаева.

- Ишонинг, мен уни кўриб йиғлаб юбордим. Оммавий ахборот воситаларида берилаётган маълумотларни ўқиб олгандан кейин изоляторга кириб¸ у ерда камида соқолли, жуда бўлмаганда дўппи кийган одамни кўраман, деб ўйлаган эдим. У ҳатто намоз ўқишни ҳам билмас экан! Кўринишидан кўчаларимизда юрадиган оддий мардикор йигит. Шунга қарамасдан у ўзини дадил тутаяпти, фақат нима бўлаётганини тушунмаëтган кўринади. Террорчилик ҳақида у бизга ўхшаб радио-телевизордан эшитганини айтди. Ўзбекистон ўз айблов ҳужжатларини ҳозирча юборгани йўқ, дейди Ботиров ҳимояси билан шуғулланаëтган адвокат Надежда Ермолаева.

Адвокатнинг айтишича, Ўзбекистон 40 кун ичида Фаррух Ботировни экстрадиция қилиш бўйича сўров ҳужжатларини юбориши зарур. “Акс ҳолда уни қўйиб юборишлари керак”, дея қўшимча қилади Ермолаева.

Айни пайтда Россия оммавий ахборот воситаларида Фаррух Ботировни аллақачон ўта хавфли террорчи ва экстремистга чиқарган саноқсиз мақола ва хабарлар тарқалмоқда.

“Комсомольская правда” газетаси хабарига кўра, Подмосковьеда “Россия ҳудудида ўзбекистонлик экстремистик ҳаракат етакчиси ва иштирокчиларидан бири” ҳибсга олингани ҳақида МДҲ давлатлари Ички ишлар вазирликлари ва полиция раҳбарларининг Ереван учрашувида ҳатто Россия Ички ишлар вазири Рашид Нургалиев ҳисобот беришга улгурган.

“Рашид Нургалиев йиғилишда 32 яшар Фаррух Ботировнинг Тошкентдаги портлашларга алоқадорлигини тасдиқлади”, дея ёзади “Комсомолка”.

Боз устига Россия оммавий ахборот воситларида “террорчилар етакчиси” Ботировнинг паспорт, патент ва миграция ҳужжати маълумотлари чоп этилган, газета расмий сайтига Фаррухдан изоляторда олинган сўроқ видеоролиги ҳам кўйилган.

“Бу баёнотлар мутлақо қонунга зид”, дейди Озодликка Москвадаги “Фуқаровий кўмак” ташкилотининг Марказий осиёлик қочқинларга кўмак дастури раҳбари Елена Рябинина.

- Бу айбсизлик презумпциясининг қўпол равишда бузилишидир! Биз унга адвокат ёлладик, чунки у бизнинг ҳимоямизга муҳтож бўлганлардан бири. Энди биз суд қарори эълон қилинмасдан мижозимизни террорчилик ёки экстремизмда айблаётган ҳар қандай шахс ёки расмийни жавобгарликка тортишимиз мумкин. Шунингдек, бу ноўрин айбловлар Страсбург судига мурожаат қилиш учун яна бир асос бўлади, дейди Елена Рябинина.

Интерпол ходимларининг маълум қилишича, Қашқадарё вилоятининг Ғузор тумани Батош қишлоғидан бўлган 32 ёшли Фаррух Ботиров “ноқонуний экстремистик ташкилотга аъзолик ҳамда Тошкент ва бошқа йирик шаҳарларда портлашлар уюштиришга уринганликда” айбланиб, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан халқаро қидирувга берилган.

Интерполдан олинган маълумотларга кўра, Фаррух Ботировнинг рафиқаси ва икки нафар фарзанди Ўзбекистонда қолган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG