Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:22

АҚШ ҳарбийлари Марказий Осиëда ҳали узоқ қолади


Вашингтон 2012 йилда Афғонистондаги қўшинларини олиб чиқишни режалаëтган бир пайтда¸ германиялик ҳарбий таҳлилчи¸ шундай баëнот берди.


Жорий ҳафта якунида Ўзбекистонга АҚШ дипломатлари раҳбари Ҳиллари Клинтоннинг келиши кутилмоқда. Кун тартиби расман очиқланмаган бу сафар Клинтоннинг Ўзбекистонга учинчи сафаридир.

Биринчи сафарини АҚШ президенти рафиқаси сифатида 1997 йилда амалга оширган Клинтон хоним¸ Тошкентга АҚШ Давлат котиби сифатида бир йил ичида иккинчи бор келмоқда – Клинтон 2010 йилнинг 3 декабрида Тошкентга келиб¸ президент Каримов билан учрашган эди. Бу эса¸ халқаро майдондаги долзарб муаммолар билан машғул Америка ташқи сиëсат идораси томонидан¸ Ўзбекистон билан алоқаларга катта эътибор қаратилаëтгани ифодасидир.

Ана шу сафар¸ қолаверса АҚШ президентлигига Республикачилар партиясидан номзод бўлишга уринаëтган Ҳерман Кэйн Ўзбекистон президенти ким, деган саволга “Убеки-беки-беки-беки-стан-стан” каби “қандайдир кичик ва аҳамиятсиз давлат раҳбарининг исмини билиш” шарт эмас, дея жавоб бергани муносабати билан Америка оммавий ахборот воситалари Ўзбекистоннинг АҚШ манфаатлари учун аҳамияти ҳақида бири олиб¸ бири қўйиб баҳс этмоқда.

Аксар шарҳловчилар¸ Ўзбекистоннинг Афғонистондаги уруш боис АҚШ ташқи сиëсатидаги муҳим давлатга айланганини таъкидламоқда.
Покистон билан муносабатлар совуқлашгани сайин¸ тарози палласининг иккинчи томони – Ўзбекистон билан муносабатлар илиб бормоқда¸ деган фикр билдирмоқда америкалик кузатувчилар.

Клинтоннинг навбатдаги сафари арафасида Озодлик мухбири Марказий Осиë хавфсизлиги бўйича германиялик таҳлилчи¸ ҳарбий шарҳловчи Jorg-Dietrich Nackmayr (Йорг-Дитриҳ Накмайр)ни айни мавзу юзасидан суҳбатга тортди.

Jorg-Dietrich Nackmayr минтақавий хавфсизлик анжуманида чиқиш қилмоқда.
Jorg-Dietrich Nackmayr минтақавий хавфсизлик анжуманида чиқиш қилмоқда.
Озодлик: АҚШ Давлат котиби сафари Ўзбекистоннинг АҚШ¸ қолаверса Ғарб давлатлари учун аҳамияти ошиб бораëтгани ифодаси сифатида кўрилмоқда. Кўпчилик бу ўзгаришни Ўзбекистоннинг Афғонистондаги АҚШ ва НАТО кучлари таъминотидаги белгиловчи роли¸ қолаверса¸ келаси йилдан бошлаб Америка қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиш жараëнида транзит мамлакатга айланиши билан боғламоқда. Сизнингча¸ Ўзбекистоннинг Вашингтон назарида ошиб бораëтган аҳамияти фақат Афғонистондаги уруш билан боғлиқми¸ ëхуд бу мамлакат ўзича ҳам АҚШ ташқи сиëсати учун қимматга эгами?

Накмайр: Нафақат Ўзбекистон¸ балки бутун Марказий Осиë жорий асрда ниҳоятда муҳим аҳамият касб этди. Менимча¸ 80-йиллар охирида советларнинг Афғонистондан чиқиши билан бугун АҚШнинг бу мамлакатдан чиқишга ҳозирланаëтгани ўртасида жуда катта фарқ бор. Бугун Афғонистонга туташ аксар давлатлар¸ АҚШ ва НАТО қўшинларининг бу ердан чиқиб кетиши янада ëмонроқ фалокатларга йўл очиши борасида якдил.

Иккинчидан¸ Афғонистондаги уруш мафкура эмас¸ балки соғлом ақл устига қурилган. Бу мамлакатда ўринлашган наркотиклар савдоси ва террор базалари нафақат минтақа¸ балки бутун дунë хавфсизлигига таҳдиддир.

Марказий Осиë¸ хусусан Ўзбекистон аҳамиятини Афғонистонсиз ҳам оширадиган бир неча жиҳат бор.

Улардан бири¸ минтақадаги улкан ëнилғи заҳиралари. Иккинчиси¸ минтақанинг қарийб 3000 йилдан бери Осиë ва Европани боғловчи ўта муҳим савдо йўлида жойлашганидир. Европа ўрта асрларида Хитой¸ Эрон ва Ҳиндистон дунëнинг супердавлатлари эди ва 21 асрга келиб улар яна шу мақомга қайтаëтирлар. Бугун дунëнинг шахмат тахтаси яна шу минтақага қайтди ва барча қудратли давлатлар бу тахтада ўйнашга мажбур. Ғарбнинг етакчи давлати бўлган АҚШнинг бу минтақада тобора фаоллашуви¸ ўта табиий.

Озодлик: Қанчалик мураккаб бўлмасин¸ эртами-кечми Афғонистон муаммоси ҳал этилиб¸ бу мамлакат нормал ривожланиш йўлига тушди ҳам дейлик. АҚШ ҳарбийлари бу мамлакатдан чиқиб кетар экан¸ Марказий Осиëни бутунлай тарк этадими ëхуд сиз айтган каби аҳамияти кун сайин ошиб бораëтган бу минтақанинг бошқа давлатларида¸ муқим ўринлашиш йўлига ўтади. Россия ҳарбий экспертлари тахминича¸ Тошкентга келаëтган АҚШ расмийлари Каримов билан айнан пост-афғон сценарийсини муҳокама қилиб¸ Ўзбекистонда доимий ҳарбий база очиш шарт-шароитларини муҳокама қилмоқдалар.

Сиз АҚШ ҳарбийларининг минтақани яқин йилларда тарк этишига ишонасизми?

Накмайр: Шахсан мен бунга ишонмайман. Агар сиз бугун АҚШ ҳарбий¸ разведка ва сиëсий арбоблари айтаëтган гапларга диққат қилсангиз¸ ундан икки мужда уқасиз.

Ҳозир америкаликлар олдида учта асосий мақсад турибди. Биринчиси¸ атом бомбасига эга Покистон ва Ҳиндистон ўртасидаги ҳарбий можарога чап бериш.

Иккинчиси¸ Афғонистоннинг Ал-Қоида каби террор гуруҳлари ватанига айланишига мутлақ имкон қолдирмаслик.

Учинчиси¸ бу ҳудудларда наркотиклар контрабандаси ва террор ҳужумлари эҳтимолини йўқотиш.

Бу мақсадлар образли қилиб айтсак¸ катта қозондаги шўрва ва бу шўрва фақат Афғонистонда қайнаëтгани йўқ. Шу боис¸ минтақанинг деярли барча давлати агар АҚШ бу ердан тўлиқ чиқиб кетса¸ нима бўлишини яхши билади.

Масалан¸ бу борада энг қизиқ баëнот Ўзбекистон президентидан чиқди. У америкаликларни СССРнинг Афғонистондан чиқиб кетишидан сабоқ олишга чақирди ва айни хатони такрорламасликни сўради. Мадомики¸ Афғонистонга туташ давлат раҳбари шундай баëнот бераëтган экан¸ бу жуда жиддий қабул қилиниши керак. Менимча¸ АҚШда бу борада ўз режаси бор ва Вашингтондаги ҳарбий-хавфсизлик расмийлари Афғонистонда руслар каби ўзидан сўнг хаос ташлаб кетмаслик лозимлигини яхши англайди. Шу боис¸ Афғонистон тинчигач¸ АҚШ бу минтақадан чиқиб кетади¸ дейишга шошмаслик керак.

Озодлик: АҚШ нинг Марказий Осиëда қолишини сиз қай шаклда тасаввур қиласиз? Бу Афғонистонда чекланган миқдорда¸ аммо доимий жойлашган қўшинлар¸ шунингдек¸ Ўзбекистон ва Қирғизистон каби қўшни давлатларда муқим ҳарбий база шаклида бўладими?

Накмайр: Расман¸ бу худди Ироқдагидек бўлиши мумкин. Афғонистондан ҳам жангговар қўшин олиб чиқилиб¸ маҳаллий хавфсизлик кучларига ëрдам берувчи кучлар қолдирилади¸ холос.

Менинг тахминимча¸ АҚШнинг уч бригадаси¸ яъни 14 минг аскар маҳаллий армия билан биргаликда Афғонистон шимолий қисмидаги барқарорликни ушлаб туришга етарли.

Озодлик: АҚШ ҳарбийлари Марказий Осиëда узоқ муддатга қолар экан¸ минтақани ҳаммадан¸ айниқса Америкадан рашк қиладиган Россия қаршилигини Вашингтон қандай юмшатиши мумкин?

Накмайр: Албатта¸ Американинг минтақада узоқ муддатга ўринлашувидан Хитой ва Россия асабийлашмоқда ва бу табиий.

Аммо очиқ айтганда¸ Россиянинг ўзи афғон можаросини эплай олмади ва бундан кейин ҳам эплай олмайди. Америка ҳарбийларининг Афғонистонда қолиши бевосита Россия манфаатларига ҳам хизмат қилмоқда.

Агар АҚШ қўшинлари Афғонистондан бутунлай чиқиб кетса¸ бу мамлакат бир кечада фуқаролар уруши домига тортилади ва унга туташ минтақа¸ улар орқали Россия афғон героинига ғарқ бўлади. Бу ëғи¸ фалокатдан бошқа нарса эмас. Шу боис¸ АҚШ ҳарбийларининг Марказий Осиëда қолиши минтақа ва унинг ташқарисидаги барқарорликка хизмат қилади ва Америка кучлари бу минтақада 2014 йилдан кейин ҳам қолишига ишонаман.

Озодлик: Бундай қолиш қай шаклда¸ айнан қайси давлат ҳудудида бўлади¸ деб ўйлайсиз?

Накмайр: Келажакдаги операциялар учун Афғонистон шимолидаги уч ҳаво базаси асосий таянч бўлади¸ деб ўйлайман¸ зотан ҳозир бу базаларга жуда катта маблағ сарфланиб¸ ҳарбий инфратузилма бунëд этилмоқда.

Айни пайтда¸ АҚШ Давлат котиби даражасидаги Вашингтон юқори лавозимли расмийларининг Тошкентга серқатнов бўлгани¸ Америка ҳозирлаëтган келажак лойиҳаларида Ўзбекистон учун ҳам муҳим рол ажратилаëтганидан даракчидир.

Бундан буëн минтақанинг Ўзбекистон каби давлатлари олдида турган ўта мураккаб вазифа¸ шахмат тахтасидаги барча қудратли ўйинчилар – АҚШ¸ Европа Иттифоқи¸ Россия¸ Хитой ва алоҳида таъкидлаб айтардимки¸ Эрон манфаатларини мувозанатга солиб¸ бу ўйинда етакчилик қилишни улардан ҳеч бирига топшириб қўймасликдир.
XS
SM
MD
LG