Линклар

logo-print

Бу компания оғирлиги яна ҳар йилгидай бюджет ташкилотлари ходимлари зиммасига тушмоқда.


Ҳар йили шу бўлар такрор...

Ўзбекистонда келгуси йил учун обуна компанияси бошланиши билан бюджет ташкилотларида ишловчиларнинг кўнглига ғулғула туша
бошлайди.

Уларни фақат битта савол ўйлантиради: “Бу йил обуна учун менинг маошимдан қанча пул ушлаб қоларкин?”

Ўқитувчи ва шифокорлардан қайси газетага обуна бўлишни истайсиз, деган савол жуда кам сўралади¸ ëки умуман сўралмайди.

Ҳар битта бюджет ташкилоти¸ энг аввало ҳукумат газетаси, партиялар газеталари, ундан сўнг эса ўз мутахассислиги бўйича газеталарга обуна бўлиши шарт.

Ҳукумат газеталаридан бирининг исми айтилишини истамаган ходимига кўра, ҳар йили обуна компанияси бошланиши билан журналистлар вилоятларга хизмат сафарларига юборилади:

- Бу бизнинг ҳар йили қиладиган ишимизку. Ҳокимиятга борамиз, ҳоким билан учрашамиз, мақсадимизни айтамиз. Ҳокимдан, мисол учун, "Сизнинг газетангизга 500 та обуна қилдириб бераман", деган ваъдани оламиз. Шундай қилиб туманларни айланиб чиқамиз. Тўғри, ҳокимлар айнан шунча обуна қилдирмайдию, ҳар ҳолда ярмини қилиб беради, дейди ҳукумат газетаси журналисти.

Айни манбага кўра¸ ҳокимлар ҳузурига шунингдек, партия газеталаридан ҳам журналистлар боради. Тумандаги "ютуқ"ларни мақтаб мақола чиқариш эвазига ҳоким ўз ўринбосарларига, ўринбосарлар эса бюджет ташкилотлари раҳбарларига “Шунча обуна қилдириб берасан!” деб, буйруқ беради.

"Сендан сўраб ўтирмаймиз!"

Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманидаги мактаблардан бирида ишлаётган ўқитувчи ҳам¸ танқид ортидан балога қолишдан чўчиди ва исмини ошкор этмади. Унга кўра, собиқ иттифоқ давридан қолган мажбурий обуна тартиби мустақиллик йилларида янада қаттиқлашган:

- Бизда асосан “Халқ сўзи”, “Ўзбекистон овози”, “Миллий тикланиш” дегани бор партиянинг газеталари, “Маърифат”, “Таълим тараққиëти”, “Ҳуқуқ”, “Адолат тарозиси”га кўп обуна қилдирилади. Обунани режа қилади. Ўқитувчининг ҳажмига қараб бўлиб беради. Бизнинг мактабга бир йилга бир миллиондан кўпроққа обуна қилинишга буйруқ берилади, биз энди 600-700 минг атрофида қилаяпмизда, дейди чироқчилик ўқитувчи.

Бухоро вилоятининг Қоракўл туманидаги Нефт коллежида ишлайдиган ўқитувчи Ибод Ҳакимов ҳам обуна мажбурий эканлигини таъкидлай туриб, ўқитувчиларда ҳатто ўзи хоҳлаган газетага обуна бўлиш ҳуқуқи ҳам йўқлигини айтади:

- Мажбурий обунада ҳеч кимдан сўралмайди. Иш ҳақига қараб 10 фоизми, кўпроқми, ойликдан сақлайди қўяди. Газетасини ҳам кўрмаймиз. Қайси газетага обуна бўлганимизни ҳам билмаймиз, ўзлари айтганини, хоҳлаганини қилади.

Ўтган йил мендан 38 мингми сақлади. “Нимага бу?” десам, “Керак бўлса сизлардан сўралмайди ҳам” деди. Кимнинг ишдан кетгиси келади? Шу бўйича бир-биримизга “Қўйинг. Қаерда қолмайди” деб, қўл қўйиб бериб юбордик, дейди Ибод Ҳакимов.

"Сих ҳам куймайди, кабоб ҳам"

Бухоролик яна бир ўқитувчи Саид Равшаннинг айтишича, Бухоро шаҳридаги ҳуқуқшунослик коллежи раҳбарияти “бош оғриқсиз” обуна қилдиришнинг янги йўлини ўйлаб топди:

- Мана шу юридик техникумида шундай. Бошқа коллежларда ҳам шундай. Мисол учун, пахтага бормадими, келгандан кейин марказий газеталардан биттасига бир йилликка обуна бўлиши керак. Ё “газетага обуна бўласан, ё бўлмаса кетасан” деб айтаяпти, дейди Саид Равшан.

Шикоятга ўрин йўқ???

Мажбурий обуна ўзбекистонлик истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилишининг бир томони ва бу сурункали жараëн оддий ўзбекистонлик истеъмолчи нега мажбурий обуна бўлишга мажбур деган саволни кун тартибига қўяди?

Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси ходими Акмал Эргашевнинг Озодликка айтишича, амалдаги қонунларга кўра, истеъмолчини газета-журналларга обуна бўлишга мажбурлаш мумкин эмас.

Айни пайтда¸ федерация расмийси шу пайтгача бу жараëннинг мажбурий характерда эканига од фуқаролардан бирорта ҳам шикоят тушмаганлигини қўшимча қилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG