Линклар

Ўзбекистон "эркин иттифоқ"қа нега кирмади?

  • Сарвар Усмон

Кузатувчиларга кўра¸ МДҲнинг ўзи самарасиз гуруҳ бўлиб қолаëтгани боис¸ унинг ташаббуслари ҳам самарасиз қолмоқда.

Кузатувчиларга кўра¸ МДҲнинг ўзи самарасиз гуруҳ бўлиб қолаëтгани боис¸ унинг ташаббуслари ҳам самарасиз қолмоқда.

Таҳлилчиларга кўра¸ Ўзбекистонда ўрнатилган иқтисодий модел¸ эркинликнинг ҳар қандай шаклига тоқатсиздир.



Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар ҳукуматлари раисларининг 18 октябр куни Санкт-Петербургда бўлиб ўтган учрашувида Эркин савдо зонаси яратиш тўғрисидаги шартнома имзоланди.

Ҳужжатга ҳамдўстликка аъзо давлатлардан 8 таси қўл қўйди. Бироқ 3 давлат: Ўзбекистон, Туркманистон ва Озарбайжон мазкур шартномани имзоламади.

Шуни айтиш керакки, Ўзбекистон имзоламаган шартнома МДҲ ҳудудида Эркин савдо ҳудуди яратиш йўлида қўйилган биринчи қадам эмас.

Бу хусусдаги биринчи шартнома аъзо давлатлар томонидан 1994 йили имзоланган, лекин уни ҳамдўстликка аъзо давлатларнинг кўпчилиги, ҳатто Россия ҳам ратификация қилмаган эди.

Мана энди янги шартнома имзоланди ва Россия Бош вазири Владимир Путинга кўра, унинг устида 10 йилдан зиёд иш олиб борилган.

Хўш, шунча меҳнат сарфланган шартномани Ўзбекистон нима учун имзоламади?

Иқтисодиётчи олим Малик Абдураззоқов бу савол жавобини тушунтириб берди.

Суҳбатимиз эса, мана бу – энг анойи тингловчининг “Эркин савдо зонаси дегани нима ўзи?” деган саволи билан бошланди.

Анойининг саволи

Малик Абдураззоқов: Эркин савдо зонаси бу товарни чегаралар йўқотилган шароитда эркин савдо зонасига кирган мамлакатларнинг бозорида сотилади. Бозор нархида сотилади. Лекин чегаралар йўқотилади товарлар учун. Бундан ташқари¸ шахсларнинг ҳам қаерда хоҳласа иш қидириб, ишлаб фаолият кўрсатиши мумкин савдо зонасига кирадиган мамлакатларнинг фуқаролари. Капиталга чегараларнинг йўқотилиши. Бу дегани пул алмашувини либераллаштириш. Мана шу учта принцип бу ерда асосий рол ўйнайди. Капитал, шахслар, фуқаролар, товарлар эркин даражада шу ҳудудда жойлашган мамлакатларнинг бозорида фаолиятини кўрсатиши мумкин.

Озодлик: Сизнинг тушунтиришингиздан гўзал нарса экан¸ деган фикрга келдим. Айни пайтда Санкт Петербург шаҳрида 18 октябр куни ўтказилган йиғинда Ўзбекистон, Туркманистон, Озарбайжон эркин савдо ҳудуди тўғрисидаги шартномани имзоламабди. Бунинг сабаби нимада? Нима учун Ўзбекистон шу гўзал шартномани имзоламаяпти?

Малик Абдураззоқов: Биринчидан, бу қоғозда. Лирика деймиз. Прозаси бошқа жойдан бошланади...

Суҳбатдошимиз - таҳлилчи Малик Абдураззоқов айтаётган “проза” чиндан ҳам проза, проза бўлгандаям махсус билими йўқ одам тушуниши қийин ва шунинг учун ҳам зерикарли проза экан.

Ўша “проза”ни тушунтирар экан, олим постсовет мамлакатлар ўртасидаги савдо иқтисодий алоқалар ўта чигал эканлигини мисоллар билан тушунтириб берди.

Унинг айтишича, МДҲга аъзо давлатлар иқтисодиётлари, хусусан, Ўзбекистон иқтисодиёти устидан ҳам давлат назорати устун қолиб келмоқдаки¸ айнан шу омил айтилган чигалликлар сабабидир.

Мавзу қанчалик оғир бўлмасин¸ олимнинг айтганларидан баъзи нарсаларни тушундик ва суҳбатнинг эътиборингизга ҳавола қилинадиган давомида олимдан тушуниб олганларимиз тўғри-нотўғрилигини сўрадик.

“Ўзбекистон иқтисодиёти рақобатбардош эмас”

Озодлик: Сиз айтганларингиздан тушунганларимдан биттаси. Ўзбекистон иқтисодиëти эркин эмас ва шунинг учун ҳам эркин савдо зонасига қўшилишга тайëр эмас¸ деб тушундим. Шу тўғрими?

Малик Абдураззоқов: Тўғри. Кўп даражада тўғри. Албатта¸ Туркманистонга, Беларусга нисбатан эркин. Лекин рақобатбардошлиги йўқ. Саноат корхоналари кўпчилигининг фаолият кўрсатаëтганлиги бу фақатгина чегара ëпиқлиги учун. Чегара дегани энди қўпол қилиб айтаяпман. Бошқарув тузилмалари катта солиқ олганлиги учун бизнинг бозоримизга Ўзбекистонда чиқарадиган товарлардан сифатлироқ молларнинг кириб келишига имконият туғдирмаяпти. Шунинг учун истеъмолчи ички талабни қанақадир қўллаб-қувватлаб турибди.

Тошкентнинг бугунги қадами тўғри...

Озодлик: Демак, агар Тошкент эркин савдо зонасига қўшилгудай бўлса, бу зонада Ўзбекистон иқтисодиëтига путур етиб қолиши мумкин.

Малик Абдураззоқов: Ҳозирги аҳволда путур етиб қолиши мумкин.

Озодлик: Шундан келиб чиқиб Тошкентнинг шу қадамини тўғри дейиш мумкинми?

Малик Абдураззоқов: Энди умуман ҳозирги вазиятда бошқа имконият йўқ. Чунки гаровга тушиб қолгандай. Чунки ўзимизнинг иқтисодиëтимиз шунақа бўлгандан кейин ҳозир эркин савдо иқтисодиëтига кирса, лекин бошқа томондан қараганда ҳамдўстлик мамлакатлари шунча кўп шартномалар қабул қилдики, ҳали биттаси ишламаяпти. Эркин иқтисодий зонаси агар пайдо бўлса, бу бошқа томондан қараганда, ижобий томондан ҳам, энди бир хиллар айтадики товарлар алмашади.

Ўзбекистон ундан кўра биринчи навбатда Жаҳон савдо ташкилотига ўзининг муносабатини эълон қилиши керак. Биз кирамизми йўқми? Чунки бу ерда (Жаҳон савдо ташкилотида) ҳақиқий нуфузли иқтисодиëтлар билан муносабат бўлади. Бу ерда (МДҲда) ҳақиқий, нуфузли, катта саноат юқори технологияларга эга бўлган мамлакатлар йўқ. Қайси товарлар билан бу ерда эркин савдо принципларида ўртада алмашув бўлади мен билмайман. Нефт, газ маҳсулотларини олсак, Россия федерацияси бизларнинг бозоримизда ўтирибди. Телекоммуникацияни олсангиз, марҳамат ўтирибди. Бошқа ҳеч нарса йўқ. Яна нима керак? Шунинг ҳам бир томони қизиқ. Ҳеч нарса йўқ.

...лекин бугунги иқтисодиётнинг келажаги йўқ

Озодлик: Яна бир нарса. Тўғри тушундимми¸ нотўғри тушундимми¸ тушунтириб беринг. Эркин савдо зонасига кирмагани бугун учун тўғри Тошкентнинг кирмагани. Лекин яқин келажакда ëки узоқроқ келажакда бугунги аҳволни сақлаб қолиши нотўғри. Иқтисодиëтнинг бугунги моделини сақлаб қолиши нотўғри¸ деб тушундим. Тўғри тушундимми?

Малик Абдураззоқов: Тўғри. Стратегияда яқин бўладими, узоқ бўладими¸ фарқи йўқ. Жуда ҳам катта хавф туғдиради бунақа иқтисодиëтларни сақлаб қолиш. Умуман ҳамдўстлик мамлакатлари 20 йил ичида Ўзбекистон ҳам, бошқа мамлакатлар ҳам ҳеч қанақа нормал, рақобатбардош, динамик ривожланадиган иқтисодий тузилма, моделларни кўрсатмади. Қурмади ўзининг ҳудудида. Булар ҳаммаси СССРдан қолган саноат корхоналарини модернизация қилди. Энг ëмони хом ашë устида биров ўтирибди. Кимдир пахта билан газ устида ўтирибди бизларга ўхшаб, қолганлар нефт-газ устида ўтирибди, ҳеч нарса ривожланмади. Тўғри бир хил даражада қилинаяпти нефт-газ саноати, энди бу айрим бир факторлар, айрим бир омиллар десак бўлади. Умуман олганда бунақа сақланиб қолиши бу иқтисодиëтларнинг ва шахсан Ўзбекистонники ҳам нотўғри бўлади. Динамикасини йўқотади борган сари бунақа иқтисод.

Яна битта нарсага эътибор беринг. Ҳозир янги капитализм эволюцияси кетаяпти. Бизлар буни сезмаяпмиз бу ерда ўтириб олиб Марказий Осиëда. Россияда ҳам сезмаяпти. Лекин бу кетаяпти. Бизлар орқада қолиб кетишимиз мумкин. Юқори технология, таълим-фаннинг ривожланиши бу принциплардан ҳам бизлар орқада қолиб кетамиз. Эркин савдо зонаси¸ албатта¸ бу нарсаларга ҳозирги кунда ҳеч қанақа жавоб бермайди ва Путиннинг ҳукумат тепасига қайтиши билан ҳам боғлиқ. Чунки бунинг орқасида ҳақиқий механизм турибди ëки оддий сиëсий реклама турибди. Чунки ëпиқ жамиятлар, ëпиқ иқтисодиëтлар ҳеч қачон интеграция бўла олмайди. Интеграцияни амалга оширишда жуда кўп саволлар пайдо бўлади.

Бепушт иқтисодиётларнинг бепушт иттифоқи

Озодлик: Тиббиëт терминини ишлатадиган бўлсак, бу эркин савдо зонаси бепушт иқтисодиëтларнинг қўшилмаси эканда. Натижада бу зона ҳам бепушт бўларканда. Шундай деб тушундим мен.

Малик Абдураззоқов: Тўғри. Жуда тўғри тушундингиз. Бу иқтисодиëт орқада қолиб кетган шунақа архаик иқтисодиëт. Бу иқтисодиëт ҳеч қачон келажакда динамик иқтисодиëтга олиб келмайди. Бу орқада қолиб кетган иқтисодиëт.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG