Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 01:45

“Эзгулик” пахта қурбони учун мактабни судга берди


Бир йил аввал пахтадан қайтаётиб, автоҳалокатда ҳалок бўлган Аҳроржон Абдуманнонов иши бўйича у ўқиган мактаб судга берилди.


Наманганлик 10 ёшли Аҳроржон Абдуманнонов ўтган йилнинг 12 октябр куни пахтадан қайтаётиб, автоҳалокатга учраб ҳалок бўлган эди.

Фожиа арафасида Аҳроржон Поп туманидаги 25-мактабнинг 5-синфида ўқиётган эди.

Аҳроржон Абдуманнонов ишини ўрганган “Эзгулик” жамияти тарқатган маълумотга кўра, пахта қурбони бўлган Аҳроржоннинг иши бахтсиз ҳодиса дея¸ бости-бости қилинган.

“Эзгулик” жамияти раҳбари Васила Иноятовага кўра, ташкилот Аҳроржон Абдуманнонов иши бўйича Попдаги 25-мактаб маъмуриятини судга берган.

- Аҳроржон бўйича, унинг ўлгани ҳақида бизда ҳужжат бор. Отасининг бизга ëзган аризаси ҳам бор. Отаси ëзаяпти “Менинг фарзандим Абдуманнонов Аҳроржон 2010 йил 12 октябр куни ўзи ўқиб турган 25- умумтаълим ўрта мактаби буйруғига асосан пахта йиғим-теримига олиб кетилаëтганда назоратсизлик туфайли автоҳалокатга учраб ҳалок бўлган” деяпти. Ëши 10да бўлган. 5-синфда ўқиётган бўлган. Энди мактаб маъмурияти томонидан у боланинг отасига жуда қаттиқ босим ўтказилган “Кейинги боланг мактабда ўқияпти. Ҳокимга айтамиз. Ерларингни олиб қўяди” деб. Мана бир йил бўлди бирор-бир ëрдам, бошқа йўқ. Ҳаттоки жиноятни ҳам хаспўшлаб, бахтсиз ҳодиса деб ëпиб юборилган. "Эзгулик" жамиятига мурожаат қилинди. Биз мактаб маъмуриятини судга бердик. Душанбадан суд ишлари бошланади. Адвокат олдик. Ҳозир адвокат ишни ўрганаяпти, дейди Васила Иноятова.

Попдаги 25-мактаб маъмурияти ва Поп туман Ички ишлар бўлимидан Аҳроржон Абдумманнонов иши бўйича бирор бир маълумот олиш имкони бўлмади.

"Эзгулик" жамияти маълумотига кўра, Ўзбекистонда ҳар йили терим мавсумида ўндан ошиқ бола пахта қурбонига айланмоқда.

- 24 сентябрда Қашқадарë вилояти, Чироқчи туманининг 24-мактаб 7-синф ўқувчиси терим даврида автоҳалокатга учради. Ўтган йил Бухородаги Жондорда пахтадан қайтаётган машина иккита болани босиб кетган. Қаршида шунақа бир нечта ҳалокатлар бўлди. Ачинарли томони шундаки, пахтада қурбон бўлган хоҳ кичик, хоҳ катта бўлсин ҳукумат идоралари ҳеч қанақа ҳаракат қилишмаяпти, дейди Васила Иноятова.

24 сентябр куни пахтадан қайтаётганда автоҳалокатга учраб комага тушган чироқчилик Баҳодир Пардаев 22 кун деганда ҳушига келган, бироқ ҳануз тилга кирмаган. У билан боғлиқ автоҳалокат бўйича ҳам ҳануз тергов жараёни бошланмаган.

Васила Иноятовага кўра, бу каби пахта қурбонлари иши одатда "тинчитиб" юборилади ва айни шунинг олдини олиш мақсадида поплик Аҳроржон ишига "Эзгулик" жиддий киришган.

- Энди биласизми давлат, ҳокимиятнинг буйруғи билан мактаб олиб боради болаларни пахтага. Мактаб ўзидан ўзи олиб бормайди. Мактабга буйруқ берилади. Мактабга фақатгина ҳокимият буйруқ беради. Туман ҳокимиятига тепадан, ундан юқориси, юқорига чиқиб кетаверади. Ҳозир биз ўзимизга қарши жуда катта хавфни олаяпмиз. Иложимиз йўқ. Бу нарсани очмасак, кейинги бўладиган автоҳалокатлар ҳам очилмай қолаверади. Мана шу пайтгача бирорта автоҳалокат очилмади. Бирор-бир ўлим ҳолатлари очилмади.

Ўзбекистон ҳукумати имзо қўйган конвенциялар, болалар ҳуқуқи ҳақидаги конвенциялар бор. Уларда 14-15 ëшгача бўлган болалар бунақа мажбурий меҳнатга жалб қилинмаслиги шарт. Шу ҳужжатга Ўзбекистон ҳам имзо чеккан. Мана шунақа пайтда 10 яшар бола ҳалок бўлиб турса-да, бу бўйича давлат идоралари ҳеч қанақа иш юритмаса. Ишни ҳаракатдан тўхтатиб қўйса, бу бахтсиз ҳодиса деб. Яна бунинг устига отасига зуғум қилса. Биз шу нарсаларни олдини олиш мақсадида Попдаги мактабни судга бердик, дейди Васила Иноятова.

“Эзгулик” маълумотига кўра, 19 октябр куни Жиззахдаги мактаблардан бирининг ўқувчиси пахтадан қайтаётиб автоҳалокатга учраб ҳалок бўлган.

Бир неча кун эса Жиззахдаги пахта далаларидан бирида ошпазларга ёрдам бераётган болакайнинг устига ёғ қуйилиб, нобуд бўлган.

“Эзгулик” раҳбарига кўра, иккала ҳолатда ҳам болаларнинг ота-оналари бу ҳақда матбуотга гапиришни истамаяпти.
XS
SM
MD
LG