Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:29

Мен пахта сиëсатига қаршиман!


Бу гапни Озодликка Skype орқали боғланган Ўзбекистондаги вазирликлардан бирининг собиқ маъсули айтади.


Олотлик завуч болаларни пахтага чиқариш учун асос йўқ деди

Болалар пахтада, ўқитувчилар эса ëлғондан синф журнали юритмоқда, дер экан Бухоронинг Олот туманидаги мактабда раҳбар ўринбосари бўлиб ишлайдиган Ғайбулла Бектошов бу гапи учун тазйиқ остида қолаëтганини билдирди.

- Бектошов Ғайбулла. Бухоро вилояти, Олот тумани 4-мактабданман. Ўқув ишлари бўйича директор ўринбосариман. Мен пахта масаласида чиққан эдим сизларга мурожаат қилиб ëрдам сўраб. Чунки Халқ таълими вазирлигининг 123-буйруғида ўқувчиларни пахтага жалб қилиш учун ҳеч қанақа кўрсатма йўқда. Бир йиллик режа бу. Умуман пахтага олиб чиқиш тўғрисида ҳеч қанақа кўрсатма йўқ. Лекин 7-8-9-синфлар 19-сентябрдан пахтага кетди. Ана энди мени мажбур қилаяптиларки, ҳам журналларингни ëздирасан, ҳам ўқитувчиларга тўлиқ иш ҳақини ëзасан яъни дарс ўтилди деган мақсадда ëзасан деб мажбур қилдиларда. Кейин мен “Ëзмайман, ноқонуний иш қилмайман” десам, менга тазйиқ ўтказиб турибдиларда. Районо мудири келиб, мактаб директори билан тил бириктирган ҳолда ўқитувчиларга “Бектошов Ғайбулла ишдан кетсин” деган аризани мажбур ëздириб қўл қўйдираяпти. Чунки менинг айбим уларнинг ноқонуний топшириғини бажармаганим. Мен бу ҳақда мурожаат қилмаган давлат идораси қолмади. Ҳеч ким сўрагани йўқ, дейди Бухоронинг Олот туманидаги мактабда ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари бўлиб ишлайдиган Ғайбулла Бектошов


Сирдарëлик Моҳигул Америка фуқароси бўлишни ва Америкада яшашни истайди

“Шу боис Грин кард ўйновдим. Бир-иккита жойида хато қилиб қўйибман. Энди орзуим амалга ошмайдими”, дейди сирдарëлик Моҳигул ташвиш билан.

- Исмим Моҳигул. Мен Грин карта ўйнагандимда. Озодлик радиосига дадам айтгани учун телефон қилган эдим. Биров менга маслаҳат берган эди. “Яхши” деган эди. Қизиққандим, ўйнагандим. Шу киши ëрдам берганди. Ўзим 1987 йилда туғилганман. 1982 йил қилиб киритиб юбордида у. Шуни энди ҳеч тўғирлай олмаяпмиз. Ҳеч ким билмаяпти. Кейин биттаси маслаҳат берди бошқатдан 1987 қилиб киритиб юборинг деб. Лекин бу ерда “икки марта ариза қабул қилинмайди” деб ëзиб қўйилган экан. Энди ютсам, чет элга чиқиб кетсам, деган ниятда ўйнаган эдим.

Озодлик: Ютган одамларни кўрдингизми? Ютган одамлар билан гаплашдингизми?

- Ҳа. Ўзимизнинг шаҳардан ютганлар кўп. Кўпчилик ютаяптида. Битта қиз ҳам ютиб олди. Ҳали кетгани йўқ. Январда кетар экан. Бир-иккита ютганларни кўрганимдан кейин қизиқиб қолдим. Бу ерда ишлайман. У ëқда ҳам ишласам дейман, дейди сирдарëлик Моҳигул.

Моҳигул ўз қишлоғидаги қизларнинг Грин Карт ютиб Америкага бориб бою бадавлат яшаëтганига ҳавас қилишини айтди.


Карен исмли ўзбек вилоятдаги болаларнинг ўқишдан қолиб далада юрганидан норози

Озодлик билан Скайп орқали боғланган ва ўзини Карен деб таништирган Ўзбекистондаги вазирликлардан бирининг собиқ мулозими икки ой ўқишдан қолиб пахтада юрган боладан оламшумул инсонлар етишиб чиқмаслигини айтди.

- Озодликнинг ëзилган дастурларини ҳозир ҳам эшитаëтган эдим. Пахта борасида, умуман Ўзбекистондаги бўлаëтган сиëсат, умуман долзарб муаммолар ҳақида. Пахта борасидаги кечаги охирги гапларни эшитдим. 19 яшарли йигитча ўз мулоҳазаларини билдирди. Ўшанда менинг эшитганим бўйича йигитчамиз тушунчаси йўқлиги сифатида ўз фикрларини билдирди. Мен пахта борасидаги сиëсатга қаршиман.

Чунки Ўзбекистонда шунча имкониятлар бўла туриб ëш болаларнинг меҳнатга жалб этилиши ҳеч қандай мантиққа тўғри келмаслигини айтмоқчи эдим. Нега бутун вилоятдан жалб этилади ўқувчи болалар пахтага? Сентябр ойи бошланиши билан ўқиш эмас пахтага жалб этилишади. Тошкент шаҳридан бошқа бутун вилоятдаги мактаблар ëпилади пахта вақтида. Ўйлайманки, бу болаларнинг меҳнати учун ҳеч қандай ҳақ тўланмайди. Тўланади, деган гаплар кўпроқ ëлғонга тўғри келади. Агар шунга яраша ҳақ тўланганда эди, уларнинг меҳнатига одам ачинмас эди. Чунки кимнингдир имконияти борки, бошқа давлатларга кетиб ишламоқда.

Имконияти йўқ инсон мажбур бўлиб ўз оиласини, фарзандини боқиш учун Ўзбекистонда қолиб пахта теришга мажбур. Ойлик ўрнига гуруч, бошқа маҳсулотлар беришаяпти. Кечаги ëғ, ахир бунга бола-чақани боқиш имконияти йўқ деб ўйлайман. Меҳнатга қарши эмасман. Ҳашар дейишади, бошқа. Лекин нима учун ҳашарга фақатгина вилоят инсонлари жалб этилади ва ўқишдан қолдирилади? Лекин шаҳардаги болаларга бошқа имкониятлар. Ўқиш, ўқиш ва яна ўқиш. Ўйлайманки, бу ноҳақлик.

Озодлик: Сиз шаҳарлик болалар ҳам олиб чиқилсин, деяпсиз.

- Албатта. Нега энди юқори лавозимдаги инсонларнинг болалари доим ўқишга жалб этилиши керак, вилоятдагилар эса доим иш меҳнатда бўлиши керак? Ахир улар ҳам эртага инсон бўлиб етишиши учун ўқиши керак. Ўйлайманки, йўқотилган икки ойни ўқиш вақтида тўлдириб бўлмайди, дейди Озодлик билан Скайп орқали боғланган ва ўзини Карен деб таништирган Ўзбекистондаги вазирликлардан бирининг собиқ мулозими.

**************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

Skypeда Озодликни оzodskype деб қидиринг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG