Линклар

logo-print

Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон Ироқ билан чегарада 24 турк аскарини ўлдирган курд жанггарилари “таъқиб қилинаётганини” таъкидлади. Бу кейинги бир неча йил ичида курд жанггарилари томонидан Туркияга қилинган энг талафотли ҳамла бўлди. Курдистон ишчилар партияси жанггарилари бир пайтнинг ўзида Туркиянинг бир нечта чегара постига ҳужум уюштирди. Курд жанггарилари ҳужумлари ортидан жанговар учқичлар ва вертолётлар ёрдамида Туркия қўшинлари шимолий Ироққа бостириб кирди.


Туркия 24 нафар турк аскарини ўлдириган курд жанггариларидан ўч олинишини айтмоқда.

Туркия расмийларига кўра, Курдистони ишчилар партиясининг (ПКК) 100 га яқин жанггариси бир пайтнинг ўзида Ҳаккари вилоятида жойлашган бир нечта чегара постига ҳужум уюштирган.

Бош вазир Ражаб Тоййиб Эрдўғон Анқарада қилган чиқишида жанггарилар таъқиб қилинаётгани ва қўшинларни шимолий Ироққа юборганини маълум қилди. Бундай жавоб “халқаро қонунларга доирасидадир”, деди у.

- Чуқурчадан (Ҳаккари вилоятидаги туман-таҳр.) олинган сўнгги ахборотга кўра, биз 24 аскаримизни йўқотганмиз ва 18 аскаримиз жароҳатланган. Ҳозирда бу минтақада амалга оширилаётган кенг қамровли операциялар, жумладан жанггарилар изидан таъқиб қилиш халқаро қонунлар доирасидадир,- деди Эрдўғон.

Туркия раҳбари Қозоғистонга режалаштирган сафарини қолдириб, ички ишлар ва мудофаа вазирлари, разведка бошлиқлари ва армия генералларини фавқулодда мажлисга йиғди.

Туркия хавфсизлик идораларидаги манбаларга кўра, турк дессанти Ироқ ичкарисига 8 километр масофагача бостириб кирган ва жанговар учқичлар жанггариларнинг истеҳкомлари деб кўрилган минтақаларни ўққа тутган.

Истамбулда мухбирлар олдида қилган чиқишида Туркия Президенти Абдуллоҳ Гул ҳужумлар учун ўч олинишини ваъда қилди.

- Буни ҳамма ёдда тутши керак: бизга бу кулфатларни олиб келганлар бундан бир неча баробар оғирроқ кулфатларни бошдан кечиражаклар. Давлатимизни бу ҳужумлар билан заифлаштирмоқчи ёки тиз чўктирмоқчи бўлганлар бу ҳужумлар учун қасос жуда катта бўлишини ва уларнинг бошига бундан беш баттар кулфатлар солиншини кўражаклар,- деди Гул.

Мустақил Курдистон ғояси учун курашаётган Курдистон ишчилар партияси чоршанба кунги ҳужумларни амалга оширгани ва ўз сафларидан беш жанггари ҳалок бўлганини тасдиқлади.

Интернетда тарқатилган баёнотда “Бизнинг жанггарилар кечаси соат бирда Чуқурча тумани маркази ва Билижан ҳамда атрофдаги бир нечта ҳарбий постларга бир пайтнинг ўзида ҳужумларни уюштирди... 100 га яқин аскар, махсус кучлар, полициячилар ўлдирилди ва ёки жароҳатланди”, дейилади.

Вашингтонда АҚШ Президенти Барак Обама турк аскарларига қилинган ҳужумни “ўтакетган террорчи ҳужум”, дея қоралади. Қўшма Штатлар, деди Обама, ПККдан келаётган террорчи таҳдидини йўқ қилишга ҳаракат қилаётган Туркия ҳукумати билан бу ишда ҳамкорликни давом эттиради”.

Брюсселда ҳам Европа Иттифоқи Ташқи ишлар вазири Кэтрин Эштон “жирканч террорчи ҳужумидан” ғазабга келганини баён қилди. ЕИ Анқарага зўравонликларга қарши туришида ёрдам беришга тайёр ва ПКК иттифоқнинг террорчи ташкилотлар рўйхатида қолади, дея қўшимча қилди Эштон.

НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен ҳам курд жанггарилари ҳужумини кескин қоралади. “Бундай зўравонликни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. НАТО иттифоқчилари террорчиликка қарши курашда бирдамдир”, деди Расмуссен.

Этник курдлар Эрон, Ироқ, Туркия ва Сурия ўртасидаги минтақаларда яшади.

Бу ҳужум ва Туркиянинг унга жавоби АҚШ қўшинлари Ироқни тарк этаётган пайтда, ҳамда Сурияда президент Башар ал-Ассад режими аксил-ҳукумат чиқишларини куч билан бостираётган вазиятда минтақадаги беқарорликка ҳисса қўшиши мумкин.

Бундан ташқари Туркия НАТОнинг аксил-ракета мудофаа тизимини ўз ҳудудида жойлаштиришга розилик бергани Туркия билан Эрон ўртасидаги тарангликни кескинлаштирмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG