Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:09

Ўзбекистонликлар Ҳажга йўл олди


Ўзбекистонлик зиёратчилар бу мавсумда ҳам Саудия Арабистонидаги ибодатларини Мадинаи Мунаввара шаҳридан бошлайдилар.
Ўзбекистонлик зиёратчилар бу мавсумда ҳам Саудия Арабистонидаги ибодатларини Мадинаи Мунаввара шаҳридан бошлайдилар.

19 октябр куни ўзбекистонлик зиёратчиларнинг дастлабки 240 нафари Тошкентдан Мадинага учди.


Кеча тушдан сўнг эса яна 245 киши Тошкент аэропортидан Саудия Арабистонига учиб кетди.

Маълумотларга кўра, бу йил Ҳаж ва Умра ибодатларини адо этишни ният қилган 5080 нафар зиёратчи фақатгина Тошкент аэропортидан эмас, балки Бухоро, Наманган, Самарқанд, Термиз, Урганч ва Қарши аэропортларидан ҳам учиш имкониятига эга бўлади. Бундай қарорга зиёратчиларга қулайлик туғдириш мақсадида келингани айтилмоқда.

Саудия Арабистонига кетиш олдидан зиёратчилар менигококк ва тумовга қарши эмланганлар. Уларга Ҳаж маносиклари батафсил ёзилган видеоматериаллар ва “Ҳажнома” китобчалари тарқатилган.

Ўзбекистонлик зиёратчилар бешинчи фарз адосини Мадинаи Мунавварада бошлашлари кутилмоқда. Бу ерда тўрт кун тургач, улар Маккаи Мукаррама томон йўл оладилар.

Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита маълумотларига кўра, ўзбекистонликлар Мадинада Расулуллоҳ масжидидан 150 метр наридаги Аброжут-Тоййиба меҳмонхонасида, Маккада эса тавоф қилинажак Масжидул-Ҳарамдан қарийб 5 километр узоқликдаги Буржул-Муҳаммадия меҳмонхонасида истиқомат қиладилар. Уларга мавсум давомида 30 кишидан иборат ишчи гуруҳ, 30 нафар шифокор ва 10 нафар ошпаз хизмат кўрсатиши айтилмоқда.

Саудия Арабистонида бу йил Қурбон ҳайити (Ийдул-Азҳо) ой чиқишига қараб, 5 ёки 6 ноябрга (Зулҳижжа ойининг 10 куни) тўғри келиши мумкин.
XS
SM
MD
LG