Линклар


Россиянинг Олтай ўлкасида 1,5 яшар ўзбек қизалоғини ўғирлаб кетганликда айбланиб ҳибсга олинган 22 ёшли Лина Самоделкинага нисбатан тергов ишлари якунланди.

“Одам ўғирлашда айбланаётган Самоделкинанинг иши судга оширилди”, дея маълум қилади Озодликка Олтай ўлкаси Тергов қўмитасининг ахборот бўлими раҳбари¸ адлия лейтенанти Людмила Рязанцева.

- Тергов якунланди. Қизалоқнинг аҳволи яхши, у топилгандан кейин онасига топширилган. Россия Жиноят Кодексининг 126 моддаси юзасидан одам ўғрилигида айбланаётган аёлга 6 йилдан 15 йилгача қамоқ жазоси тайинланиши мумкин, деди Людмила Рязанцева.

Шу йилнинг 11 августида Барнаул шаҳрида ўғирлаб кетилган ўзбекистонлик 1,5 яшар Муштарий Собирова Новосибирскда топилди.

Тергов қўмитаси хабарига кўра, Муштарийни онаси яшаётган квартирадаги бир хонани ижарага олган эркак олдига келган Лина Самоделкина исмли аёл ўғирлаб кетган.

Қизалоқнинг онаси воқеа ҳақида полицияга хабар қилганидан сўнг тезда қидирув ишлари бошланган.

Россия полицияси ходимлари муқаддам икки марта судланган Лина Самоделкинани 12 август куни Новоалтайск шаҳридаги барлардан бирида маст ҳолатда қўлга олган. Бола ўғриси ўзбек қизини Новосибирск шаҳрига олиб боргани ва уни ўша ердаги черковлардан бирида қолдириб кетганини бўйнига олган.
XS
SM
MD
LG