Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:47

Тожик ёшлари орасида инфаркт кўпайди


Тожикистонлик шифокорлар мамлакатда юрак хасталиги билан оғриган ёшлар сони кескин ошаётганидан ташвиш билдирмоқдалар.

- Биринчи инфарктни 21 ёшимда олганман. Кўп ўйланишдан, кўп фикрлашдан, деб ўйлайман. Бир ҳафта реанимацияда, кейин 24 кун палатада ётиб чиқдим. Табобат олдим, ҳозир яхшиман. Ҳар йил бир марта шифокорлар кўригидан ўтиб тураман, - дейди 26 ёшли Абдусалом Абдуназаров.

Ваҳдат туманида яшовчи Абдусалом Тожикистон ва Россия касалхоналарида бўлганида ўз тенгдошлари ва ҳатто ундан кичик ёшдагилар ҳам юрак хуружини бошдан кечирганига гувоҳ бўлганини айтади.

Бугунги кунда юрак хасталиги билан оғриган тожикистонлик ёшлар сонининг ортаётгани шифокорлар ташвишига сабаб бўлмоқда экан.

- Аммо, - дейди Зокиржон Тоштемиров исмли ёш шифокор биз билан ўзаро суҳбатда, - мутахассисларнинг етишмаслиги ва беморларга биринчи ёрдам кўрсатиш учун замонавий ускуналаримизнинг йўқлиги сабабли баъзида ёшларни ўлимдан қутқара олмаяпмиз.

Расмий маълумотларга кўра, жорий йилда мингга яқин киши юрак хасталигидан шикоят қилган. Шундан 300 таси Хатлон вилоятида қайдга олингани ва уларнинг йигирма нафари вафот этгани айтилади.

Хатлонлик шифокор Иброҳим Мусоев аввалги йиллар асосан ёши 50 дан ошган кишилар турли юрак касаллигига дучор бўлган бўлса, эндиликда бу касаллик ҳатто 14-16 ёшдаги болаларда ҳам кузатилаётганини таъкидлайди.

Мусоев мулоҳазасича, ўтиш даврини бошдан кечираётган мамлакатлар, жумладан, Тожикистонда ҳам юрак хуружига учраётганлар сонининг ошиши табиийдир. Ундаги маълумотларга кўра, юрак хуружи билан оғриганлар сони хусусан фуқаролик урушидан кейин кўпроқ қайдга олинган.

- Қашшоқлик, йўқчилик, асаб бузилиши туфайли одамлар болалигидан турли юрак касаллигига ва ҳатто юрак хасталигига чалинади. Юз фоиз соғлом юрак икки, уч ой давомида қаттиқ асаб бузилиши, стресс ва ғам-ташвиш туфайли касалга чалинади. Менимча, ёшларимиз орасида юрак хуружини бошдан кечираётганлар сонининг ортишидаги асосий ва энг хавфли омил ҳам ғам чекишдир, - дейди тожикистонлик шифокор Мусоев.

Шифокорнинг маълум қилишича, шу йилнинг саккиз ойи давомида юрак хасталиги билан оғриган тахминан ўн минг киши вилоят касалхоналарида даволанган.

Улардан бири 55 ёшли Зариф Назифов яқинда уйига қайтган. У бундан бир ой аввал юрак хуружи ташҳиси билан вилоят касалхонасига ётқизилган экан.

- Рўзғор ташвишлари ҳақида ўйласам, юрагим тез оғриб қолади. Бирор нарсага ғам чексам, юрагимнинг тез-тез ураётганини ҳис қиламан. Лекин тирикчилик экан - ўйламай бўлмайди. Кардиологияда ётганимда роса кўп одамлар, хусусан, ёшлар шифокорларга юрак хасталиги билан мурожаат қилишарди. Сўнгги йиллар бу касалликка чалинганлар кўпайган, деб ўйлайман, - дейди Бохтар туманида яшовчи Зариф Назифов.

Соҳа бўйича мустақил таҳлилчиларга кўра, Тожикистондаги иқтисодий ва ижтимоий шароитнинг яхши томонга ўзгармаётгани одамларнинг соғлом ҳаёт кечиришига тўсиқ бўлмоқда.

Расмий маълумотларга мувофиқ, тожикистонликларнинг 75 фоизи қашшоқликда кун кўради.

Кузатувларга кўра, Тожикистоннинг ўнлаб туман ва шаҳарларида юрак касалини муолажа қила оладиган мутахассислар йўқ. Шу сабабли кўпинча тожикистонликлар Ўзбекистон, Қозоғистон ва Россия каби мамлакатларда даволаниб қайтади. Лавҳа бошида зикр этганимиз Абдусалом Абдуназаров ҳам асосий муолажани Россияда олган экан.

- Тожикистонда Россиядагидек даволай олмайди. Россияда ҳам пул бўлса яхши даволаниш мумкин. Касалхонада эканимда бир ёш қиз ҳам юрак касали билан ётқизилди. Лекин улар даволаниш учун пул топа олмади, лечение ола олмади, ўлди у қиз, - дейди Абдусалом.
XS
SM
MD
LG