Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:17

"Мен Қирғизистон сайловини бойкот қиламан"


Президентликка номзодлар орасида ўзбекка ҳам¸ қирғизга ҳам бир хил қарайдигани йўқлиги учун¸ сайловда қатнашмайман¸ дейди жалолободлик ўзбек йигити.

Пул керак бўлса -25 даража совуқни ҳам сезмай қолар экансиз

Россиянинг Челябинск ўлкасида қурилишда ишлаётган наманганлик мардикор бошдан кечирганлари билан ўртоқлашди.

- Икки кун бўлди озгина қор ëғди.

Озодлик: Қишда совқотиб кетмаяпсизларми?

- Худо хоҳласа¸ совуқни билганимиз йўқ. Ўрганиб қолдик шекилли. 2006 йилдан бери шу ердамиз.

Озодлик: Қурилишларда ишлайдиганлар ташқарида ишлайди¸ тўғрими?

- Ташқарида ишлайдигани ҳам бор, ичкарида ишлайдигани ҳам бор.

Озодлик: Челябинскнинг совуғида ишлаб одам музлаб қолмайдими?

- Йўқ, Худо хоҳласа музлаганим йўқ. -25 градусда ҳам ишладим, музлаганим йўқ.

Озодлик: -25 градусда ишладингизми?

- Ишладим.

Озодлик: Бўлиши мумкин эмас.

- Ишладим. Шу гапни гапирсам ҳеч ким ишонмайди. Бўронда, 25 даража совуқда қор кураб ғиштни олдим. Қор ëғмайди¸ деган пайтда биз ғиштни ташқарига тахлаб қўйган эдик. Эрталаб турсангиз, уже қор қоплаб бўлган. Иложи йўқ ўшани олганмиз.

Озодлик: Музлаб қолмадингизми?

- Нимага музлайман? Устда кийим, оëқда этик, қўлда перчатка бўлиб қимирлаб турсангиз, ўзингиз 35 даража иссиқ бўласиз.

Озодлик: Иш берувчингиз пулини тўладими?

- Худо хоҳласа. Биз ҳар 15да нақд оламиз.

Озодлик: Нима қураяпсизлар?

- 9-10 этажли уйлар қураяпмиз.

Озодлик: Унча-мунча одам -25 даражада ишлай олмаса керак.

- Ишлайди. Пул керак бўлгандан кейин ўзига ишонган одам ишлайди.

Озодлик: Шу ўзбеклар ўзи темирдан ясалган бўлса керак-а?

- Нима учунн темирдан ясалган? Ҳеч қачон темирдан ясалмаган. Ҳаммага ҳам ўзининг жони ширинку. Ўзбекистонда бир ойнинг ичида 700 доллар берса, боринг 500 доллар берсин, шу ерга келмас эдим мен. Ота-онамдан, бола-чақамдан узоқда юриб, бу ерга келмас эдим. Шу пул йўқ Ўзбекистонда, дейди Челябинскда меҳнат қилаëтган наманганлик меҳнат муҳожири.


Кўчат етиштирадиган биз деҳқонлар, уни сотиб фойдасини кўрадиган раис бува

Самарқандда кўчат етиштиришга ихтисослашган совхоз деҳқонларидан бири айтади бу гапни.

- Мен Самарқанддан. Боғларимиз бор. План билан берамиз. Ҳаммасини ўраб олган мафиядай бўлиб бригадир ҳам, раис ҳам. Бригадир шартномага қарамасдан “мен айтгандай қиласизлар” деб нима қилди. Кўчатчилик асосан. Ўзлари сотиб олиб нақд пулга сотаяптию, умуман ойлик деган нарса йўқ 7 йилдан бери. Халқ умуман дабдала бўлган. Мана гилос меваларини сотади. 1500 сўмдан олмалар сотаяпти. 200 сўмдан оформлят қилади. Ойлик бер, деса, пул йўқ дейди. Кўчатчалар сотилади. Битта бригададан 40-50 минг кўчат бўлади. Катта пулга сотиб 200 сўмдан оформлят қилаяпти.

Озодлик: Олувчилар ким?

- Қозоғистондан келаяпти.

Озодлик: Кўчат етиштиришга қанча вақт кетади?

- Икки йил. Икки йилда тайëр бўлади, дейди Самарқандда кўчат етиштиришга ихтисослашган совхоз деҳқонларидан бири.


Қирғизистондаги номзодлар орасида биз ўзбеклар ҳақида қайғурадигани йўқ

Россияда ишлаётган жалолободлик Темур Қирғизистонда бўлажак сайловда ҳеч кимга овоз бериш нияти йўқлигини айтади.

- Овоз беришга яраша одамнинг ўзи йўқ. Мен шундай деб ўйлайман. Ҳеч кимга овоз бермайман.

Озодлик: Бормайсиз ҳам, овоз бермайсиз ҳам.

- Йўқ. Нима учун? Булар овозга яраша одамлар эмас.

Озодлик: Мана 20дан ошиқ номзоднинг ичида сизга ëқадигани йўқ экан. Сиз бориб овоз беришингиз учун номзодлар орасида кимни кўрмоқчисиз? Қанақа бўлиши керак ўша одам?

- Ўша одам қирғизга ҳам, ўзбекка ҳам, нима деса бўлади, достойное отношение дейдию, одамга бир хил қарайдиган, одамлар бир-бирига ишонмай қўйди, урушдан кейин шунақа бўлиб қолди. Одамлар ҳозир иккига бўлиниб қолди. Иккига бўлиб қўйган одамлар ҳозир қочиб юрибди. Охирини ўйлаб иш қилиш керак эди. Охирини ўйламай кўп одам иш қилди.

Озодлик: Илгари Бакиевгами ëки Ўтунбаевагами ўзингиз овоз берганмисиз?

- Йўқ, бермаганман. Умуман қатнашмаганман.

Озодлик: Ўзбеклар орасида кўпчилик сиздай фикрдами?

- Ҳа, шунақалари ҳам бор. Пулга сотилганлари ҳам бор. Одам ҳар хил бўладида. Ўзингиз биласизку.

Озодлик: Балки иштирок этиш керакдир. Нима деб ўйлайсиз?

- Бунақа нарсалар бўлмаганда иштирок этардик.

Озодлик: Қанақа нарсалар?

- Мана тўполон бўлди. Ҳалигача исташади. Ëш, бегуноҳ одамлар ҳозир қамоқхонада ўтирибди. Ўзининг юрти учун турганлар мана қамоқда ўтиришибди. Бекордан бекорга олиб кириб қўяяпти. Сиз билан биз четда юриб ҳеч нарса билмаяпмиз. Мен у ерда бир ой бўлиб келдим. Милициялар нима бўлиб қолганда, рэкетизм, бандитизм бўлиб қолган. Хоҳлаганини ушлаб олиб кириб, пулини олиб, уйига кириб уйига бир нарсаларни ташлаб пулини олаяпти. Мен ўзим кўриб келдим. Ҳақ гап. Ҳозирда ҳам бўлаяпти. Ҳеч кимнинг қўлидан ҳеч нарса келмаяпти. Одамлар бошқача гапираяпти, ўзларининг хоҳлаганини қилаяпти. Бу ҳақда биров гапирмаяпти. Чиқиб гапирганини қамаб қўяяпти. Ҳозир нима учун биз сайлашимиз керак? Бир сайласак далше яна ўшанақа давом этади. Оддий милиция простой народни қийнаяпти. Оддий халқда нима айб? Машинада кетаëтган ëш болаларни тушириб олиб пулини олиб, қўрқитиб, шунақа қилишнинг кераги йўқда. Инсоф деган бўлади мусулмонда. Ëш болаларда, хотинларда нима гуноҳ? Мен Ўш, Жалолободда бир ой бўлиб кўриб келдим, дейди жалолободлик Темур.

**********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

Skypeда Озодликни оzodskype деб қидиринг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG