Линклар

Шошилинч хабар
11 май 2024, Тошкент вақти: 00:20

Юрий Лужков: Медведев Бош вазирликка ярамайди


Ҳукмрон "Единая Россия" партияси асосчиларидан бири¸ Москва собиқ ҳокими Россия жорий сиëсатини танқид қилди.



2010 йилнинг 28 сентябрида катта шов-шув билан истеъфога чиқарилган собиқ Москва мэри Юрий Лужков мамлакатнинг энг йирик партияси ҳисобланган “Единая Россия”нинг келгуси президентлик сайлови олдидан аҳоли орасида обрўси кескин пасайиб кетаётганини гапиради.

- Сайлов давомида “Единая Россия”¸ Медведев билан бўладими ёки унингсиз¸ жиддий муаммоларга дуч келади ва ўзини қўллаб келган овозларни йўқотади. Чунки “Единая Россия” – аслини олганда ҳокимият партияси эмас, у халқни, одамларни ҳимояламади, у ҳукумат ва президентга хизмат қилди¸ холос, дейди Юрий Лужков.

Москва собиқ мэри мазкур партия асосчиси ва раҳбарларидан бири эди. У мэрликдан истеъфога чиқиши биланоқ партияни ҳам тарк этган. Москвани 18 йил давомида бошқариб¸ уни дунёнинг энг йирик мегаполисларидан бирига айлантирган Лужков, ўз собиқ партиядошларини “сотқинликда” айблади.

- “Единая Россия” партияси обрўси кескин тарзда тушиб бормоқда. Чунки ундаги одамлар, мен партияни бошқараётганларни назарда тутяпман, ташкилий, ақлий потенциал нуқтаи назаридан кучсиз, кўримсиз шахслардир. Бундай шахслар туфайли эса партия ҳокимият қўлидаги қулайгина ўйинчоққа айланди. “Единая Россия” раҳбарияти хизматкорлик қилиш қулай эканини фаҳмлаб олди, дейди Юрий Лужков.

Юрий Лужков Путин-Медведев тандемида жой-алмашиш қоидасининг жорий қилингани мисолида Россия жорий сиёсати олдиндан белгилаб берилган ўйин қоидаларига биноан олиб борилаётганини таъкидлади. У бу икки сиёсий раҳбар орасида президентликка Путиннинг нисбатан лойиқлигини гапирди.

- Жой алмашиш масаласига тўхталадиган бўлсак... Путиннинг Медведевдан кўра президентликка даъвогарлик қилиши маъқулроқ, деб биламан. Медведев мамлакат миқёсидаги масалаларни ҳал эта олмаслигини намойиш қилди. Айтишим керакки, Меведевнинг Бош вазирлик лавозимига тайинланиши Россия учун бундан-да салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Медведев премьер сифатида жуда кучсиздир. Россия ҳокимиятни, президентни ўзгартириб давлат иқтисодиётини тиклашга қодир шахсни ҳокимият тепасига қўйиши шарт, дейди ҳозирда рафиқаси¸ миллиардер Елена Батурина билан Швейцарияда қўним топган Юрий Лужков.
XS
SM
MD
LG