Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:20

Тошкентга ГУТ маслаҳат


Ўзбекистон оммавий воситалари кўкларга кўтараëтган ўзбек моделини дунëга ëйиш зарурати пишиб етилган кўринади...







Телевизорни биров ўтириб кўради, биров ёнбошлаб, яна биров ястаниб ётволиб кўради.

Бировлар ҳафсала билан – кўк чойни аччиқ дамлаб, бир ҳовуч майиз солинган тақсимчани олдига қўйволиб кўрса, баъзилар телевизорни ёлғизликдан қутулиш учун ёқиб қўяди – жавраб турсин шу!

Фақат бизнинг мухбиримиз севиб кўради телевизорни. Жон-жаҳди билан кўради. Тикилиб кўради. Айниқса ЎзТВни.


****************************************************


Ўзбекистон телевидениесининг 19 октябр кунги дастурида ҳам ҳар доимгидай иқтисодиётнинг ўзбекча модели тўғрисида гап бўлди.

Сирдарёлик меҳнат фахрийси Сайдулла Абдуқодировнинг телевизорда туриб айтишича, “Мана бугунга келиб бизнинг ривожланишимизнинг дунë ўрганиб, ўзбек модели сифатида дунë ўрганмоқда. Бундан мағрурланмасдан бўладими?”

Телевизорга чиққан Олий Мажлис депутати Ойша Охуновадан ҳам эшитдик ўзбек модели тўғрисидаги гапни.

“Тараққиëтимизни президентимиз томонидан белгилаб берган ўзбек моделида мана шу бешта тамойил бор”.

Сирдарёда яшайдиган меҳнат фахрийси ҳам, Тошкентда яшайдиган депутат ҳам нима учун модЕль сўзининг биринчи бўғинига урғу бериб, мОделга айлантирворганлари устида фикр юритиб тилшуносларнинг нонини яримта қилмоқчимасмиз. Юмушимиз бошқа.

Ўзбекча модель тўғрисидаги 19 октябр кунги “Ахборот”да, шу куни Вазирлар Маҳкамасида бўлиб ўтган мажлисдан тайёрланган сюжетда ҳам айтилди.

Жорий йилнинг 9 ойида республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларини кўриб чиқишга бағишланган мажлисдан тайёрлаган материалида мухбир мана бундай хабар қилди.

Биз мухбирнинг ўрисчасини ўзбекчалашга уриниб ўзимизни қийнамадик. Тайёрини ЎзАдан олиб қўяқолдик:

“Қайд қилиндики, жаҳонда ислоҳотларнинг “ўзбекча модели” сифатида кенг эътироф этилган ўз ривожланиш моделини изчил ва аниқ мақсадларга йўналтирилган тарзда амалга ошириш туфайли, давом этаётган жаҳон молиявий-иқтисодий инқирознинг салбий таъсирига қарамай, жаҳондаги унча кўп бўлмаган мамлакатлар қаторида республикамизда макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ўсишининг изчил юқори суръатлари сақланиб қолмоқда”, деб ёзди ЎзА ва айтди ЎзТВ мухбири.

Иккала ахборот воситаси ҳам ўзбекча моделнинг ҳаётийлигини рақамлар билан далиллади:

“Жорий йилнинг январь-сентябр ойларида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръатлари 8,2 фоизни, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми ўсиши 7,0 фоизни ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми ўсиши 6,8 фоизни ташкил этди”, деб ёзди ЎзА ва айтди ЎзТВ мухбири.

Эришилган муваффақиятлар тўғрисидаги бу маълумотларга “Ахборот”нинг хориж хабарлари жуда яхши, керакли фон бўлди.

“Буюк Британияда инфляция даражаси 4,5 фоиздан 5 фоизга кўтарилди.
Испания иқтисодиётига ишонч рейтинги 2 поғонага пасайиб кетди”, деб хабар қилди “Ахборот”.

Инглизларнинг ҳам, испанларнинг ҳам муваффақиятсизлиги “ислоҳотларнинг жаҳон эътироф этиб турган “ўзбекча модели”дан ўрнак олмаётганидадир.

Қандай қилиб улар ўрнак олсин, агар ўзбекчани, боринг ана, ҳеч йўқ ўрисчани билмаса?!

Шуни, яъни Британия ва Испания, қолаверса бутун жаҳон иқтисодиётини сақлаб қолиш зарурлигини назарда тутиб, Ўзбекистон телевидениесига бир ғояни бепул таклиф қилмоқчимиз.

Ҳафтада 7 кун, суткада 24 соат инглиз тилида ишлайдиган канал очиш керак. ВВСдай, “Ал-Жазира”дай ёки “Russia today”дай.

Канални амиркон андозада уч ҳарф билан “GUT”, деб номлаш мумкин. “GUT” гармончининг асбобидай ёйилса “Golden Uzbekistan Today” – “Олтин Ўзбекистон бугун” бўлади.

Бу ном билан иккита “қуён отилади”: телевидениесини “Олтин аср”, деб номлаган қўшни туркманлар чангда қолдириб кетилади (эртага гази тугаса, олтин асриям тугайди) ва жаҳон томошабинлари идроки остига таъсир қилинади. Ахир “GUT” инглизча “Good” билан бир хил айтилади-да!

Янги ТВни жуналист кадрлар билан таъминлаш масаласи бор. Бу масала ҳам тошканча айтганда, “онсон” ҳал қилинади. Ким кўп – мактабларда инглиз тили ўқитувчиси кўп...

...десам, ҳамкасбим Фаррух “Э, Сарвар ака, ахир улар журналист эмаску!” деди.

Бир гап келдию индамадим. Хафа қипқўймай, дедим Фаррухни.

Ва ниҳоят яна бир детал - каналнинг дизайни (савоб иш қилсанг, охиригача қил дейишадику!)

Биз таклиф қилаётган инглизча “GUT” канали вазифаси ислоҳотларнинг ўзбекча моделини жаҳон бўйлаб тарғиб қилиш экан, каналнинг безак суратларида ўзбек иқтисодиётини ҳаракатлантирувчи омиллар бўлуви лозим.

Китоб туманидаги бир суҳбатдошнинг айтишича, шу кунларда пахта теримига ҳайдалаётган ҳашарчиларни “вилояти прокуратурасидан бориб санади” ва санамоқда.

Пахтакор туманидаги бошқа суҳбатдошнинг айтишича, “100 кило пахтага 1 литр мой беради”.

Ўзбекистоннинг ўзида яшаётганларнинг бу гапларидан, иқтисодиётнинг ўзбекча моделини ҳаракатлантираётган омиллар прокуратура ва бир литр пахта ёғи бўлиб чиқаяпти.

Демак, бош прокуратура пешлавҳаси ва бир шиша ёғ “GUT” канали безак суратларида акс этиши лозим.
XS
SM
MD
LG