Линклар

logo-print

Бундан 42 йил муқаддам исëн билан ҳокимиятга келган Муаммар Қаддафий умри исëн билан якун топди.


Туғилиш

20 октябрда ўлдирилган Муаммар Қаддафийнинг туғилган кунига оид аниқ маълумот йўқ.

Бир манбада¸ унинг 1940 йил 7 июнда Ливиянинг Сирт шаҳрида қашшоқ бадавий оиласида туғилгани айтилса¸ бошқасида Қаддафийнинг 1942 йилда туғилгани ҳақида маълумот келтирилади.

У бадавийларнинг Ал-Қаддаф қабиласига мансуб.

Қаддафий мактаблари

Қаддафий биографлари унинг ëшлик пайтида Сирт¸ Сабҳ ва Мисратадаги мактабларда илк таҳсил кўрганини ëзишади.

Мактабларда ўқиш чоғида Қаддафий араб дунëсини бирлаштириш ҳақидаги Жамол Абдул Носир ғоялари билан қизиқади.

1956 йил юзага чиққан Сувайш бўҳрони пайтида Қаддафий илк маротаба Исроилга қарши намойишларда иштирок қилади.

Қаддафий 1959 йилда Сабҳ шаҳрида тузилган яширин сиëсий ташкилот асосчиларидан бири бўлаади.

Бу ташкилот Суриянинг Бирлашган араб республикаси таркибидан чиқишига қарши 1961 йилда намойиш ўтказади.

Ана шундан кейин Қаддафий ўзи ўқиëтган мактаб-интернатдан ҳайдалади.

Мактабдан ҳайдалган Қаддафий 1961 йилда монархияга қарши ташкилотни тузади.

Бу ташкилот айни пайтда Ғарб ишғолчиларига ҳам қарши шиорлар билан чиқади.

Бу фаолияти учун Қаддафий қисқа муддат қамоққа олинади.

Ўқишни Мисратада давом қилдирган Қаддафий¸ 1965 йилда Бенғозийдаги ҳарбий билим юртни лейтенант унвонида тугатади.

Қаддафийнинг октябр инқилоби

1966 йилда Британияда ҳарбий тайëргарликдан ўтган Қаддафийга капитан унвони берилади.

1969 йилда Қаддафий асос солган “Эркин зобитлар иттифоқи” Ливия подшосини ағдариш режасини ишлаб чиқади.

11 нафар зобит раҳбарлик қилган бу тўнтариш Ливиядаги монархияга нуқта қўяди.

Қаддафий 1969 йил октябрида ўз тарафдорлари олдида чиқиш қилиб бешта талабни ўртага қўйди. (1. Хорижий қўшинларнинг Ливия ҳудудидан чиқиб кетиши. 2. Ижобий бетарафлик. 3. Миллий бирлик. 4. Араб бирлиги.5. Сиëсий партияларни тақиқлаш.)

7 октябр куни Ливиядан 20 минг италиялик қувиб чиқарилади.

1969-71 йиллар мобайнида мамлакатдаги барча хориж банклари
Ливия қўлига ўтказилади¸ италянларга тегишли ер–сувлар тортиб олинади.

Нефт ширкатларнининг 51 фоиз давлат назоратига ўтади.

Қаддафий иқтидорга келиши билан мамлакатдаги календар мелодийдан ҳижрийга ўзгартиради.

Мамлакатда қиморхоналар ëпилади¸ ароқ-вино сотиш тақиқланади. Бу ташаббус Ғарб қадриятларидан мусулмон анъаналарига қайтишни англатади.

Қашшоқнинг боласи Қаддафий қашшоқлика қарши

Қаддафий режими 1970 йилдан то 1990 йилгача Африка ва яқин Шарқдаги бошқа давлатларга ўхшаш эди.

Бой табиий заҳиралар фонидаги қолоқ ва қашшоқ¸ қабилалараро низога ботган Ливия сурати ҳавас қилиб бўлмайдиган даражада абгор эди.

1973 йилда Муаммар Қаддафий Ливияда маданий инқилоб ташаббуси билан чиқади.

Подшо ағдарилган 1968 йилда Ливиянинг 73 фоиз аҳолиси саводсиз эди.
Қаддафий иқтидоринияг биринчи ўн йилида 222 кутубхона¸ 25 та умумдавлат таълим марказлари очилади.

1977 йилда хат-саводлиллар сони 51 фоизга чиқади. 1970 йилдан то 1980 йилгача Ливияда 180 минг турар жой қурилади.

Бу эса чодир ва ҳандақларда яшатганларнинг 80 фоизини уй-жой билан таъминлайди.


Қаддафийнинг "Яшил китоби"

Ливия расмий мафкураси сўл ғояларнинг исломий идишдаги қоришиғига мензайдиган "Яшил китоб"дан иборат.

1970 йилдан бошлаб Ливия Совет Иттифоқи таъсир доирасига киради.

Айни пайтда Ливия қўшни араб давлатларидан масофалашади.

Муаммар Қаддафий 1976 ¸ 1981 ва 1986 йилларда. уч марта Совет Иттифоқига ташриф буюради ва Брежнев ҳамда Горбачёв билан учрашади.

Ўтган йили Қаддафий Москвага ташриф буюриб Путин билан ҳам учрашган эди.

Қаддафий Ливияси террорчилар сандони

Айни пайтда Ғарб Ливияни террорчилар етиштурувчи хамиртуруш сифатида кўрди.

1986 йилнинг 5 апрелида Ғарбий Берлиндаги дискотекада юз берган портлашда Ливия қўли борлиги айтилди.

Бунга Қаддафийдан ëзиб олинган телефон сўзлашувлари асос қилиб кўрсатилди.

АҚШ президенти Роналд Рейган Қаддафини "Яқин Шарқнинг қутурган ити" деб атади.


Ғарбнинг араб баҳоридан олдин Қаддафий билан конструктив мулоқоти

Ливия қўли борлиги исботланган террор қурбонларига товон тўланиши¸ Триполининг ядро қуроли яратишдан воз кечиши ва энг муҳими Ғарб ширкатларига нефт саноатидан улуш берилиши¸ болаларга ОИТС юқтирганликда айбланиб¸ ўлим жазосига ҳукм этилган болгар ҳамшираларининг авф қилиниб озодликка чиқарилиши Қаддафийга нисбатан ғазаб ҳавосини юмшатди.

Қаддафий кўп ўтмай Европа пойтахтларининнг азиз меҳмонига айланади. Саркози¸ Берлускони каби Ғарб лидерлари Қаддафий билан оғиз-бурун ўпишади.

Италия Бош вазири Берлускони Қаддафийнинг қўлини ўпди. Қаддафийни диктатор деб аташга Ғарб оммавий ахборот воситалари иймана бошлади.

2009 йил Муаммар Қаддафий АҚШга келди ва БМТнинг 64 сеесиясида 75 минут нутқ сўзлади.

2011 йилда бошланган араб баҳори¸ Ғарбнинг Қаддафийга мулозаматига халақит берди.

Мисрнинг Таҳрир майдонида бошланган жараëн Африка ва Яқин Шарқдаги тутумини ўзгартирди.

Исëн билан иқтидорга келган Қаддафий ҳаëтига исëн нуқта қўйди.

НАТО қўшинлари кўмагидаги "халқ исëнчилари" Қаддафийни 7 ой мобайнида ағдаришди.

Қаддафийнинг "Ливияда туғилдим¸ Ливияда ўламан" деган гапи ростга дўнди....

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG