Линклар

logo-print

"Баҳс майдони"да ўзбек қизларининг бошқа диндаги эркакларга эрга тегиши ҳақида Кореяда яшаëтган икки ўзбек муҳожири тортишади.

Баҳслашувчилар асли наманганлик, 23 ёшли Мунисахон. У Ўзбекистондаги оиласини боқиш учун корейс йигитига турмушга чиққан, айни пайтда Жанубий Кореяда яшайди. Икки фарзанди бор.

Муниса, кимга эрга тегиш ҳар кимнинг ўз шахсий иши, деган фикрда. Унга кўра, динидан қатъий назар, ҳар бир ўзбек қизи шароит тақозо қилганда ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи бор.

Озодлик радиосида аввал ҳам бу ҳақда чиқиш қилган Мунисахоннинг бу хақдаги фикрларини аксарият ўзбек йигитлари ҳазм қилолмаслигини билдирди.

Ўзбек йигитларига кўра, шароит қанчалик оғир бўлишидан қатъий назар ўзбек қизлари ўз миллий қадриятларини сақлаши ва бошқа диндаги йигитлар билан турмуш қурмаслиги керак.

Шундай фикр билдирган йигитлардан бири, асли фарғоналик, 26 ёшли Мансуржон. У ҳам бир ярим йилдан буён Кореядаги меҳнат муҳожири.

Мунисахон ўз фикрларини Озодлик радиосида билдирганидан сўнг, Мансуржон уни баҳсга чорлади.

Мунисахон бу таклифни рад қилмади.

Мунисахон: Кореяда ҳозир ўзбеклар кўпайган. Кўча-кўйда юрсак, ёки Интернетда ўтириб бир ўзбек билан гаплашсак бошқа ўзбеклар, мени ҳақорат қилади. “Ҳа, сенлар келиб-келиб кореяликка турмушга чиқасизларми, итга турмушга чиқасизларми”, деб ҳақоратлар қилади. Ундан кўра, бизга йўл-йўриқ кўрсатишсин, ўша “ит деганларини” мусулмон қилишга ёрдам беришсин.....

Мансуржон: Ўзбек қизлари Кореядаги турмушни сериаллардан кўриб турмушга чиқишни орзу қилишганини кўрдим. Корейсларни ётиб-туриши, овқатланиши умуман бизнинг ислом динига тўғри келмайди. Масалан¸ улар чўчқа ва ит гўштини оддий таомдай тановул қилишади. Қандай қилиб ислом динидаги одам исломга қарши бўлган бу ҳолатларни қабул қилиши мумкин?

Мунисахон: Йўқ, сиз ҳозир ислом динига қарши деб, мутлақо нотўғри гапирдингиз. Мен ҳали исломга қарши бирорта иш қилганим йўқ. Уларга ахир ҳеч ким бу ҳалол эмас деб ўргатмаганку...

Мансуржон: Ўшани аввал ўргатиб кеийн турмушга чиқиш керак эди...

Мунисахон: Йўқ, йўқ, шошмай туринг. Мен қандай қилиб қизбола бошим билан Кореяга келиб туриб буларга ўргатаман...

Мансуржон: Аксарият қизлар корейсга турмушга чиқишдан олдин диний масалаларни бир четга суриб қўйишади, фақат яхши ҳаётни ўйлашади....

Мунисахон: Ҳамма қизлар ҳам ундай эмас... Ҳозир худойимга шукур қиламан, мана 5 йилдан буён корейс турмуш ўртоғим билан яхши яшаяпман. Ўзбекистонда мендан кейин турмушга чиққан дугоналарим ажралиб кетди. Қайси бири яхши, ажрашиб кетганими ёки бошқа диндагига турмушга чиқиб, ҳалол-пок яшаши яхшими?..

Суҳбатнинг тўлиғини қуйида тингланг.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG