Линклар

logo-print

Беларус ўзбек пахтасини сотиб олмоқда


Ғарб ширкатлари Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланиб етиштирилган пахтани сотиб олишдан бош тортган эдилар.

Ғарб ширкатлари Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланиб етиштирилган пахтани сотиб олишдан бош тортган эдилар.

Беларуснинг “Беллегпром” концерни Ўзбекистондан йилига 25-30 минг тонна пахта толаси сотиб олишини эълон қилди.


Жорий йилнинг 12-13 октябр кунлари Тошкентда бўлиб ўтган VII Халқаро пахта ва тўқимачилик ярмаркасида бирор Ғарб ширкатининг Ўзбекистон билан пахта савдоси бўйича шартнома имзоганига оид хабар йўқ.

Uznews.net интернет агентлигига кўра, 2011 йилда биринчи маротаба ўзбек пахта ва тўқимачилик ярмаркасида сотилган 600 минг тонна пахтанинг асосий қисми Шарқ мамлакатлари – Хитой, Бангладеш, Ветнам, Япония, БАА, Эрон, Туркия, Покистон, Жанубий Корея ва Сингапурга жўнатилади.

Жами Тошкент пахта бозорига жаҳоннинг 38 мамлакатидан харидор келгани маълум бўлди.

Cotton Campaign сайтида ёзилишича, бу йил Ўзбекистон пахтасининг 40 фоизини Россия ширкатлари сотиб олган, қолгани Осиё тужжорларига сотилган.

Пахта экспорти бўйича жаҳонда учинчи ўринни эгалловчи Ўзбекистонда етиштирилаëтган пахта толасининг энг йирик харидорларидан бири Хитойдир. 2009 йилда Хитой Ўзбекистондан 350 000 тонна пахта толасини импорт қилган.

Айни пайтда¸ Беларуснинг “Беллегпром” енгил саноат концерни Беларус корхоналари учун Ўзбекистондан йилига 25-30 минг тонна пахта толасини сотиб олишга келишганини эълон қилди.

"Бу шартномлар “Беллегпром” концерни раиси Геннадий Вирко ва Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев ўртасида юқорида зикр этилган Тошкент ярмаркасида имзоланган", дейди Озодлик мухбири билан суҳбатлашган концерннинг Минскдаги матбуот котибаси Татяна Пишкало.

- Концерн делегацияси Тошкент ярмаркасида иштирок этиб, ўз олдига қўйган мақсадларга эришди. Тошкентга сафар ва ярмаркада иштирок этишнинг асосий мақсади эса концернимиз таркибига кирувчи Беларус тўқимачилик корхоналарига зарур бўлган ўзбек пахтасини етказиб бериш ҳақида музокараларни олиб бориш эди.

Раисимиз Вирко бошқарган делегация таркибига концерннинг 8 та енгил саноат корхонаси раҳбарлари кирди. Айтиш жоизки, мамлакатимизда ўзбек пахта толасига бўлган эҳтиёжи катта. Йилига Беларусда 21,3 минг тонна пахта толасига эҳтиёж бор. Шу сабабли, раҳбариятимиз Беларусга ўзбек пахтаси импорти ҳақида бир неча йиллик шартнома имзолаб қайтди. Бу дегани Ўзбекистон Беларус учун бир неча йил давомида пахтани резерв қилади, - дея маълум қилди “Беллегпром” концерни расмийси Татяна Пишкало.

Матбуот котабасининг сўзларига кўра, бугунги кунда Беларус сотиб олаëтган пахта толасининг 70 фоизи айнан Ўзбекистондан келади.
Беларус Саноат вазирлиги расмийси Сергей Шалай Тошкент расмийлари билан пахта бўйича шартномалардан ташқари Ўзбекистонга турли машинасозлик маҳсулотлари ва эҳтиёт қисмларини етказиш ҳақида ҳам келишиб олинганинин айтди.

Москвадаги Стратегик тадқиқотлар институти таҳлилчиси Аждар Куртов жаҳон бозорида пахтага бўлган эҳтиёж йил сайин ўсиб бораётгани боис Ғарб саноат корхоналари бошлаган бойкот кампанияси ўзбек пахтаси савдосига жиддий таъсир қилмаëтганини айтади.

- Ғарб мамлакатларидаги бойкот кампанияси қисман бўлса-да муваффақиятга эришди: айрим Ғарб компаниялари¸ эътибор беринг¸ давлатлари эмас¸ ўзбек пахтасини сотиб олишдан воз кечди. Бунга Ўзбекистондаги пахта теримида мажбурий болалар меҳнатидан фойдаланилаётгани сабаб қилиб кўрсатилди. Лекин ҳалол айтадиган бўлсак¸ бу кампания жаҳонда оммавийлашмади. Нега? Бунинг сабаби нафақат Беларус каби мамлакатларнинг ўзбек толасини сотиб олаётганида ётади. Гап шундаки, ўта қашшоқ Жанубий Осиё мамлакатларининг деярли барчаси болалар меҳнатидан фойдаланади. Лекин бу мамлакатларга нисбатан негадир бундай бойкотлар эълон қилинаётгани йўқ,- дейди россиялик эксперт.

Бошқа томондан, дея фикрини давом этади Аждар Куртов, авторитар бошқаруви учун Европа Иттифоқи томонидан санкцияларга учраган президент Александр Лукашенко ўзига ўхшаш тузумлар билан алоқа қилишга мажбурдир.

- У Венесуэла, Эрон каби жуда қаттиққўл авторитар тузумлар билан муносабат қилмоқда. Бу режимлар бир-бирларини нафақат Беларус каби енгил саноатда, балки нефт-газ, ҳарбий ва ишлаб чиқаришнинг бошқа соҳаларида қўллаб-қувватламоқда. Шунинг учун Лукашенко режими бундай бойкот ва танқидларга мутлақо бепарводир. Аммо бу билан мен авторитар тузумларга нисбатан санкциялар ва бойкотларни тўхтатиш керак, демоқчи эмасман. Аксинча! Барча авторитар тузумлар бу танқидлар улар обрўсига жиддий зарар келтираётганини тушунади,- дейди Россия Стратегик тадқиқотлар институти эксперти Аждар Куртов

Расмий статистикага кўра¸ Беларус Ўзбекистоннинг муҳим савдо ҳамкорларидан бири ҳисобланади.

2010 йилда икки давлат ўртасидаги маҳсулот айирбошлаш 136,2 миллион АҚШ долларини ташкил қилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG