Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:16

Тошкент нега патриархдан хафа?


Рус православ черкови патриархи Кириллнинг 2-3 ноябр кунлари Тошкентга белгиланган сафари номаълум муддатга қолдирилди.


Рус православ черкови Ўзбекистон билан боғлиқ йирик сиёсий жанжалга тортилган кўринади.

"Тошкент ва Марказий Осиë епархияси ташкил этилганининг 140 йиллигига бағишланган тантаналарда Москва ва Умумроссия патриархи Кирилл иштирок этмайди"¸ деб хабар беради ўз манбаларига таяниб туриб Uzmetronom интернет газетаси.

Рус православ черкови раҳбарининг 2-3 ноябр кунлари Тошкентга белгиланган сафарининг бекор қилинишига¸ газетага кўра¸ патриархнинг Ўзбекистон раҳбарияти билан маслаҳатлашмай туриб¸ епархияни Тошкент ва Марказий Осиë митрополит округига айлантириб¸ митрополит Владимир ўрнига Викентийни раҳбарликка тайинлагани сабаб бўлган.

Тошкент раҳбарияти Ўзбекистон ҳудудидаги православ черкови тизимида ўзидан бемаслаҳат ташкилий ва кадр ўзгаришлари қилинганини дипломатик қоидаларга зид деб топган ва патриарх Кириллнинг Тошкентга сафар қилишига ҳожат йўқлигини билдирган.

Бироқ Москва патриархияси Ташқи черков муносабатлари бўлими раиси муовини Николай Балашов Озодлик билан суҳбатда Рус Православ черкови патриархи Кириллнинг Тошкент ва Марказий Осиёнинг бошқа ҳудудларига сафари борасида тегишли давлат органлари билан музокаралар олиб борилаётганини айтди.

- Ҳозирда патриарх Кириллнинг Марказий Осиё мамлакатларига сафари муддатлари ҳақида музокаралар давом этмоқда. Биз бу сафар, албатта, амалга ошишига ишонамиз. Ҳозирча бу масала юзасидан якуний қарор қабул қилинмаган, шу сабабли патриархнинг сафари қолдирилганлиги ҳақидаги гап-сўзларни оддий одобсизлик, деб биламан,- деди Рус черкови намояндаси Николай Балашов.

Москва патриархияси намояндаси Ўзбекистон раҳбарияти ва Рус черкови ўртасидаги мутлақо келишмовчиликлар йўқлигини алоҳида таъкидлади.

2011 йилнинг 27 июлида Рус Православ Черковининг олий идораси ҳисобланмиш Муқаддас Синод йиғинида Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон ва Қирғизистон православ черковларини бирлаштирувчи Марказий Осиё митрополит округи тузилганлиги эълон қилинган эди. Округ раҳбари этиб собиқ Екатеринбург архиепископи Викентий тайинланди.

Рус черкови ислоҳотчилари режасига кўра, Тошкент ва Марказий Осиë епархияси ўрнига шакллантирилган Тошкент ва Ўзбекистон митрополит округи маркази Тошкент шаҳрида қолади.

“Умуман олганда, нима учун митрополит округларига бўлиниш бошланганини черков маъмуриятидагиларнинг ўзи ҳам тушунаётгани йўқ. Бу русларнинг ўзгартириб бўлмас империя менталитети”, дейди Озодлик мухбирига “Русская народная линия” диний нашри бош муҳаррири Анатолий Степанов.


- Ўзбек ҳукуматининг бундай ҳатти-ҳаракати Православ черковига эмас, кўпроқ Кремл сиёсатига жавоб, деб ўйлайман. Тошкент расмийлари шунчаки руҳоний амалдорларимиз қўйган хатодан фойдаланиб, Кремлдан аламларини олаётгандек туюлмоқда. Бир томондан бу аслида Православ черковининг ички иши, бошқа томондан эса бу черков собиқ Иттифоқ ҳудудида ўз бўғинлари устидан бошқарувини сақлаб қола олган ягона тузилма. Шунинг учун сиёсатчилар доимо диний ташкилотларнинг ижтимоий-сиёсий қудратини назорат қилиб туришга интилиб келган, - дейди “Русская народная линия” нашри бош муҳаррири Анатолий Степанов.

У Рус патриархиясида бўлаётган ўзгаришларга Владимир Путиннинг “Известия” газетасида чоп этилган янги “Евросиё империяси” мафкуравий ғоялари тасвирланган мақола туртки бўлганини тахмин қилди.

Тошкент демарши патриарх Кириллга яқин бўлган доираларда жиддий норозилик келтириб чиқарган кўринади. Москва патриархиясига яқинлиги айтилаётган “Православ экспертлар ассоциацияси” раҳбари Кирилл Фролов 18 октябр куни Накануне.ру интернет нашрига берган интервюсида Ўзбекистон раҳбарияти ва шахсан президент Ислом Каримовни Вашингтон билан ўйнашаётганликда айблади.

“Нима сабабдан Патриарх Кирилл ўз кадрлар сиёсатини Ўзбекистон президенти билан келишиши керак, яна денг Каримовдек президент билан? Каримов Афғонистондан кетганидан кейин Ўзбекистонни ўзининг асосий базасига айлантириш ниятида бўлган америкаликлар билан ўйнашиб қолди”, дея мулоҳаза юритади Кирилл Фролов.

Хуллас, янги иш жойи - Тошкент ва Ўзбекистон округига келиб бўлган митрополит Викентий бундай оғир вазиятдан чиқиб кетиш ҳақида бош қотираётган бир пайтда, Тошкент ва Марказий Осиё епархияси ўз ишини давом эттирмоқда.

Маълум бўлишича, митрополит Викентий бу каби муаммоларга Қирғизистонда ҳам дуч келган: мамлакат муваққат президенти Роза Ўтунбоева Рус Православ Черковининг Бишкекдаги янги диний-маъмурий тузилмасига юридик мақом берилиши масаласини кейинги президент зиммасига юклаганини маълум қилди.

Москва-Тошкент сўзлашувлари давом этар экан¸ Рус православ черковининг Тошкент ва бутун минтақада ўз епархиясига асос солинганининг 140 йиллигига бағишланган тадбирларга Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг мутлақ таянчини қозониб келаëтган митрополит Владимирнинг ўзи бош-қош бўлиши айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG