Линклар

Ҳиллари Клинтон Покистонни огоҳлантирди


АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон ва Покистон Бош вазири Юсуф Ризо Ғилоний.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон ва Покистон Бош вазири Юсуф Ризо Ғилоний.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон президент Обама маъмурияти мулозимларидан иборат йирик делегация билан Покистонга келди. Исломобод етакчилари билан музокараларда Клинтон ўз таъбири билан айтганда, “улар бизга ёрдам бериши ёки халақит қилиши мумкин, лекин бизни тўхтата олмайдилар” қабилидаги “аниқ муждани” етказиш ниятида эканини айтмоқда. Покистондан аввал Афғонистонга ташриф буюрган Клинтон Қўшма Штатлар урушни музокаралар воситасида тугатиш тарафдори бўлиб қолишини баён қилди.


Обама маъмуриятининг энг юқори мулозимларидан иборат делегацияга етакчилик қилаётган Давлат котиби Ҳиллари Клинтон, Покистон ёрдам бериш-бермаслигидан қатъий назар, Вашингтон минтақадаги жанггариларни тор-мор этиш ниятидан қайтмаслиги тўғрисидаги муждани етказмоқчи.

Клинтонга ҳамроҳлик қилаётган делегацияда АҚШ Марказий разведка бошқармаси раҳбари Дэвид Петреус ва Ҳарбий штаблар бошлиқлари қўшма кенгаши раиси генерал Мартин Дэмпси ҳамда Оқ уй, Пентагон ва Давлат департаменти мулозимлари бор. Улар Вашингтоннинг Покистонда жойлашган жанггарларни йўқ қилиш талабларига қаршилик қилиб келаётган фуқаровий ва ҳарбий расмийлар билан учрашишни режалаштирган.

Клинтон Покистонга сафаридан аввал эълон қилинмаган ташриф билан Кобулга борди. Афғон раҳбарияти билан учрашувда Давлат котиби Покистон расмийларига айтадиганимиз аниқ: "Биз курашни давом эттирамиз, музокараларни давом эттирамиз ва қайта қуриш уринишларимизни давом эттирамиз... улар (Покистон-таҳр.) бизга ёрдам беришлари ёки халақит қилишлари мумкин, лекин бизни тўхтатиб бўлмайди”, дея баёнот берди.

Афғонистон президенти Ҳамид Карзай билан ўтказган қўшма матбуот анжуманида Клинтон Афғонистондаги бўҳронни ҳал этишда Покистон иштирок этиши ва Кобулнинг ярашувга эришиш уринишларини қўллаб-қувватлаши шарт, дея таъкидлади.

- Покистоннинг ҳамкорлиги жуда муҳимдир. Зўравон экстремизм афғонлар билан биргаликда минглаб покистонликлар ҳаётига зомин бўлмоқда. Ўзаро ишончсизлик тарихини четга суриб қўйсак, минтақадаги барча мамлакатлар бу ерда яшаётган барча халқлар ҳаққи ҳамкорлик қилишларига тўғри келади. Шунинг учун Афғонистон ва Покистон етакчиларини ўзаро мулоқотни тиклашга чақираман, деди АҚШ Давлат котиби.

Исломободдаги музокараларда асосий диққат Вашингтоннинг Покистондан кўпдан бери талаб қиладиган масала, яъни Толибон ҳаракатига алоқадор ва Афғонистон-Покистон чегара минтақаларида амал қиладиган Ҳаққоний тармоғига қарши ҳарбий амалиёт бошлаш талабига қаратилиши айтилмоқда.

Ўтган ойда АҚШ Ҳарбий штаблар бошлиқлари қўшма кенгашининг собиқ раиси адмирал Майк Маллен Конгресс қўмитаси олида қилган чиқишида Ҳаққоний тармоғи Покистон махфий хизматининг “ажралмас қаноти” сифатида амал қилади, дея таъкидлаган эди.

Покистон бу айбловларни инкор қилиб, бу каби танқидлар давом этадиган бўлса, Қўшма Штатлар Исломободдек иттифоқчисидан айрилиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Карзай билан учрашувдан кейин Клинтон АҚШ Афғонистонда барча томонлар иштирокидаги тинчлик ўрнатиш жараёнини қўллаб-қувватлашини баён қилди. "Толибон¸ - деди у - Афғонистон келажагининг бир бўлаги бўлиб 30 йил давом этган урушни тугатишда иштирок этишлари керак, акс ҳолда улар таъқиб қилинишда давом этади”.

- Жанггарилар зўравонликдан воз кечишлари, Ал-Қоидадан юз ўгиришлари, Афғонистон қонунлари ва конституциясига амал қилишлари, жумладан аёллар ва миллий озчиликларни ҳурмат қилишлари шарт, деди Клинтон.

Жанггарилар кейинги ойларда йирик шаҳар ва ҳарбий иншоотларга кўплаб ҳужум уюштирди. Ҳаққоний тармоғи бу ҳужумларнинг кўпчилиги учун масъул, деб кўрилмоқда.

Карзай миллий ярашув уринишларига бош-қош бўлган собиқ президент Бурҳониддин Раббоний ўтган ойда толиб жанггарилари томонидан ўлдирилгач, Толибон билан музокараларни тўхтатиб қўйган.

Пайшанба кунги музокаралардан кейин Карзай тинчлик жараёни Покистоннинг ҳамкорлиги билан самарали бўла олишини таъкидлади.

- Ўйлашимизча, Толибон, жуда, жуда жиддий тарзда Покистондаги кучлар томонидан назорат қилинади, Покистонда жойлашган, Покистонда қароргоҳлари бор ва Покистондан туриб ҳужумларни уюштиришади. Биз кимнидаир айбламоқчи эмасмиз, ёки Покистонни танқид қилмоқчи ҳам эмасмиз. Айтмоқчи бўлганимиз шуки, музокаралар учун маъқул йўл ва маъқул одамларни топиш лозимдир, деди Карзай.

Қўшма Штатлар 2014 йилгача ўз қўшинларини Афғонистонда олиб чиқиб, хавфсизлик учун масъулиятни афғон қўшинларига топширишни режалаштирган.

Клинтон шунингдек Бурҳониддин Раббонийнинг ўғли Салоҳиддин билан кўришиб, “отангиз довюрак ва фақат яхшиликка интилган одам эди” деган фикрларни айтди.

Ҳиллари Клинтон 22-23 октябр кунлари Тошкентга келади. АҚШ сўнги пайтларда Ўзбекистон билан муносабатларни яхшилаш ҳаракатларини оширмоқда. Бунга Покистон билан муносабатлар ёмонлашиб, Афғонистондаги НАТО кучларига юклар транзити тақдири шубҳа остида қолгани сабаб бўлгани айтилади.

Шу сабабдан Американинг Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон ҳудуди орқали ўтадиган Шимолий тармоққа бўлган эҳтиёжи ошиб бормоқда.

28 сентябр куни АҚШ Президенти Барак Обаманинг Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовни мустақиллик байрами билан табриклаш баҳонасида Оқсаройга қўнғироқ қилганини ҳам таҳлилчилар айнан Шимолий тармоққа эътиборнинг кучаяётгани билан боғлаган эди.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Тошкентга мулозаматни ошираётган президент Обама маъмуриятини танқид қилиб келмоқда.

Халқаро Амнистия, Озодлик уйи, Ҳюман райтс уотч, Очиқ жамият институти, Халқаро бўҳронлар гуруҳи каби қатор нуфузли ташкилотлар АҚШ ҳукуматига очиқ мактуб йўллаб, Ўзбекистон билан “нормал муносабатларни” тикламасликка чақирди.

Бу Клинтоннинг кейинги бир йил ичида Ўзбекистонга иккинчи ташрифи бўлади. У 2010 йилнинг декабрида ҳам Тошкентда президент Каримов билан учрашган эди.

Тошкентга келишидан аввал АҚШ Давлат котибининг 21 октябр куни Тожикистонга ташриф буюриши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG