Линклар

Тожикистон жиноятчиликда гумонланиб қўлга олинган Қирғизистон фуқароларини Бишкек ихтиёрига топширмоқчи эмас.

Ички ишлар вазирлигининг уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси бошлиғи Жўрахон Зоировнинг Озодликка маълум қилишича, қўлга олинган Қирғизистон фуқаролари Қодирбек Досонов ва Мирлан Шакулиев Адлия вазирлигининг вақтинча сақлаш изоляторида ушлаб турилибди.

Улар билан бирга қўлга олинган Чингиз Жумақуловга эса, тожик генерали Зоировнинг айтишича, Миллий хавфсизлик қўмитаси жиноят иши очган ва айни пайтда шу идоранинг вақтинча сақлаш қамоқхонасида тергов қилинмоқда экан.

Тожик расмийси Зоиров, шунингдек, Қирғизистон Жиноят кодексининг бир неча моддаси билан айбланиб, халқаро қидирувда бўлган бу жиноятчилар ҳозирча Бишкек ихтиёрига топширилмаслигини билдирди.

- Чингизни умуман у томонга топширмоқчи эмасмиз. Лекин қолган икки жиноятчи масаласига келсак, эсингизда бўлса, шу йил ёзида қочқин маҳбуслардан бири ( 2010 йилнинг августида Миллий хавфсизлик қўмитасининг вақтинча сақлаш изоляторидан қочган маҳбуслардан бири, россиялик Абиев Низоми назарда тутилмоқда,таҳр,.) Бишкекда қўлга олинган эди. Қирғизлар ўша қочқин маҳбусни бизнинг ихтиёримизга топширса, биз ҳам Қодирбек Досонов ва Мирланни у томонга экстрадиция қилишимиз мумкин, - деди Ички ишлар вазирлиги расмийси Жўрахон Зоиров.

Қирғиз жамиятида “Жинго” лақаби билан танилган Қодирбек Досонов, Чингиз Жумақулов ва Мирлан Шакулиев шу йилнинг 14 сентябр куни Душанбе шаҳрининг Сино туманида қўлга олинган эди.
Ўшанда Тожикистон Ички ишлар вазирлиги расмийси Маҳмадулло Асадуллоев бу шахслар Қирғизистон Жиноят кодексининг бир неча моддаси, жумладан, Қирғизистон президенти маъмурияти раҳбари Медет Садиркуловни ўлдирганликда гумонланиб халқаро қидирувда бўлганини маълум қилганди.

Ўз навбатида Қирғизистон томони уч фуқаросининг экстрадициясини сўраб, Тожикистон томонига сўровнома юборган эди.

Октябр ойи бошида эса Душанбеда ўтказилган бир тадбирда қатнашган Қирғизистон Омбудсмени Турсунбек Акун тожик томонидан учала жиноятчи билан учрашишга рухсат сўраган.

Бироқ Қирғизистоннинг Душанбедаги элчихонаси расмийси Салтанат Корчиевадаги маълумотларга кўра, тожик томони Турсунбек Акунга рад жавобини берган.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, Тожикистон минтақанинг бошқа республикалари қаторида Қирғизистон билан ҳам маҳбусларни алмашиш борасидаги шартномани имзолаган. Шу кунгача бу икки қўшни республика ўнлаб маҳбусларни алмашишган.

Бироқ Қирғизистон президенти маъмурияти раҳбари Медет Садиркуловни ўлдирганликда гумонланаётган жиноятчиларни алмашиш масаласига келганда, кузатувчиларга кўра, ўзаро ҳамкорлик ўрнини ултиматум эгалламоқда.

Норасмий манбаларнинг айтишича, расмий Бишкек Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг вақтинча сақлаш изоляторидан қочган маҳбус Абиев Низоми Россия фуқароси бўлгани учун Тожикистон ихтиёрига топширилмаслигини билдирган.

Бироқ тожик томони эса, Абиев Тожикистон ҳудудида жиноят содир қилганини назарга олган ҳолда Душанбе ихтиёрига топширилиши шартлигини уқтирмоқда.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги масъули Жўрахон Зоиров Бишкекда давлат чегарасини ноқонуний бузиб ўтганликда айбланаётган Абиев Низоми устидан шу йил 28 октябрида маҳкама бошланишини айтди.
- Биз ҳам ана шу маҳкама натижасини кутиб турибмиз. Маҳкамадан сўнг Абиев бу томонга топширилса, биз ҳам Қирғизистоннинг икки фуқаросини у томонга берамиз, - деди генерал Зоиров.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG