Линклар

Қизимни корейсга эрга берган бўлардим...

  • Сарвар Усмон

Ўзбек қизларининг корейс йигитларига турмушга чиқаëтгани консерватив ўзбекистонликларга оғир ботмоқда.

Ўзбек қизларининг корейс йигитларига турмушга чиқаëтгани консерватив ўзбекистонликларга оғир ботмоқда.

Бу гапни "Баҳс майдони"да кўтарилган мавзуга муносабат билдирган конибодомлик Ғулом ака айтади.

Афтидан¸ Озодлик мухлисларини бутун жаҳон муҳокама қилаётган воқеалардан кўра, тор миллий-маиший масалалар кўпроқ қизиқтирмоқда.

Ҳар ҳолда “Эркин микрофон” эшиттиришига 21 октябр куни қилинган мурожаатлардан шундай хулосага келиш мумкин.

Эшиттириш билан телефон ва Skype орқали боғланганлар орасида Ливия раҳбари Муаммар Қаддафийнинг қатл этилишига муносабат билдирганлар озроқ, “Баҳс майдони” эшиттиришининг сўнгги сонида кўтарилган маиший мавзу юзасидан фикр билдирганлар кўпроқ бўлди.

“Ўлимни байрам қилмайдилар!”

Бу фикрни Самарқанднинг Ургутида яшайдиган 20 яшар Фарзоджондан эшитдик.

Ливия диктаторининг 20 октябр куни қатл этилишига муносабат билдирар экан, Фарзоджон бундай деди:

- Мен Ургутдан Фарзодман. Мен эшитдим Муаммар Қаддафий ўлгандан кейин Ливия халқи байрам қилибди. Менга ëқмадида шу. Араблар учун кўп иш қилгандида. Чет эл нималаридан ҳимоя қилиб иқтисодини Ўрта ер денгизидаги мамлакатлардан битта Ливияда. Муаммар Қаддафий ҳам кетди. Энди билмадим Африкага тўлиқ Европа ҳукмронлик қиладими.

Озодлик: Демак, Муаммар Қаддафий ўлимини ливияликлар байрам қилгани сизга ëқмади.

- Йўқ, дейди ургутлик Фарзод.

Маълум бўлишича, Фарзод Озодликни тинглай бошлаганига кўп бўлгани йўқ. Биз янги тингловчимизга яна бир неча савол бердикки, жавобларини кейинроқ эшиттирамиз.

"Баҳс майдони" эшиттиришининг сўнгги сонида ўзбек қизларининг бошқа диндаги эркакларга эрга тегиши ҳақида Кореяда яшаëтган икки ўзбек муҳожири тортишди.

Баҳслашувчилар бири асли наманганлик, 23 ёшли Мунисахон. У Ўзбекистондаги оиласини боқиш учун корейс йигитига турмушга чиққан, айни пайтда Жанубий Кореяда яшайди. Икки фарзанди бор.

Муниса, кимга эрга тегиш ҳар кимнинг ўз шахсий иши, деган фикрда.
Баҳслашувчилардан яна бири асли фарғоналик, 26 ёшли Мансуржон. У ҳам бир ярим йилдан буён Кореядаги меҳнат муҳожири.

Унинг фикрича, шароит қанчалик оғир бўлишидан қатъий назар ўзбек қизлари ўз миллий қадриятларини сақлаши ва бошқа диндаги йигитлар билан турмуш қурмаслиги керак.

Баҳс бўлиб ўтди ва афтидан, у тингловчиларимизда катта қизиқиш уйғотди.

“Корейсларни ҳақорат қилмайлик!”

Бу чақириқ билан Кореядаги юртдошларига “Эркин микрофон”га Skype орқали боғланган ўзбекистонлик меҳнат муҳожири Жамол мурожаат қилди.

- Исмим Жамол. Кореядаман. Сизларнинг радиони анча йилдан бери тинглаб келаяпман. Мана Муниса билан Мансур бугун “Баҳс майдони”да баҳслашишди. Мен шунга ўзимнинг фикримни билдирмоқчи эдим.

Униси ҳам, буниси ҳам ўзбекистонлик. Мана мусофирчиликда иккалови Кореяга келиб бир-бировини гапириб, Муниса бу ëқдагилар “Итга теккансизлар деб айтди” дедида. Шу гапга менинг қаршилигим бор. Аччиғим ҳам чиқиб кетди. Ит бўлса бу карис одамлар бориб Ўзбекистондан ялиниб олиб келгани йўқку икковини. Униси айтади чўчқа гўшти ейди, кучук гўшти ейди. Бу буларнинг юрти, буларнинг дини. Хоҳлаганини қилади. Улар бу ерга келиб шуларнинг орқасидан уйдаги бола-чақасини боқаяпти.

Озодлик: Сиз Мунисанинг ëнини олмоқчисиз шундайми?

- Мен Мунисани ҳам эмас, Мансурни ҳам эмас. Мен икковининг ҳам нимасига қаршиман. Менинг ниятим шуки, мана бу ерга келиб туриб шуларнинг орқасидан уйдаги бола-чақасини, ота-онасини боқаяпти, яна буни чўчқа гўшти ейди, ит деб бир-бировига қарама қарши сўзлар билан бир-бировининг кўнглини оғритаяпти. Ўзга юртга келиб мана шу ердан бир бурда нонингни топаяпсан булар билан нима ишинг бор чўчқа гўшти ейдими, кучук гўшти ейдими. Ит дейишга буларнинг ҳаққи ҳам йўқ. Нимага ит дейди бу карисларни? Мана шунча ўзбекни бағрига олиб ўтирибди. Ишини қилдираëтган бўлса пулини бераяпти. Мен ўзим ҳам мусофирчиликда. Мен ўзим ҳам ишлаб юрибман. Мени ҳеч бир карис бориб ялиниб олиб келгани йўқ. Мана иккови ҳам мусулмон экан. Мансурнинг сўзларини тинглаб турдим, беш маҳал намоз ўқисалар керак. Худодан сўрашсин Ўзбекистонга хайру баракани. Нимага союз пайтида ҳеч ким келмас эди? Агар Кореянинг ҳозирги ҳар тарафлама ҳаëти Ўзбекистонда бўлиб қолса, бу ерда ҳеч ким бир кун турмайди, дейди Жамол.

"Баҳс майдони"да кўтарилган мавзу юзасидан “Эркин микрофон”да давом этаётган сиртқи баҳсни ўзини таништиришни истамаган тошкентлик йигит давом эттирар экан,

“Корейсга турмушга чиққан қизнинг ота-онаси нима дер экан?”

деган саволни ўртага ташлади.

- Ўзимни таништирмайман майлими? У қиз айтдики, “Мен мусулмон давлатида, мусулмонман, алҳамдулиллоҳ мусулмонман” деб гапирди. Тўғри мусулмон экан. Наманган шаҳри жуда ҳам исломийлашган жой. Масалан мен тошкентликман. Тошкентда ҳар хил миллатлар кўп. Жуда унчалик мусулмончилик нима бўлмаса ҳам Наманганда кўпроқ мусулмончилик нимаси бор. Шу қизнинг ота-онаси шунга қандай қараркан? Қандай шу нарсани қабул қилди экан? Мисол учун маҳалла-кўйда, қариндош-уруғлар ичида ота-онаси қандай бош кўтариб юрибди экан? Шуни билмоқчи эдим. Ота-онасининг муносабати нима экан шу қизга? Тўғри қилдимикан бошқа миллатга эрга тегиб?

Озодлик: Ўзингиз нима деб ўйлайсиз?

- Нотўғри қилганда барибир.

Озодлик: Нима учун?

- Бошқа миллат бошқа миллатда. Ўзимизнинг мусулмон фарзандига эрга тегса бўлмасмиди? Шу қийинчилик деб, пул деб. Илгари “Хўрозқанд чет элники деса ëтиб олиб ялашади” дейишарди. Энди эрлар чет элники бўлса, бемалол тегиб кетишаверар эканда. Умуман тўғри келмайдида мусулмончиликка, дейди тошкентлик суҳбатдош.

“Эркин микрофон”га Конибодомдан қўнғироқ қилган Ғулом ака ҳам “Баҳс майдони”ни эшитган экан.

Баҳсни давом эттириш истагини билдириб, Ғулом ака

“Қизимнинг қаерга, кимга тегиши эмас, қандай яшаши муҳим”

деган фикрни билдирди.

- Ғулом ака десаларинг ҳам бўлаверади. Мен Конибодомдан. Мен сизларнинг бир эшиттиришларингни эшитдим. Наманганлик қизими карисга эрга тегибди. Шу тўғрисида салгина тортишув бўлди. Баъзиларга ëқди, баъзиларга ëқмади. Шахсан мен ўз фикримни айтмоқчиман. Тўғри қилибди ўша синглимиз. Шарт эмас албатта ўзбекка тегиш. Карисга тегса ҳам бўлаверади. Қаерда бўлса ҳам турмуши тинч, фаровон ҳаëт кечирса бўлдида. Бунинг ҳеч қандай ëмонлиги йўқ.

Озодлик: Наманганлик бошқа бировнинг қизининг карисга эрга тегиши тўғри деяпсиз. Ўзингизда ҳам қизлардан борми? Мен карисга демаяпман. Кореядек узоқ юртга бериб юборишга рози бўласизми?

- Шундай шароит борку. Масалан ниҳоятда яқинга берсангиз ҳам бориб кўра олмайсиз. Ëки у кела олмайди. Шундай ҳодисалар бўладики, узоққа турмушга чиққан, лекин келиб кетиши ниҳоятда осон. Шундайлар ҳам бўлаяпти.

Озодлик: Сиз саволга аниқ жавоб беринг. Бериб юборган бўлармидингиз?

- Менда қиз йўқку. Агар қизим бўлганда, шу шариоитда бўлганда мен ҳам берардим. Қизим хоҳласа, фалон жойга эрга тегаман деса, марҳамат. Бизда феодал нималар йўқ. Биз анча илгарилаб кетганмиз, дейди конибодомлик Ғулом ака.


Австралияда нима гап?

“Эркин микрофон” бу саволни эшиттириш телефонларида қолдирилган номерга қўнғироқ қилиб, телефонни очган тингловчимизнинг ёнидаги йигитга берди.

Вақти зиқлиги туфайли биз билан гаплашолмаган йигит ҳам, унинг шериги ҳам андижонлик қочқинлардан бўлиб чиқди.

Биз фурсатдан фойдаланиб, Австралияда яшаётган андижонликлар орасида қандай янгиликлар бор, деб сўрадик.

- Ҳозирча катта ўзгаришлар йўқ. Бир-иккита ўзбек акаларимизнинг оилалари келишди Андижондан.

Озодлик: Қачон келишди?

- Бир ойча бўлиб қолди. Уч-тўрттасининг оиласи тенг келиб қолди.

Озодлик: Оилани бирлаштириш программаси бўйичада-а?

- Ҳа. Австралия ҳукумати олиб келди.

Озодлик: Ҳамма ишлими? Ишлаяпсизларми?

- Бу ерда ҳозир 80 фоизи ишлаяпти. Қолганлари тилни мукаммаллаштириш нимаси билан ўқишда. Инглиз тилини ўрганишаяпти.

Озодлик: Нима қийинчиликлар бор?

- Қийинчилик йўқ бу ерда. Ўқиб, ишлаб яшаяпмиз.

Озодлик: Соғинчдан бошқа қийинчилик йўғ-а?

- Шундай.

Озодлик: Шунақа десак ишонмайдида тингловчи. Қандай қийинчилик бўлмасин у ерларда, дейди.

- Пул муаммоси бўлмаса, уй-жой бўлса, озиқ-овқат бўлса, холодилниклар тўлиб турса, нимадан қийинчилик бўлади? Битта қолаëтгани соғинчда.

Озодлик: Қанча ўзбек бор сизларнинг жамоада?

- 25тача оила бор. Энди тўртта-бештадан фарзандлари борлари бор.

Озодлик: Сиз 25тача оила деб Андижон воқеаларидан кейин бориб қолганларни айтаяпсизда.

- Ҳа. Лекин олдин келган ўзбеклар ҳам бор бу ерда.

Озодлик: Олдин келган ўзбеклар 25 оиланинг ичига кирадими кирмайдими?

- Улар алоҳида.

Озодлик: Кейинги пайтларда андижонлик қочқинларнинг ватанга қайтиши тўғрисида анча-мунча гаплар бўлди. Сизлардан қайтиб кетганлар бўлдими? Менимча, битта опа қайтиб кетувди-а?

- Ҳа, Дилором опа деган опа қайтган. Ундан кейин ҳеч ким қайтмади. Уларнинг оилаларини олиб келишди.

Озодлик: Дилором опанинг оиласи келдими?

- Йўқ, кетамиз деяëтган акаларнинг оилаларини олиб келишди.

Озодлик: Дилором опадан хат-хабар борми?

- Дилором опа билан энди биз унақа гаплашмасдик ҳам. Акалари билан гаплашиб турса керак. Чамамда хабар бўлмаса керак. Хабар олиша олмайди.

Озодлик: Дилором опага ўхшаб Андижонга қайтиб кетамиз деганлар борми?

- Бор эди. Дилором опадан кейин аҳдларидан қайтишган.

Озодлик: Исмингиз нима эди сизни?

- Исмим сир бўлиб қолса майлими.

Озодлик: Бўпти, раҳмат сизга.

- Раҳмат, дейди Австралияда яшаëтган андижонлик суҳбатдош.

2005 йил 13 май куни Андижонда юз берган фожеадан сўнг 500 га яқин қочқин билан Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган Дилором опа Абдуқодирова қарийб икки йил олдин Андижонга қайтишга қарор қилган эди.

Ўзбекистонга етиб борганидан сўнг 2010 йил, 30 апрелда 10 йилга озодликдан маҳрум этилган.


“Бизга информация керак, хулосани ўзимиз чиқарамиз”

Сарлавҳага чиқарилган гапдаги мазмунни биз ургутлик янги тингловчимиз Фарзоджоннинг айтганларидан уқдик.

Озодлик: Микрофонни ëққунимча сиз Озодликни яқиндагина эшитишни бошладим дедингиз. Нима муносабат билан Озодликни эшита бошладингиз?

- Озодлик, нима десам, тез ҳамма янгиликларни, Ахборотда кўрмайдиган янгиликларни тез берилар эканда бу ерда. Маҳаллий матбуотда кўп нарсалар ëритилавермайди.

Озодлик: Нима учун?

- Билмадим энди. Бирор сабаби бўлса керакда.

Озодлик: Сиз ҳозир менга нима учун эшитаëтганингизни айтдингиз. Мен сиздан қандай қилиб эшитишни бошладингиз деб сўраяпман. Биров айтдими сизга?

- Йўқ, айтгани йўқ. Кечқурун радиони ëққан пайти канал тераëтган пайтда ўзбекча эшиттириш бирдан чиқиб қолди. Соат 9 яримлар эдими. Кейин бир марта эшитдим, икки марта эшитдим, шу билан эшитадиган бўлдим. Қарасам яхши-яхши хабарлар берилар экан.

Озодлик: Озодлик радиосида хабар тез берилишигина сизни қизиқтирадими ëки бошқа жиҳати ҳам қизиқтирадими?

- Масалан ҳаққоний ҳамда. Ҳаққоний, холис фикр билдирилади. Масалан Эркин микрофон дастурини ҳам эшитдим. Ўзбекистонликлар чиқиб очиқ-ойдин ҳаммасини рўй-рост айтаяпти. Кўпчилик радио орқали ëрдам ҳам олаяпти. Масалан бир-иккита чет элдаги одамларни эшитдим. Ëрдам керак экан қанақадир Эзгулик жамиятимией ëрдам берадиган.

Озодлик: Рўй-рост билдирилган фикрнинг нима фойдаси бор сизнинг фикрингизча? Ëшингиз нечада? Олдин ëшингизни билиб олай.

- 20.

Озодлик: Мана 20 яшар йигит экансиз. Озодликни рўй-рост фикрлари учун эшитасиз экан. Нима учун керак шу рўй-рост фикр?

- Билмадим энди ҳозирча фақат эшитиб ўзимизча хулоса чиқарамиз. Ўзимизга керакли бўлган хулосаларни чиқариб оламиз, дейди ургутлик Фарзод.

***********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

Skypeда Озодликни оzodskype деб қидиринг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG