Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:54

Шафқатсиз диктаторга халқ ҳам шафқат қилмайди


Ливия исëнчилари Қаддафий ўлимини нишонламоқда.
Ливия исëнчилари Қаддафий ўлимини нишонламоқда.

Муаммар Қаддафийнинг "ëввойи ит" каби ўлим топганига муносабат билдираëтган айрим ўзбек фаоллари шундай фикрда.


Полковник Муаммар Қаддафийнинг қонга беланиб ётган фотосуратлари, мустабид жасадининг оёқ ости қилинаётгани акс этган видеоларни дунё каналлари тимисиз кўрсатаётган, Ливияни 42 йил идора этган Қаддафийнинг ўлими дунё матбуотида бош мавзу бўлиб турган бир пайтда ўзбек матбуоти бу ҳақда сукут сақламоқда.

Муаммар Қаддафий жасади.
Муаммар Қаддафий жасади.
Халқ қўзғолонлари ёки диктаторларнинг бу каби қисмати ҳақида ўзбек матбуотидаги жимлик одатий ҳолдир.

Айни пайтда¸ Муаммар Қаддафий ўлими борасида Ўзбекистон ичкариси ва ташқарисида яшовчи ўзбекистонликлар томонидан турлича муносабатлар билдирилмоқда.

Айримлар, Қаддафийнинг бу шармандали ўлими бошқа диктаторларга сабоқ бўлиши керак деса, бошқалар Қаддафий даврида Ливияда тартиб бор эди, унинг ўлими бу мамлакатга яхшилик олиб келмайди, деган фикрларни билдирмоқда.

Ҳар бир диктаторнинг қисмати Муаммар Қаддафий мисолида кўрганимиздек даҳшатли тугаши муқаррар, дейди мухолифатдаги Эрк партияси ва Ўзбекистон Халқ ҳаракати етакчиси Муҳаммад Солиҳ.

- Шундай бўлиши керак. Шундай тугайди. Чунки, золим инсон охирида ўзи қилган қилмишлари учун шундай жавоб олади. Диктаторлар шундай ўлимни ҳақ этган кимсалардир. Албатта¸ бутун диктаторнинг ҳам сўнгги, афсуски, шундай, Қаддафий каби тугайди. Ўрта Осиё диктаторлари ҳам бу қисматдан қутулиб қололмайди, деб таъкидлайди Муҳаммад Солиҳ.

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқ ҳимоячиси, Францияда бошпана топган Толиб Ёқубов ҳам 42 йил халқига зулм ўтказган диктаторнинг қисмати шундай бўлишини мантиқий тўғри деб ҳисоблайди.

- Оқибат худди шунақа бўлиши керак эди. Ўз вақтида бундай одамлар бу нарсани тушуниб етмайди. Чунки ҳокимият деган бир нарса инсоннинг бутун вужудини, бутун борлиғини қамраб олади ва ўзида қаттиқ ушлаб туради, дейди Толиб Ëқубов.

Ливияни 42 йил идора этган полковник Муаммар Қаддафийнинг 20 октябр куни Сиртда қўлга тушиб¸ отишма пайтида олган жароҳатларидан ўлгани айтилади.

Халқаро телеканаллар Қаддафийнинг жасади оёқ ости қилинаётгани, қонга ботган жасаднинг кўчаларда судраб юришганини ҳам намойиш қилмоқда.

Қаддафий ëнида бўлган Мутассим жасади устида исëнчилар байрам қилмоқда.
Қаддафий ëнида бўлган Мутассим жасади устида исëнчилар байрам қилмоқда.
Муваққат ҳукумат аскарлари Ливия собиқ раҳбарини канализацион қувурда яшириниб ётган ҳолда топган. Хабарларга кўра, полковник Муаммар Қаддафий ўзини отмаслигини сўраб, илтижо қилган. Айни пайтда исëнчилар Қаддафийнинг ўғли¸ унинг Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси¸ мамлакатни қўрқувда ушлаганлардан бири Мутассимни ҳам шавқатсизларча ўлдирдилар.

Қаддафийнинг бу шармандали ўлими бошқа диктаторларга дарс бўлиши керак, дейди Муҳаммад Солиҳ.

- Қаддафий 40 йил давомида халқига шавқат қилмади. Халқи ҳам унга шавқат қилгани йўқ. Бу инсонларнинг ҳаммаси тахтда экан, зулм қилаётиб, халқига шавқат ҳақида ўйлагани йўқ. Ва улар ўзига хавф туғилган пайтда, қалтираб, қақшаб ўзига шавқат сўрай бошлайди. Ва бугун ўзини қаҳрамон қилиб кўрсатиб, дунёнинг устуни сифатида ўзларини кўраётган диктаторлар Қаддафийнинг бу шармандали ўлимидан дарс олиши керак, дейди Муҳаммад Солиҳ.

Ўзбекистонлик таниқли рассом Вячеслав Охунов Муаммар Қаддафий мисолида ҳокимиятга ёпишиб олган диктаторнинг қисматини кўриш мумкин, дейди.

- Диктаторларнинг ҳокимиятда узоқ қолиш истаги мана шундай оқибатларга олиб келади. Агар ўзининг одамлари заҳарлаб ўлдирмаса, диктаторларни мана шундай қисмат кутади, дейди Охунов.

Ўзбекистонлик профессор Гога Ҳидоятов Муаммар Қаддафийнинг ўлими Ливияга яхшилик олиб келмайди, деган фикрда.

- Раҳбарни ўлдириш бу қип-қизил бандитизм. Халқаро бандитизм¸ деса бўлади буни. Миллий озодлик ҳаракати, диктаторга қарши ҳаракат қилиб туриб¸ бу ëқда пистирмада Ал-Қоида, мусулмон биродарлар ҳаммаси ҳукуматга келишади. Шунинг учун Ғарб катта хато қилди ҳозир. Ҳар ҳолда Муаммар Қаддафий даврида Ливияда тартиб бўлган эди. Тартиб ўзига хос, мусулмон дини, ҳамма ëқдан ривожланиб келаëтган эди. Халқ фаровон эди, халқ қарши чиқмади бу ëқда. Бу ëқда мана шу бошқа жойдан келган қароқчилар келди. Буларни фақат мана шунақа деса бўлади. Буларнинг асосий мақсади Муаммар Қаддафийни ўлдириш экан. Ҳозир Ливия икки минтақага бўлиниб кетади. Триполитания ва Киренайка. Кўчма халқлар туареглар, бадавийлар, берберлар бор. Буларни қабул қилмайди. Бирпасда тинчитиб қўяди лекин. Ҳозир Ливия бўлиниб кетади, дейди тарихчи олим Гога Ҳидоятов.

Айни пайтда Ливияда Муаммар Қаддафийнинг ўлими Ўзбекистондаги ҳукумат матбуоти назаридан четда қолди.

Ўзбекистонлик журналист Абдураҳмон Ташановга кўра, халқ қўзғолонлари ёки диктаторларнинг бу каби қисмати ҳақида Ўзбекистоннинг етакчи нашрлари ва телеканалларида жимлик одатий ҳолдир.

- Ўша қўрқув фонида, умумий эҳтиëткорлик фонида Ахборот, Давр, қалтис демайман, чунки бунинг қалтислиги қолмади, ўлган ўлди, оқибатлари бутун дунëда расмларигача чиқиб ëтибди. Лекин ҳатто шуни ҳам беришга эҳтиëткорлик қилишади, дейди Абдураҳмон Ташанов.

Миср ва Тунисдаги халқ ғалаëнлари, Суриядаги қонли воқеалар, Мисрда Муборак режими ағдарилиши ва Муборакнинг маҳкамага тортилиши, Қирғизистондаги биринчи ва иккинчи қўзғолонлар, Грузия ва Украинадаги бахмал инқилоблари ҳам ўзбек матбуотида ёритилмай қолган эди.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Ўзбекистонни 22 йилдан бери бошқариб келмоқда.
XS
SM
MD
LG