Линклар

Сурхондарë вилоят ҳокимининг муовини ҳибсга олинди

  • Садриддин Ашур

Ҳоким ўринбосари мустақилликдан жиғилдонини устун қўйганликда айбланмоқда.

Ҳоким ўринбосари мустақилликдан жиғилдонини устун қўйганликда айбланмоқда.

Ҳоким ўринбосари Бахтиёр Худойбердиев текин тарқатилиши шарт бўлган китобларни сотганликда айбланмоқда.

Сурхондарё вилоятининг кадрлар ишлари бўйича ўринбосари Бахтиёр Худойбердиевнинг ҳибсга олингани ҳақидаги хабарни Озодликка, ҳукумат ташкилотларининг бирида ишлайдиган ва исмини ошкор этмаган манба етказди:

- Бахтиёр Худойбердиев мустақилликнинг 20 йиллигига бағишлаб чиқарилган китобнинг ҳар бирини 35 минг сўмдан соттиргани учун қамоққа олинган, дейди Озодлик манбаси.

Манбанинг айтишича, Тошкентдаги “Ўзбекистон” нашриётида чоп қилинган китоб “Ўзбекистон мустақиллигининг 20 йиллиги” деб номланади ва ҳар бир тумандаги давлат ташкилотлари, қишлоқ. маҳалла фуқаролар йиғинлари ва маҳаллий депутатларга бепул тарқатиш учун юборилган.

Ўз исмини билдиришни истамаган Қизириқ тумани маҳалла фаолларидан бирининг Озодликка айтишича, бундан ташқари ҳоким ўринбосари бу китобни яна минг нусхада кўпайтириб, савдо ва қурилиш ташкилотларига мажбурлаб соттирган:

- Бахтиёр Худойбердиев савдо яхши бўлгандан кейин бу китобдан яна минг нусха рангли принтердан копия қилдиртирган. Вилоятда ташкилотлар роса кўп, ўшаларнинг раҳбарларини чақириб олиб, ўшаларга олдиртирган ва пулини чўнтакка урган, дейди маҳалла фаолларидан бири.

Унинг айтишича, айни пайтда Бахтиёр Худойбердиев Миллий хавфсизлик хизматининг Сурхондарё вилояти бўлимида сақланмоқда ва унинг устидан жиноий иш очилган.

Озодлик радиоси бу масалага аниқлик киритиш учун Сурхондарё вилояти ҳокимлигига қўнғироқ қилди.

Ўзини таништирмаган вилоят ходими Бахтиёр Худойбердиевнинг ҳибсга олинганини тасдиқлади. Бироқ унга қандай айбловлар қўйилганидан бехабар эканлигини айтди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG